Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувга 25 мингта савол келиб тушгани, шундан 60 фоиздан кўпроғи шахсий саволлар эканлигини таъкидлади. «Нима учун бу учрашув чўзилди? 85% муаммолар аввал ҳал қилинди. Албатта, ҳамманинг ҳам саволини бирданига ҳал қилолмаймиз. Билим билан, вақт билан ечилади», — деди у.
Тошкентнинг Учтепа туманида дарахт қулаши натижасида 6 та машинага шикаст етди. Ҳозирда вазият оқибатлари бартараф этилмоқда.
1 апрелдан Нукусдан Қозоғистоннинг Бейнеу шаҳрига (Манғистау вилояти маркази) йўловчи поезд ҳаракати тикланмоқда. Поездлар ҳафтасига уч маротаба ҳар иккала томондан ҳаракатланади. Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.
19 мартдан бошлаб Давлат хизматлари марказларида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати вақтинча тўхтатилди. Давлат хизматлари агентлиги буни техник ва профилактика чоралари билан изоҳлади. Бундан ташқари, эски гувоҳномаларни янгисига алмаштириш муддатини 2023 йил охиригача узайтириш режалаштирилмоқда.
Март ойининг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. У пул ўтказмаларининг қисқариши аҳоли даромадлари ва уларнинг кредит тўлаш қобилиятига таъсир қилиши мумкинлигини тан олди.
Март ойи бошидан бери биржа савдоларида шакар нархи 21,6% га кўтарилиб, бир килограми учун 10 минг сўмдан зиёдга етди. Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида шакар заводлари томонидан биржа савдосига қўйиладиган шакар ҳажми ўртача 30 фоизга оширилди. Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда, мамлакатлар расмийларининг маълум қилишича, спекуляциялар ва сунъий равишда юзага келтирилган танқислик натижасида мазкур маҳсулотга бўлган талаб борасида ажиотаж кузатилмоқда.
Ўзбекистон Украинанинг мустақиллигини тан олишини айтган Абдулазиз Камилов, Қашқадарёда янги ташкил этилган Кўкдала тумани, дори воситаларини реклама қилиши тақиқланган машҳурлар ва шифокорлар, қийноқ қурбонларига етказилган зарарнинг қоплаб берилиши, асосий ставкани 17 фоизгача кўтарган Марказий банк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 17 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзгидромет март ойидаги кучли ва давомий ёғингарчиликлар илгари кузатилмагани, жумладан, республиканинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2−3 марта кўп бўлганини маълум қилди. Ёғингарчиликлар 2−4 кунлик танаффуз билан ой охиригача давом этишини кутилмоқда.
Қашқадарёнинг Чироқчи тумани таркибида янги Кўкдала тумани ташкил этилди. Унга Чироқчидаги 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари яшаётган 32 та маҳалла киритилади ва Еттитом шаҳарчаси туман маркази этиб белгиланди.
Япониядан Ўзбекистонга 201,6 минг доза AstraZeneca вакцинаси гуманитар ёрдам сифатида жўнатилди. Ҳозирда Ўзбекистонда 14,1 млн доза вакцина захираси мавжуд.
Президент фармонига асосан Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги таркибида департамент сифатида қайта ташкил этилади. Вазирликда бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга, ҳаражатлар эса 84,5 млрд сўмга қисқаради. Аввалроқ, вазир Русланбек Давлетов ДХА тизимидаги ходимлар сони қисқаришини эмас, аксинча ортишини айтганди.
Январь-февраль ойларида «Тез ёрдам» хизматига 31,3 мингга яқин асоссиз мурожаат келиб тушган, уларнинг 992 таси ёлғон чақириқлардир. Энг кўп ёлғон мурожаатлар Тошкент вилоятида қайд этилган.
Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун билан машҳурлар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларга ўхшаш шахсларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда. Шунингдек, рекламаларда болаларни хавфли ҳолатларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш ҳам ман қилинади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатда Фуқаролик кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.
1−15 март кунлари ичида республикада 7,8 млн куб метрдан зиёд табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу 583 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг.
Марказий банк асосий ставкани девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида йиллик 17 фоизга оширди. МБ иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун яна қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.
Февраль ойида бирламчи бозордан 28,8 минг, иккиламчи бозордан эса 99,6 минг дона автомобиль сотиб олинди. Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони ўтган ойга нисбатан 13,4 фоиз, бир йил аввалгига нисбатан эса 149,2 фоизга ўсган. Хорижий автомобиллар олди-сотди шартномалари сони ҳам 2,7 баробарга ортган.
Сенатининг навбатдаги мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини маъқуллади. Мажлисда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги кодекс таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги таъкидланди. Сенат раиси Танзила Нарбоева эса янги кодекс «инсон қадрига асосланган"ини айтди.
Марказий банк асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор 2020 йилдан бери асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб турганди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлади. «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг