Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Франциянинг Suez International ўртасида Тошкент учун сув ҳисоблашнинг интеллектуал тизимини жорий қилиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Коррупцияга қарши кураш бўйича янги президент фармони лойиҳаси, Олий таълим вазирига янги тайинловлар, Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳамкорлик бўйича 12 та ҳужжат имзоланиши, Қозоғистон полиция хизмати 86 та янги Cobalt автомобили сотиб олиши — «Газета.uz»нинг 23 июндаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари телефон орқали мулоқотда Марказий Осиёда қарор топаётган вазият юзасидан фикр алмашиб, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
MilaWall шоурумнинг очилишида меҳмонларга ёрқин кўнгилочар дастур ва декоратив бўёқ ва сувоқнинг имкониятлари намойиш этилди.
Пандемия пайтида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни қайтариш учун иккита махсус поезд рейслари йўлга қўйилади. Поездлар 25 июнь куни Волжский-Тошкент, 28 июнь куни Москва Казанский-Тошкент йўналишида ҳаракатни амалга оширади.
Президент қарори лойиҳасига кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшимча чораларни амалга ошириш кутилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш қатъиян тақиқланган мансабдор шахслар ва ходимлар рўйхатини белгилаш, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви сабабли шартномалар ҳақиқий эмас деб топиш, давлат органларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ва бошқа чоралар таклиф этилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг бошқармалари (завод), корхона ва нефть базаларида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та ҳолатда қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланган. Жумладан, корхоналардан биридаги бош технологнинг 5 та қариндоши қўл остидаги асосий ишлаб чиқариш цехида ишлаши, бошқа бир энергетикнинг 4 та қариндоши қўл остидаги электр таъминот цехида фаолият юритиши маълум бўлди.
Долларнинг расмий курси 9,48 сўмга пасайди ва жами 10 571,88 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз кўтарилди.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари ўртасидаги йиғилиш натижасида кадастр, логистика, божхона, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Россиянинг «Лукойл» компанияси Ўзбекистон билан қўшма лойиҳалар учун 12 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бунгача компания Ўзбекистоннинг энергия салоҳиятини ривожлантиришга 8 млрд доллар инвестиция йўналтирган эди.
21 июнь куни толибон Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пунктини эгаллади, 134 нафар афғон ҳарбийлари қўшни давлат ҳудудига чекинди. Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатлар ўртасидаги чегара линиясидаги вазиятни кескин деб баҳоламоқда.
2022 йил бошидан давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши кутилмоқда. Бунда фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкнинг келиб чиқиш манбаси тасдиқланади. Декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
Президент фармони лойиҳасига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган мансабдор шахсларга жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. Антикоррупция агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилади. 2022 йил 1 январга қадар «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Адлия вазирлиги коррупцияга қарши кураш бўйича президент фармони лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Унга кўра, коррупцион жиноятни содир этганларнинг очиқ электрон реестрини юритиш, уларнинг давлат хизматида ишлаши ва сайловларда қатнашишини тақиқлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг кучайтирилиши кутилмоқда.
Тошкент хорижлик мутахассислар (экспатлар) яшаши учун энг арзон шаҳарлардан бири деб топилди. Ашхобод ва Ҳонгконг эса яшаш учун энг қиммат шаҳарлар деб топилди.
Комилжон Каримов олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори Раҳим Хакимов вазирнинг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
2021 йилнинг биринчи беш ойида Ўзбекистонга хориждан 205 та электромобиль импорт қилинган. Импорт қилинган электромобиллар учун 4,6 млн АҚШ доллари сарфланган. Электромобилларнинг 95% Тошкент шаҳрига олиб келинган.
Қашқадарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи мухбир қизни матбуот котиби сифатида ишга олиш учун ўзи билан «бир кечага қолишни» таклиф этган. Мухбир қиз раҳбар олдинроқ ҳам шунга ўхшаш таклифлар билдирганлигини таъкидламоқда. Бошқармадаги ходимлардан бири қизга тинч юришини, раҳбарнинг укаси «катта жойда ишлашини» айтган. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби ушбу ҳолат бўйича суриштирув бўлаётганлигини маълум қилди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясига аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилганлигини маълум қилди.
Кеча Ўзбекистонда 419 нафар фуқарода коронавирус аниқланди. Шунингдек, сўнгги кун ичида 528 нафар бемор касалликдан соғайиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг