Сурхондарёда Денов туман суди раиси ЙТҲга учрагани маълум бўлди. Оқибатда у жароҳат олиб, машинадаги шериги вафот этган. Хизмат текширувида суд раиси Судьялар одоби кодекси талабларини бузган деб топилган ва ваколати муддатидан аввал тугатилган. Бунинг терговга дахли йўқлиги айтилмоқда.
Қирғизистон пойтахти Бишкекда маҳаллий аҳоли ва хорижликлар ўртасидаги муштлашув меҳнат мигрантларига қарши тартибсиз намойишлар бошланишига сабаб бўлди. Воқеа оқибатида камида 29 киши жароҳатланди.
Сенат давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Мансабдорлар давлат мулкини шартнома тузмасдан ижарага берган, ижарачининг мулкни қабул қилиб олишига асоссиз тўсқинлик қилган ва бошқа ҳолларда жаримага тортилади.
2023 йил август ойидан бери Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ҳокимлик қилиб келган Эркин Муҳитдинов лавозимидан озод этилиб, вилоят ҳокими биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Унинг ўрнини вилоят ҳокими ёрдамчиси Дониёр Мадиримов эгаллади.
Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг авиаҳалокатда вафот этгани муносабати билан мамлакат олий диний раҳбарига ҳамдардлик билдирди.
Ёмғирли ва салқин ўтган дам олиш кунларидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб чоршанбагача қуруқ об-ҳаво ҳукм суради, ҳарорат 24−29 даражагача исийди. Пайшанбадан бошлаб айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғирлар ёғиб, момақалдироқ бўлади.
Сенат Ўзбекистон ва АҚШ Мудофаа вазирликлари ўртасидаги махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат ахборот алмашинуви, ҳарбий-техник ёрдам олиш ва бошқа масалаларни қамраб олади.
Суд 2023 йил охирида Тошкентда ўтказилган «Долзарб 40 кунлик» рейдлари доирасида ушланган яна икки шахсга нисбатан ҳукм ўқиди. Алибек Файзиев 12 йилга ва Олимжон Амонов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Улар гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилди.
Пастдарғом туманида 15 ёшли бола 6-синф қизга севишини айтгани учун қизнинг акаси томонидан «самосуд» қилинди. Йигит боланинг сочи ва қошини қайчи билан қирққан ва тан жароҳати етказган. Самарқанд вилояти ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
Сенатнинг тегишли қарори билан 7 нафар судья Олий суд судьяси этиб сайланди.
Франция Миллий мерос институти ва Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг қўшма дастури доирасида рассом Ўрол Тансиқбоевнинг 18 та асари реставрация қилинди.
Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди, деб ёзмоқда Mehr агентлиги. Унга кўра, президентдан ташқари, ташқи ишлар вазири ҳамда Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори ҳам ҳалок бўлган.
Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида «қаттиқ қўнди». Қидирув ноқулай об-ҳаво шароити ва қоронғилик туфайли мураккаблашган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зарурат бўлса, ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Тармоқларда Ангрен туманида юк поездининг 7 та вагони рельсдан чиқиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳолат хусусий компанияга қарашли темирйўлда, юк тушириш қоидаларига амал қилинмагани оқибатида содир бўлганини билдирди.
Тошкентнинг 6 та туманидаги айрим жойларда 20 май соат 09:00 дан 21 май соат 21:00 гача ичимлик суви бўлмайди. Бу пайтда режали профилактика ишлари амалга оширилади.
Манфаатлар тўқнашуви бўйича қонун Президент администрациясида муҳокамада, даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси эса жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда. «Жараён тўхтаб қолгани йўқ, масала долзарблигини йўқотгани йўқ», — деди Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бурханов.
Яшнобод туманида Gentra автомашинаси ТАПОиЧ кўпригидан пастга қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ва 2 нафар йўловчи шифохонага олиб кетилди. Пойтахт ЙҲХБнинг маълум қилишича, Gentra Monza автомобили билан ҳам тўқнашган.
Тошкент туманида 5 ёшли бола назоратдан четда қолгани сабаб сув крани учун ўрнатилган ўрага тушиб қолди. ФВБ ходимлари уни соғ ҳолда чиқариб, яқинларига топширди.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи чорагида «чиройли» авторақамлар савдоси ўтган йилга нисбатан уч баробар кўпроқ — 212,2 млрд сўмни ташкил этди.
Музработ туманида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Сobalt ҳайдовчиси 2 нафар болани уриб юборди. Оқибатда улардан бири шифохонада вафот этди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг