Пойтахтда Nexia ва тез тиббий ёрдам автомашинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда Ford русумли тез тиббий ёрдам автомобили йўловчиси шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларининг ўн иккинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар енгил атлетика, каноэда эшкак эшиш, бокс ҳамда эркин кураш беллашувларида қатнашишди. Мусобақанинг навбатдаги кунини Ўзбекистон медалсиз якунлади. Шундай бўлса-да, боксчи Баҳодир Жалолов Олимпиада финалига чиқди ва олтин медал учун курашни давом эттиради.
5−6 август кунлари Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида иштирок этади. Президентлар минтақанинг ривожланиши, энергетика ва транспорт соҳасида ҳамкорлик, пандемияга қарши кураш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишади.
Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникада фуқаро нотўғри ташхис қўйганликда шифокорни айблаб, у билан муштлашиб кетган. Шифокорнинг юз, бош ва қўл қисмига жароҳатлар етказилган. «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
«Салар» канали бўйида ва Тошкентдаги сув тозалаш иншооти яқинида жойлашган баъзи ишлаб чиқариш объектлари ва қорамол кушхоналари Олмалиқ ва Оҳангарондаги махсус саноат зоналарига кўчирилади.
Долларнинг расмий курси 11,98 сўмга пасайди ва жами 10 635,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам бироз пасайди.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзаков Туркманистонда Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. Томонлар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларнинг киришини соддалаштириш ва савдо айланмаси ҳажмини 1 млрд долларга етказиш масалаларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, Ўзбекистон — Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналарини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Cентябрдан бошлаб Германия кекса ёшдагилар ва хавф ости гуруҳида бўлганларга коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозасини таклиф қила бошлайди. Бундан олдин қайси вакцина билан эмланилганидан қати назар, Pfizer/BioNTech ёки Moderna вакциналари қўлланилади.
Вилоят ҳокимликларида аҳоли мурожаатларини ҳал қилиш учун «Тезкор штаблар» ташкил этилади. Уларнинг фаолиятига ҳокимлар раҳбарлик қилади. «Ҳар бир ҳокимнинг кабинети „халқ қабулхонаси“ бўлади», — деган эди Шавкат Мирзиёев 23 июль куни ушбу масалаларга оид видеоселекторда.
Бирор юқумли касалликка шифо топиш, вакцина яратиш — жуда катта масъулият ва тажрибани талаб этади. Чунки бир доза препарат билан ёки инсонни нормал ҳаётга қайтариш, ёки бирор ножўя таъсир билан нохуш ҳолатларга олиб келиш мумкин. Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўлланилаётган 5 та вакцина муаллифлари ва вакциналар қандай яратилганлиги ҳақида «Газета.uz» мақоласида.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади. Партия президентлик сайловларида илк бора иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида коррупция, наркотик моддаларни ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланди.
Қува тумани ИИБ 11 ёшли боланинг амакиси томонидан жинсий тажовузга учрагани тўғрисидаги хабарни текширмоқда. Фарғона вилоят прокуратураси ишни назоратига олди.
Президент видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот учун мурожаатларни қабул қилиш муддати 10 августгача узайтирилганини маълум қилди. Шу боис, учрашув келгуси ҳафта ўтказилиши айтилди. «Ким тизимдаги муаммони билади? Бошидан ўтказган билади», — деди у. Мутасаддиларга ҳеч бир мурожаатни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик бўйича топшириқ берилди.
Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Токио-2020 Олимпия ўйинларининг финал босқичига йўл олди. Унга финалда АҚШ вакили Ричард Торрес рақиблик қилади.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 923 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 8 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, сешанба куни 542 кишида пневмония қайд этилди, 4 нафар пневмония бемори вафот этди.
Ўзбекистон кўмаги билан Туркистон шаҳрига кираверишда 5 минг кишига мўлжалланган масжид қурилмоқда. Унинг умумий майдони 20 минг квадрат метрни ташкил қилиб, қурилиш ишлари кейинги йил якунланиши режалаштирилган.
Президент видеоселекторда хизмат кўрсатиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошганини маълум қилди. «Энг камида 35−40 фоиз бўлади деб ўйлагандим», — деди у. Навоий, Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Қорақалпоғистонда соҳа ривожи ўртача кўрсаткичларидан паст даражада эканлиги танқид қилинди.
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг 12-кунида тўртта спорт тури бўйича 6 нафар ўзбекистонлик иштирок этади.
Сешанба кунги видеоселекторда президент Ўзбекистондаги шароити энг оғир маҳаллаларни ривожлантиришга 100 млн доллар ажратиш бўйича топшириқ берди. «Қарорга бугуноқ қўл қўйиб беришга тайёрман», — деди у. Қолаверса, йил якунигача жамоат транспорти етиб бормаган 1113 та маҳаллани ҳам қамраб олиш зарурлиги айтилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг