Олтинсой туманида «Ботош лочини» фермер хўжалиги 44,8 гектар пахта майдонидан 187,4 тонна ҳосил олди. Шартномавий режани 100 фоиз бажарган фермерга Cobalt топширилди.
Термиз шаҳридаги канализация тармоғида содир бўлган йирик авария туфайли ичимлик суви таъминоти уч кунга соат 8:00 дан 20:00 гача тўхтатилди. Қолган вақтларда сув берилиши керак.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда зирҳли техника, дронлар ва ўқотар қуроллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши кераклиги, давлат армияси гибрид урушларга тайёр туриши кераклигини билдирди.
Президент Янги Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Унда асосий эътибор «яшиллик, қулайлик ва тежамкорлик»ка қаратилган. Шаҳар компонентлари лойиҳаси 20 та хорижий компания томонидан ишлаб чиқилмоқда. «Одамлар биринчи ўринда бўлиши зарур», — деди Мирзиёев.
Қирғизистонда миллий паспортларни мустақил тарзда чоп этиш бошланди. Илгари мамлакат ҳар йили чет элдан 1,5 миллионгача ID карта ва фуқаролик паспорти буюртма қилган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Минскда Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаевани қабул қиларкан, мамлакатга ва Шавкат Мирзиёевга муносабати ҳақида гапирди. «Сизда жуда яхши президент бор. Мен унинг кўзларига қараб туриб ҳам айтаман: сенга ишонган халққа панд бермаслигинг керак», — деди у.
Махсус Nis.uz тизимида 2023 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, «Асакабанк» баҳолаш индекслари бўйича ўртача 91,84% натижа билан тижорат банклари орасида биринчи ўринни эгаллади.
Жисмоний шахслар божхонадан декларациясиз олиб ўтиши мумкин бўлган нақд валюта миқдори 70 млн сўмдан 100 млн сўм эквивалентигача оширилмоқда.
Ўқув йили бошида ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукумати ва таълимга боғлиқ томонларни халқаро мажбуриятларни бажаришга, барча болалар, жумладан, ногиронли бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларда сифатли таълимдан фойдаланиш учун тенг имконият, ҳуқуқ ва эркинликлар бўлишини кафолатлашга чақирди.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида эркак қизнинг ортидан келиб, подъездда унга тегиниш мақсадида ҳужум қилди, дея хабар берди Nemolchi.uz лойиҳаси. Тошкент ИИББ бу маълумотни тасдиқлади ва номаълум шахс ҳали қўлга олинмаганини билдирди.
Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишони таъсис этилди. Нишон билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Oson тўлов хизмати қабул қилувчи ва жўнатувчи тўғрисидаги талаб қилинадиган маълумотларни қонунчиликда кўрсатилганидек акс эттирмагани учун жаримага тортилди, дея хабар қилди Марказий банк. Регулятор тўлов ташкилотлари учун халқаро пул ўтказмалари бўйича чекловларга ҳам изоҳ берди.
Ўзбекистонда 2023 йил бошидан буён чиқиндиларни нотўғри жойга ташлаш билан боғлиқ 11 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. Шунинг 600 дан ортиғи онлайн кузатув камералари орқали қайд этилган.
Ўзбекистон банклари тўлов тизимларининг трансчегаравий транзит операцияларини тўхтатиш бўйича МБ қарорини қўллаб-қувватловчи бир хил мазмундаги хабарларни беряпти. Уларда қарор молия тизими ва финтех бозорини хатарлар, жумладан, санкция билан боғлиқ рисклардан ҳимоялашга қаратилгани айтилади.
Oson тўлов хизмати Марказий банк жарима санкциялари иши бўйича барча сўровларни қайтариб олиши ва жаримани тўлашини маълум қилди. Oson 5 сентябрдан мустақил равишда хорижий пул операцияларини амалга оширмаяпти, дея қайд этди компания.
Элликқалъа туманида 13 ёшли қизни қўшни эркак зўрлагани айтилмоқда. Гумонланувчи ушланди, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистонликлар етиштириши мумкин бўлганидан кўпроқ гўшт истеъмол қилади. Чорва моллари яйлов ресурсларига нисбатан кўп. Уларни ортиқча ўтлатиш экотизимлар таназзули ва биохилма-хиллик қисқаришига олиб келади. Зоолог Сергей Загребин яйловларни қандай қилиб тўғри бошқариш мумкинлигини тушунтирди.
Ғиждувон туманида йўл қурилиши сабабли 4 туп манзарали дарахт қўпориб ташлангани аниқланди. Бунинг оқибатида табиатга 50 млн сўмлик зарар этган. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига 400 туп дарахт экиш ва уни парваришлаш мажбурияти юкланди.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўп хотинликни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик, шунингдек, жамоат жойларида шахсини таниш имконини бермайдиган даражада юзни тўсганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Қонунчилик палатаси мажлисида диний расм-русумларга кўра тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ортаётгани билдирилди. Шунингдек, қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган. 2020 йилда 16 564 та шундай ҳолат қайд этилган бўлса, 2022 йилда рақамлар 18 955 тага етган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг