1 майдан Ўзбекистонда «Автомобиль тарихи» давлат хизмати йўлга қўйилади. У автомобилнинг агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, ЙТҲ содир этилганлиги, тақиқ бор-йўқлиги ва бошқа ахборотларни ўз ичига олади. Хизмат нархи БҲМнинг 10 фоизини ташкил этади.
Украинанинг уруш кетаётган ҳудудларидан эвакуация қилинаётган ўзбекистонликлар, пластик карталардан пул ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши, автомобиль олди-сотдисини нотариал расмийлаштирганлик учун давлат божи камайтирилиши, Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси, яшин урган 3 нафар қашқадарёлик ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 9 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қашқадарёда «Шўртангазкимё» МЧЖнинг Ташқи сув таъминоти насос станцияси ходими 6 туп соғлом, 4 туп санитар ҳолатини йўқотган қайрағоч дарахтини таг қисмидан кесиб ташлагани аниқланди. Бунинг оқибатида у табиатга 32,4 млн зарар етказгани айтилмоқда. Унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар судга юборилди.
Қашқадарёнинг қатор туманларида кучли шамол биноларнинг томини учириб, симёғочларнинг қулашига сабаб бўлди. Уч киши жароҳатланди. Аввалроқ, вилоятнинг Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин ургани, улардан бирининг вафот этгани хабар қилинган эди.
Ҳукумат қарори билан Спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси лавозимига Авазжон Каримов тайинланди.
Fitch агентлиги Россиянинг суверен кредит рейтингини «B» дан «С» гача, яъни «дефолт бўлиши муқаррар» даражасига қадар пасайтирди. Компания рейтингни 27 майда қайта кўриб чиқишни мўлжаллаган эди, бироқ мамлакатдаги ҳодисалар сабабли режадан четга чиқишга қарор қилинди. Morgan Stanley таҳлилчилари Россияда апрель ўрталаридаёқ дефолт бошланишини кутишмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари бир қатор давлат божи миқдорларини камайтиришга оид қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Жумладан, ҳужжатда барча автомобилларнинг олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштирганлик учун давлат божини ягона — 810 минг сўм, «гендоверност» учун эса — 540 минг сўм этиб белгилаш назарда тутилган.
Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин урди. Натижада улардан бири вафот этди, қолган иккисига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Эндиликда пластик карталар ва банк ҳисобрақамлардан пул ўғрилаш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 168 ва 169-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутган қонунни қабул қилди.
Ўзгидромет Тошкент шаҳрида яқин 2 соат ичида кучли момақалдироқ билан ёмғир ёғиши, шунингдек шамол тезлиги 12−14 м/сгача кучайишини маълум қилди.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясига иккинчи А321neo NX ҳаво кемаси олиб келинди. Самолёт Тошкент — Лондон, Тошкент — Сеул, Тошкент — Куала Лумпур каби йўналишларда қатновни амалга оширади.
22 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц «Шимолий оқим-2» лойиҳасининг сертификациясини тўхтатди. Кўп ўтмай АҚШ ушбу лойиҳа операторига қарши чекловлар қўйгани маълум қилинди. 24 февраль куни Россия Украинада «махсус ҳарбий операция» эълон қилганлиги ортидан эса газ нархлари кескин ошишни бошлади. Айни вазиятда Европа ва Россиянинг энергетика соҳасидаги кўплаб мутахассислари Европанинг Россия газисиз яшай олиш имкониятини таҳлил қилишмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Россиядан нефть, газ ва кўмир импорти тақиқланганини маълум қилди. Уран импорти эса давом этади. Шунингдек, Британия ҳам 2022 йил охирига бориб Россия нефтини импорт қилишни тўхтатади. Ушбу қарорлар ортидан дунёда энерготашувчилар нархларида жиддий ўсишлар кузатилди.
Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Дунё» ахборот агентлиги номи ўзининг аввалги «Жаҳон» номига қайтарилади. Агентлик ушбу қарорни «Дунё» ёки унга ўхшаш номларга эга кўплаб тузилмалар пайдо бўлгани билан изоҳлади.
Пойтахтнинг Яшнобод туманидаги 100 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қурилади. Унинг марказида олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Мусобақалар бўлмаган вақтда эса шаҳарчада Олий спорт маҳорати институти, спорт федерациялари фаолият олиб боради. Янги Ўзбекистон кўчасида дарахтлар экилиб, сайилгоҳ ташкил этилади (фото).
Uzbekistan Airways «йўловчилар орасида талабнинг ортиши» муносабати билан Тошкентдан Москва ва Санкт-Петербургга қўшимча рейсларни жорий қилмоқда.
Россия Марказий банки 9 сентябрга қадар фуқароларга нақд валюта сотишни тақиқлади. Россияликлар банклардаги ҳисоб-рақамларидан 6 ой давомида 10 минг доллардан ортиқ валюта еча олишмайди. Ундан ортиғи фақат рублда берилади.
Украинадан Польша орқали эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 5037 нафарга етди. Суми шаҳридан 23 нафар талаба эвакуация қилинган. ТИВ эвакуация ишларида асосий эътибор уруш ҳаракатлари кузатилаётган чекка ҳудудларда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилганини маълум қилди.
15 мартдан бошлаб Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти одатдаги иш режимига ўтказилмоқда. Тожикистон ҳукумати МДҲ давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон томонидан берилган коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни расман тан олишни бошлади.
Чоршанба куни Ўзбекистон COVAX дастури доирасида коронавирусга қарши 2 млн 257,6 минг доза Moderna вакцинасини қабул қилиб олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг