Рамазон хайитида 5 кун дам оладиган ўзбекистонликлар, Антикоррупция агентлиги деворига коррупцияга атаб чизиб кетилган граффити, ўзини ҳақиқий андижонлик деб билганларни ҳар куни Андижон полкасига рақсга тушишга чақирган ҳоким, туризм бўйича ҳоким ўринбосарларига синов муддати берган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 26 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
1 сентябрдан Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар учун авиа, темир йўл ва автобус чипталарини харид қилиш, меҳмонхона харажатлари, музейлар ва бошқа маданият масканларига ташриф буюриш учун кешбэк тизими жорий этилади. Шунингдек, 1 июлдан «Зиёрат туризми» дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.
Президент келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолига 5 кунлик дам олиш берилишини айтди. Унинг айтишича, Наврўз байрамидаги дам олиш кунларида Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борган. 2022 йилдан давлат ташкилоти ходимларига йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.
Президент раислигидаги туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича видеоселекторда «Андижон полкаси» рақсини ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича таклиф берилди. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан «карвонсарой» барпо этилади. Шунингдек, ҳудудларда туризм кластерлари ташкил этилади.
Президент 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати берди. Шунингдек, давлат раҳбари қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқлигини таъкидлади. Мутасаддиларга туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш энг устувор вазифа этиб белгиланди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 25,03 сўмга пасайиб, 11 221,87 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Давлат божхона қўмитасида Божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлаш божхона режимини такомиллаштириш бўйича бошқарма ташкил этилди. Шунингдек, божхона ҳудудида қайта ишлаш режими соддалаштирилади.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Равшан Ибрагимов Эгизбулоқдаги селга аввалига дўл, унинг ортидан кучли ёмғир ёғгани сабаб бўлганини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли эса тоғда «Huaxin» цемент заводи карьер учун йўл қурган ва сой йўлида дамба ҳосил қилган деган фикрда. «Газета.uz» ушбу масала юзасидан суриштирув олиб борди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Отабек Чориев Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Президентнинг тегишли қарори билан Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев ва Ботиржон Шахриёров туризм ва маданий мерос вазирига ўринбосар этиб тайинланди.
Uzbekistan Airways Бухородан Истанбулга мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди. Парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида фуқаро ўз томорқасида 55 туп кўкнори етиштираётгани аниқланди. Бу апрель ойида ушбу туманда аниқланган иккинчи ҳолат.
Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятда «Андижон полкаси» ойлигини эълон қилиб, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ўзини ҳақиқий андижонлик деб билган барчани бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишга чақирди.
UzAuto Motors биринчи чорак якунлари бўйича 619 млрд сўм соф фойда кўрди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 фоизга кўпдир.
Халқаро космик станцияга илк тижорий парвозни амалга оширган Axiom рейси Ерга қайтди. Ах-1 миссияси муваффақиятли деб топилди. Axiom Falcon ракеталари ёрдамида бир қатор янги парвозларни режалаштирмоқда.
Ҳисоб палатаси 133 та вазирлик ва идоралар томонидан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминловчи маълумотларни веб-сайтларга жойлаштирилганини ўрганди. Якунда 2021 йилнинг III чорагида 91 та, IV чоракда 54 та ташкилот очиқ маълумотларни умуман жойлаштирмагани аниқланди. Илк бор 2 та ташкилот раҳбари суд қарори билан маъмурия жавобгарликка тортилди.
Рассом Inkuzart Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳовлисининг ташқи деворига «Коррупция» мавзусидаги граффитини чизди. Агентлик директори Акмал Бурхонов арт-объектни қўллаб-қувватлаб, уни «муросасиз креатив ёндашув» деб атади ва аҳолини коррупцияга қарши фаол курашишга чақирди.
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Муса Жаманбаев иш бошлади. Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов қабул қилиб олди.
Самарқанддаги меҳмонхонада 4892 дона «Репаген» кучли таъсир қилувчи дори воситасини $7500 ва 4,5 млн сўмга сотишда гумон қилинган шахслар ушланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг