БМТ бош секретари Антониу Гутерриш Россия Украинада олиб бораётган ва оқибатлари бутун дунёда сезилаётган «бемаъни урушни» тўхтатишга чақирди. «Украина халқи ҳозир ҳақиқий дўззахда яшаяпти», маҳсулотлар, энерготашувчилар ва ўғитларга нархларнинг ошиши эса «катта миқёсдаги озиқ-овқат дефицити ва очликка олиб келиши мумкин», дея огоҳлантирди у.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Татаристон президенти Рустам Минниханов «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг очилиш маросимида қатнашишди. Технопарк Қозондаги «Химград» технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Таниқли хонанда Севара Назархон 25−28 март кунлари Халқаро форумлар саройида концерт беради. «Газета.uz» билан интервьюда у янги дастури ҳақида сўзлаб, ота-онаси, телевизион танловлар, ўзига бўлган мустаҳкам ишончнинг аҳамияти ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Ўзбекистонда 22 март куни 7 нафар фуқарода коронавирус қайд этилди. Бу 2020 йил апрель ойидан бери энг паст кўрсаткич. Янги беморлар Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида аниқланган.
Ўзбекистон компаниялари Ақтау денгиз порти орқали халқаро юкларни яқин ва узоқ хорижий мамлакатларга юбориши мумкин бўлади.
Муқимий номидаги давлат мусиқали театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида вафот этди.
Москванинг Лефортово суди мухолифатчи Алексей Навальнийни «фирибгарлик» ва «судни ҳақоратлаш»да айбдор деб топди ва уни 9 йилга оғир режимдаги колонияга ҳукм қилди. Сиёсатчи 1,2 млн рубль миқдорда жарима ҳам тўлайди.
Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази очилди. Марказ инклюзив туризмни ривожлантириш ва ногиронларнинг ҳаракатланиги учун шароит яратишга кўмаклашиш йўналишларида иш олиб боради.
Наврўз куни Қўқон шаҳридаги масжид имом-хатиби ва унинг тўрт нафар оила аъзолари номаълум этиологияли заҳарланиш натижасида вафот этган. Мутахассислар буни ис газидан заҳарланиш, дея тахмин қилмоқда.
Москва суди қарори билан Meta компанияси экстремистик ташкилот деб тан олинди, Facebook ва Instagram Россияда тақиқланди. Эндиликда россияликлар ушбу ижтимоий тармоқларда реклама сотиб олишса, бу экстремистик ташкилотни молиялаштириш деб қаралиши мумкин. WhatsApp мессенжерига тақиқ қўйилмади.
Қозоғистонда Ўзбекистон ҳудуди орқали 1,6 млрд сўмлик 6 та «иномарка"ларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди. Машиналарнинг тегишли ҳужжати бўлмаганлиги айтилди. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси машиналар Тожикистондан олиб кирилганлиги ва мамлакат ҳудудидан ўтаётганда барча ҳужжатларга эга бўлганлигини таъкидлади.
24 февралдан 20 мартгача Украинадаги урушда 925 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 1496 нафари яраланди. Бу БМТ тасдиқлаган рақамлар, бироқ ҳақиқий рақам бундан ҳам юқори. 10 млн украиналиклар ёки бутун мамлакат аҳолисининг тўртдан бири уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг 3,5 млнга яқини мамлакатдан чиқиб кетган.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан табриклар алмашишди. Шунингдек, Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Кремль яна бир маротаба Шавкат Мирзиёев Россиянинг «позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан фикр билдирганини» маълум қилди.
Бортида 132 киши бўлган Boeing-737−800 Хитой жанубида қулаб тушди. Қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 8,7 млрд доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,01 млрд доллар ёки деярли 85 фоизга кўпроқ. Экспорт ҳажми 4,1 млрдга етган, бунда олтин экспортининг улуши 57,7 фоизни ташкил этган. Импорт ҳажми эса 4,6 млрд долларни ташкил қилган, автомобиллар импорти 7,1 баробарга кўпайган.
Аҳрорбек Ғуломовнинг «Аҳрорбек дорбоз» труппасига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан артистлар йиғилган бўлиб, олти йилдирки акробатлар ва масхарабозларнинг чиқишлари билан томошабинларни ҳайратга солиб келмоқда. Дастурнинг мағзи — дорбозлар. Кўчма цирк қандай яшайди, артислар қадимги анъаналарини нима учун сақлаб келмоқдалар ва ушбу анъаналар замирига долзарб муаммолар қандай қилиб сингдирилган — «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам фоторепортажида.
Наврўз байрамини нишонлаш кўп асрлардан бери анъанага айланган. Баҳорни халқ сайиллари, санъаткорлар ҳамда дорбозларнинг чиқишлари билан қарши олиш урф бўлган. «Газета.uz» 1970−1990 йиллардаги архив фотосуратларини тақдим этади.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Наврўз сайллари бўлиб ўтди. Тошкент шаҳридаги сайллардан бири — «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам фотосуратларида.
Самарқанд шаҳридаги «Golden Kids» хусусий боғчасида болаларга игна тиқиб, уларни қўрқитиб келган тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ҳолатни ўрганмоқда.
Самарқандда очиқ китоб кўринишидаги замонавий аэропорт мажмуаси очилди. У соатига 800 кишига хизмат кўрсатиш ва ҳафтасига 120 рейсларни қабул қилиш салоҳиятига эга. Бошқа аэропортлардан фарқли равишда, терминалга автомобилда келиш мумкин, бино эса тўсиқлар билан ўралмаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг