ССВ 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганини маълум қилди. 8 январь ҳолатига COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари рекорд даражада қайд этилиб (369 та ҳолат), умумий касалланишлар сони 200 мингдан ошди.
COVID-19`га қарши кураш бўйича махсус комиссия карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Барча ташкилотларга ходимларни фақат эмланганидан кейин иш жойига киритишга рухсат берилади. Давлат органларига ҳар қандай тадбир ўтказиш тақиқланади. Аҳолини тўлиқ эмлаш жараёни жадаллаштирилади.
Туркманистон президенти 50 йилдан кўпроқ вақтдан бери ёниб турган «Дўзах дарвозаси» газ кратерини сўндиришни буюрди.
Ўзбекистонда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 13,2 фоизга ошиб, 498 минг сўмни ташкил этди. Минимал истеъмол харажатларининг оширилиши натижасида айрим турдаги пенсия ва нафақалар миқдорлари ҳам камида шу суммага етказилиши кутилмоқда.
ХТВ мактабларда қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди. Мазкур қарор мактаб раҳбарлари ва педагоглар учун янги Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.
Президент ташрифи чоғида ўрнатилган чекловларга бўйсунмасдан Malibu`га қарши ўқотар қурол ишлатилгани, нархи азонлашган АИ-80 бензини, Ўзбекистонда «омикрон» аниқланмаганини айтган Нурмат Отабеков, Деновдаги портлаш юзасидан Ҳукумат комиссияси хулосаси, Қозоғистондаги вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 8 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда январь ойи бошидан бери 10 мингдан ортиқ истеъмолчи 100 мингга яқин харид чекини кэшбек учун рўйхатдан ўтказди. Фуқароларда йиғилган кешбэк суммаси эса 941 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланмаган. «Бироқ, ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди… Янги штаммнинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас», — деди у.
Ҳукумат комиссияси хулосасига кўра, Денов шаҳридаги «савдо мажмуасидаги чақнашда портловчи моддалар қўлланилмаган». Мажмуа остидан ўтган, бироқ, фойдаланишда бўлмаган қувурнинг 6 та жойидан сизиб чиққан газ бино ичида тўпланган ва портлаш юзага келган. Воқеадан бир кун олдин шаҳар газ таъминоти бўлими ушбу узилмай қолган газ қувури линиясини тармоққа улагани айтилмоқда.
Шанба куни эрталабки биржа сессияси якунларига мувофиқ, АИ-80 маркали бензиннинг нархи 6,3 фоизга пасайиб, бир тонна учун — 7,47 млн сўмни ташкил қилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги БҲМнинг 8500 баравари миқдоридаги — 2,3 млрд сўм захира маблағларини тўлдирмаганлиги сабабли учта хусусий бандлик агентлиги лицензиясини вақтинча тўхтатди.
ФВВ Деновдаги савдо мажмуасида юз берган портлаш оқибатида жами 226 та кўчмас мулкка 22,6 млрд сўмлик зарар етганини маълум қилди. Талофат кўрган биноларнинг 25 таси яроқсиз деб топилган, шундан 13 та хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, уйлари таъмирлаб берилмоқда.
Бананли крамбл, қатламачалар, шоколад ва бананли маффинлар, шоколад ва ёнғоқ солиб пиширилган бананли нон, печеньелар ва қуймоқлар — Zira.uz бананли ширинликлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев пойтахтда эканлиги ва президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан алоқада бўлиб тургани айтилмоқда. Унинг матбуот котиби Айдос Укибайнинг ёзишича, элбоши барчани Қозоғистон президенти атрофида бирлашишга чақирган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов талабалар учун қишки таътил 24 январгача узайтирилгани ортидан ОТМларда ўқув ҳафталари чўзилмаслигини маълум қилди. Янги кредит-модул тизими туфайли талабалар иккинчи семестрда 15 ҳафта ўқийди, илгари 19−20 ҳафтани ташкил қилган.
Давлат рақамисиз бўлган Malibu ҳайдовчиси президент ташрифи чоғида ўрнатилган чекловларга бўйсунмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари машинага қарата бир неча маротаба ўқ узишди. Ҳайдовчи қўлга олинган. У маст ҳолатда бўлгани айтилмоқда.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилишда айбланиб, ҳибсга олинди. У 6 январь куни истеъфога чиқарилганди.
Навоий шаҳрида сайёҳлар учун қиймати 13,7 млрд сўмлик «Туризм кўчаси» қурилиши бошланди. Лойиҳага кўра, ҳудудга янги гранит тошлари ётқизилади, пиёда ва велосипед йўлаклари, сельфи ҳудудлар, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун овқатланиш жойлари бунёд этилади.
Қозоғистон — Ўзбекистоннинг учинчи рақамли йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Қўшни мамлакатдан катта ҳажмда нефть маҳсулотлари, дон, чўян, пўлат ва бошқа товарлар импорт қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон учун Қозоғистон автомобиль, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар экспорти учун муҳим бозор ҳисобланади. «Газета.uz» икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар қандай тузилганини ўрганиб чиқди.
Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар талаба Нурсултондан Тошкентга қайтарилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг