Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тиббиёт ходимларига ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юришга тақиқ олиб ташланди.
Коррупцион схемаларнинг давлат, жамият ва тадбиркорликка етказадиган зарари мамлакат ривожланишига тўсиқ бўлади. ТДЮУ «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири Хусаин Раджапов давлат харидларида учраши мумкин бўлган коррупцион схемаларни таҳлил қилди ва ушбу қоидабузарликларга қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирди.
Ўзбекистон январь-февраль ойларида қиймати 5,9 млн долларлик 228 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг 95 фоизга яқини Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 150 тага кўпроқ электромобиль олиб келинган.
Олмалиқда корхона раҳбари текшириш учун берилган 219,2 млн сўмлик 30 та насос агрегатини яроқсизлиги тўғрисида сохта далолатномаларни расмийлаштириб, ўзлаштиргани аниқланди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг таровиҳ намозларида хатм қилинадиган Қуръони карим тақсимоти жадвалида таровиҳ намозлари 1 апрелдан бошланиши кўрсатилган. Бу — Рамазон ойи 2 апрелдан кириб келишини англатади. Бироқ Ўзбекистонда Рамазон ойи қачон бошланиши ҳақида расмий хабарлар эълон қилингани йўқ. Қорақалпоғистонда эса Рамазон 2 апрелдан бошланиши расман маълум қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Навоий ва Қашқадарёда сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда чорвачилик тармоғига иқлимий инвестицияларни молиялаштириш бўйича қўшма ишларни амалга оширишга қаратилган иккита битим имзоланди.
Давлат экология қўмитаси 10 та электромобиль харид қилди ва келажакда барча хизмат машиналарини электромобилларга алмаштиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим жанговар тайёргарлик ва мудофаа саноати соҳасидаги шериклик масалаларини ҳам қамраб олади.
«Ўзбеккосмос» май ойида Тошкентда Марказий Евроосиё минтақасидаги биринчи Space Technology Conference ўтказади. Унда космик фаолият соҳасидаги етакчи компаниялар — Maxar, SpaceX, Viasat (АҚШ), Airbus (Франция) ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этади.
Президент ташаббуси билан Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси барпо этилиши режалаштирилмоқда. Унда университет, IT-парк, турар-жой бинолари, мактаб, болалар боғчаси ва спорт мажмуаси бўлади.
Зангиота тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари қидирувга берилди. У ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлиги каби жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Италиянинг Сардиния оролида россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг мол-мулклари мусодара қилинди. Жумладан, тадбиркор 17 млн евролик вилласи ва 66 млн евролик активлари бўлган олтита компаниясидан айрилган. Шуниндек, пулемёт ва қўл гранаталари ҳужумларига бардошли қиймати 600 минг доллардан зиёд Mercedes Maybach S650 Guard VR10 автомобили ҳам олиб қўйилгани айтилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги 9 ва 11-синф битирувчилари учун якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхатини эълон қилди.
Шавкат Мирзиёевни Туркияга таклиф қилган Режеп Таййип Эрдоған, тергов вақтидаги қийноқ учун зарарни давлат тўлаб бериши, имтиҳон қоидаларини бузган абитуриентлар 5−7 йилгача тестдан четлатилиши мумкинлигини, Самарқандда ўзини ётоқхонанинг 9-қаватидан ташлаб, жонига суиқасд қилган талаба қиз, контактсиз тўлов карталарини тақдим этган Uzcard, Сирдарёда аниқланган ноқонуний майнинг ферма ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 30 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
30 март куни Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған ҳамда уларнинг рафиқалари Хоразмга ташриф буюрди. Давлат раҳбарлари биргаликда Хивадаги қадимий обидаларни, жумладан Ичан қалъани зиёрат қилди.
Қозоғистон карантин чекловлари туфайли Нукус-Бейнеу ва Олмаота-Тошкент йўналишларидаги поездлар ҳаракатини қайта тиклаш муддатини кечиктирди.
Тошкентдаги уйлардан биридаги цемент қопланган мозаикани тозалаш бошланди. Ҳокимлик баёнотига қарамасдан, мозаикаларни барибир бўяш режалаштирилган эди. Бироқ жараён жамоатчилик аралашуви сабабли тўхтатиб қолинди.
Ҳукумат Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишни тубдан яхшилаш бўйича йўл харитасини тасдиқлади. Кўллардаги экологик вазият мониторингини ўтказиш, уларга ташланаётган коллектор-дренаж сувлар сифатини ўрганиш, қирғоқларда ўрмонзорлар барпо этиш белгиланди. Декабрда бўлиб ўтган Сенат йиғилишида кўллар тизимидаги сув ҳажми камайиб, экологик муаммолар ортиб бораётгани қайд этилган эди.
30 март кунидан амал қилувчи курсларга кўра, 25 февралдан бошлаб ҳисоблаганда рублнинг энг кўп мустаҳкамланиш ҳолати кузатилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров рубль курсининг мустаҳкамланиши сабабларини келтириб ўтди. Рус иқтисодчиси Дмитрий Полевойнинг фикрига кўра, рубль курси олдинги 70+ [бир доллар учун рубль] даражасига қайтиши мумкин. «Бунинг учун ҳеч қандай техник тўсиқлар йўқ», — деди у.
Рублнинг сўмга нисбатан расмий курси 7,51 сўмга кўтарилиб, 136,08 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам яна кўтарилди. Доллар курси эса 11 400,21 сўмгача арзонлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг