Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар талаба Нурсултондан Тошкентга қайтарилди.
Меҳнат таътилидан 2 кунда қайтган Шавкат Мирзиёев, номи оқланган 120 нафар қатағон қурбонлари, Ўзбекистоннинг ковид-сертификатларини тан олишни бошлаган Буюк Британия, тухум экспорти чекланганини вақтинча чора дея атаган Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, пиёдани уриб юборган автобус, харид чекини рўйхатдан ўтказиш бўйича қўлланма ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 7 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон Марказий банки ноябрь ойида дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ — 21,5 тонна олтин сотди.
21 январь Ўзбекистон ва Япония миллий терма жамоалари ўртасида ўтиши режалаштирилган ўртоқлик учрашуви бекор қилинди. Бунга Японияда карантин чоралари кучайтирилгани сабаб бўлган. ЎФА айни шу куни бошқа рақиб билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида иш олиб бормоқда.
Олмазор туманида 43-сонли йўналишдаги «ISUZU» русумли автобус светофорнинг қизил чироғида тўхташ пайтида йўл четига йиқилиб тушган пиёдани уриб кетди. Бунинг оқибатида фуқаро воқеа жойида вафот этган. Пиёда маст ҳолатда бўлганлиги айтилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар сабабли мамлакатдаги бизнес 91 млн доллар зарар кўрди. Зарарнинг асосий қисми савдо, умумий овқатланиш, транспорт, хизмат кўрсатиш ва молия секторидаги тадбиркорлик субъектларига етказилган.
Темирйўл кассалари олдида юзага келган навбатлар ва тартибсизликлар ортидан — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 11 январгача харид қилинган чипталарни алмаштириш муддати ҳам 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди. «Ўзбекистон темир йўллари» эса «чипта алмаштириш учун қўшимча тўловлар олинмаслиги ва қўшимча поездлар ҳам йўлга қўйилишини» қайд этди.
1 январдан бошлаб харид чекини «Soliq» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади. Қайси харид чеки ҳақиқий ҳисобланади, харид чекини қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин ва кешбэкни банк картасига ўтказиш ҳақида «Газета.uz» қўлланмасида.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаатида мамлакат маҳаллий ва хорижлик қуролли бандитларга қарши курашишга мажбур бўлганини айтди. Биргина Олмаота шаҳрига 20 минг бандит ҳужум қилган, дея маълум қилди у. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига огоҳлантиришсиз ўлдириш учун ўт очиш буюрилган. Шу билан бирга, тинч муҳит ҳукмрон бўлган ҳудудларда фавқулодда ҳолат аста-секин бекор қилинади, айрим ҳудудларда интернет ёқилади.
Қашқадарё вилояти чегарасида 100 тонна чигит тўхтатиб қолинганига «техник хатолик туфайли таъминотчи корхона уруғлик чигит бериб юборганлиги» сабаб қилиб кўрсатилди. Самарқандлик тадбиркорнинг маҳсулоти 10 кунда етказиб берилиши айтилмоқда. Антимонополия қўмитаси 2020 йилги чигит ишидан кейин ушбу ҳолат Қашқадарёда яна такрорланганини ҳамда вазият ўрганилаётганини маълум қилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тухум экспортига нисбатан чеклов ҳақиқатда жорий қилинганлигини маълум қилди ва буни вақтинчалик чора деб атади. Вазирлик маълумотига кўра, 2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда 20−22 фоизгача ўсган. Аввалроқ Ветеринария қўмитаси тухум экспорти чекланганлиги тўғрисидаги хабарни рад этган эди.
Яқин кунларда ҳаво ҳароратининг совиши, бироқ ёғингарчиликларсиз бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кундузи +10 даража илиқ бўлади, баъзи ҳудудларга туман тушиши мумкин.
Тошкент метрополитени тажриба тариқасида «Чилонзор» метро бекатида ҳожатхона қуришни бошлади, агар бу ўзини оқласа, бошқа бекатларда ҳам тадбиқ этилади. Шунингдек, бекатларда йўл кўрсаткичларини замонавий дизайн асосида босқичма-босқич алмаштириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Женисбек Пиязов жамоатчилик асосида мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди. У соҳада маданият ва санъатни ривожлантиришга ёрдам беради.
Сўнгги икки кун ичида Ўзбекистонда 397 киши коронавирус юқтириб олди, уч киши эса вафот этди. 5 январгача COVID-19`га чалинганлар сони 100 кишидан ошмаётган, 9 кундан бери эса ўлимлар қайд этилмаган эди.
Буюк Британия 10 январдан Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларини расман тан олишни бошлайди. Эндиликда вакцина олган ўзбекистонликлар Англияга кириш учун ПЗР тестини тақдим этишлари шарт бўлмайди.
Олий суд 6 та жиноят иши бўйича сургун қилинган, отилган ва мол-мулки мусодара қилинган 120 нафар қатағон қурбонлари номини оқлади.
1 январдан Навоий кон-металлургия комбинати учтага — акциядорлик жамияти ва иккита давлат корхонасига бўлинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2 кун давом этган меҳнат таътилидан қайтиб, одатдаги тартибда ишлашга киришди. Ўтган йили давлат раҳбари 7 кун давомида меҳнат таътилида бўлганди.
Тез-тез ўчиб турувчи чироқ, печдан тараладиган аччиқ тутун иси, совуқ ҳавода ўчоқда тайёрланган овқат, сандал атрофидаги тушлик. Қишлоқ аҳли қишни қандай ўтказиши — Мадина Аъзам фотоҳикоясида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг