Қорақалпоғистонда 83 минг доллар эвазига ўқишга кира олмаган абитуриентларнинг балларини кириш балларига тенглаштириб, 29 нафар абитуриентни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 560 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 5 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, пайшанба куни 134 кишида пневмония қайд этилди, 1 нафар пневмония бемори вафот этди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ иқлим инқирозини енгиш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Унда айтилишича, иқлим ўзгариши минтақада сув мавжудлигига салбий таъсир кўрсатиб, чўлланиш ва тупроқ деградациясини тезлаштирмоқда.
Биринчи ярим йилликда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2 миллиард долларга ошиб, 35,9 млрд долларга етди. Умумий ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати эса 57 фоизни ташкил қилди.
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги хусусий уйлардан бирида беш талабанинг ис газидан заҳарланиб вафот этгани тўғрисидаги иш бўйича суд ҳукми ўқилди. Ижарага берган аёлга уч йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг президент сайловлари бўйича сўрови, «Олмазор» — «Сергели» метро йўналишида поездлар қатнови вақтинча тўхтатилиши, академик лицейлар учун мандат эълон қилиниши — «Газета.uz»нинг 23 сентябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида президент матбуот котиби Шерзод Асадов MIR21YOYEV ёзуви туширилган футболкада бўлган суратлари эълон қилинди. МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг таъкидлашича, қонунчиликда нима кийиш белгиланмаган ва бу бўйича эътироз билдириш ноўрин. МСК доимий аъзоси Худоёр Маматов футболка «ташвиқот материали» саналмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, МСК раиси ўринбосари амалдаги президентлик билан номзодлик ўртасидаги чегара ҳеч қайси давлатда аниқ белгиланмаганлигини қайд этди.
Жазоирнинг Марокаш учун ўз ҳаво маконини ёпгани, АҚШга эвакуация қилинган афғон қочқинларининг ёмон шароитларда яшаётгани, Украинада олигархлар тўғрисида қонун қабул қилингани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Франциянинг Veolia компанияси 30 йил давомида Тошкентнинг иссиқлик таъминоти тизимини бошқаради. Компания пойтахтнинг икки туманида синов лойиҳасини амалга оширмоқда. Тарифлар иситиш тизимини модернизация ва реконструция қилиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва ҳар йили 1 майгача кенгаш томонидан тасдиқланади. Пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида етказилган зарарлар маҳаллий бюджет субсидиялари ҳисобидан қопланади.
ОТБнинг 2021 йилги янгиланган прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. ОТБ 2021 ва 2022 йиллар учун инфляция прогнозларини мос равишда 10 ва 9 фоиз даражасида сақлаб қолди. Шунингдек, жорий ҳисоб дефицити бўйича прогнозларини оширганини маълум қилди.
IKEA компанияси Ўзбекистонда товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза юборди. Компаниянинг аризаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳомиладор аёл ўзини зўрламоқчи бўлган қўшни эркакни пичоқлаб ўлдирди. Аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Аввалроқ эркакнинг яқинлари прокурор билан учрашиш учун ғалаён кўтарган эди.
Президент 1 октябргача «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 2022 йилдан ички йўлларни таъмирлашга ажратиладиган 50 фоиз маблағ «Очиқ бюджет» ахборот порталида аҳоли кўп овоз берган ҳудудларга йўналтирилади.
«Миллий тикланиш» демократик партияси номзоди Алишер Қодиров ўз сайловолди дастурини эълон қилди. Президентликка номзод боғчаларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши, олий таълим давлат тасарруфидан чиқарилиши, монополияларни тугатиш, ислом молиялаштириш тизимини жорий қилиш ва Алимент фондини ташкил қилиш сингари таклифларни илгари сурди. Номзоднинг тўлиқ дастури.
«Менинг юртим» телеканали кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси аъзоларига тегишли бўлган кинофильмларни рухсатсиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Тошкент шаҳрида метрода 13 ёшли қизга беҳаё ҳаракатлари учун қидирувда бўлган эркак қўлга олинди. Фуқаро илгари бир неча жиноятларни содир этганлиги учун судланган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,05 сўмга пасайиб, 10 670,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Олий таълим вазирлиги республика ОТМлари тасарруфидаги академик лицейларга кириш имтиҳонларининг якуний натижаларини эълон қилди.
«Олмазор» — «Сергели» йўналишида поездлар қатнови 25 сентябрь соат 21:00 дан 26 сентябрь соат 07:00 гача вақтинча тўхтатилади. Метрополитен йўловчилари ушбу йўналишда йўлга қўйиладиган автобуслардан йўл кира хаққисиз фойдаланиши мумкин.
Январь-август ойларида ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва канализация тизимларига 2798 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузарликлар оқибатида давлат бюджетига жами 8,4 млрд сўмлик зарар етказилган. Тошкент шаҳрида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда қарздорлик туфайли тармоқдан узилиш ҳолатларининг 90 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг