Бош прокуратура маълумотига кўра, ТАТУнинг Самарқанд филиали бўлими бошлиғи ва унинг шериги самарқандлик фуқарога Қозоғистондаги институтлардан бирида ўқиётганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериш эвазига 3000 доллар олганида ушланган.
БМТ метеорологларининг тахмин қилишича, яқин беш йил ичида рекорд даражада иссиқ йил бўлиши кутилмоқда. Келгуси беш йилликнинг ҳар бир йилидаги ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврдаги ҳарорат қийматларидан камида бир даража юқори бўлади.
Пойтахт ҳокими ёшлар билан учрашувдан сўнг, хизмат автомобилига боргунича журналистлар унга савол билан мурожаат қилишга уринишди. Ундан ҳеч бир қарорсиз реклама баннерлари бузиб ташланаётгани ҳақида сўралганида, у саволни жавобсиз қолдирди ва қадамини тезлаштирди.
24 майдан бошлаб Тошкент — Тел-Авив — Тошкент мунтазам авиақатновлари қайта тикланди. Авиақатновлар ҳафтанинг душанба кунлари амалга оширилади.
ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг Хитойда бўлиб ўтадиган 44-сессиясида Шаҳрисабзнинг тарихий қисмини регенерация қилиш лойиҳаси муҳокама қилинади. Ўзбекистон таклифига биноан хорижлик экспертлар 3 хил концепцияни ишлаб чиққан. Лойиҳалардан бири танлангач, 2022 йилдан амалий ишлар бошланиши мумкин.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 1,7 млн нафардан ошган бўлиб, эмланганлар орасида 499 094 нафар фуқаро вакцинанинг 2-дозасини қабул қилган. Шунингдек, сўнгги кун ичида 269 нафар бемор касалликдан соғайган бўлиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.
Жиззахда Lacetti ҳаракатланаётган пайтида «люк» дан тана қисмини чиқариб кетган қиз акс этган видео тарқалди. Вилоят ИИБ томонидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома тузилиб, 245 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Футбол бўйича Европа лигаси финалида «Вильярреал» жамоаси «Манчестер Юнайтед» клубини пенальтилар сериясида 11:10 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа чемпиони бўлди.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила аъзоларига алоқадор бўлган «Трест-12» компанияси қўлга киритган лойиҳаларда манфаатлар тўқнашуви бўлганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур компания тендерсиз 5 тлн сўмлик (таҳминан $471 млн) лойиҳаларни амалга оширган. Агентлик бу каби муаммоларни бартараф этиш учун иккита таклифни илгари сурмоқда.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши президентга мурожаат йўллаб, мансабдор шахслар томонидан депутатларга босимлар ўтказилаётганини билдирди. Шунингдек, улар депутатларнинг дахлсизлик ҳуқуқини бузилиши эътиборсиз қолдирилаётганидан шикоят қилишди.
Коломбо яқинида кимёвий моддалар билан тўлдирилган кеманинг олти кундан буён ёнаётгани, бир нечта мамлакатларнинг Суриядаги сайловларни тан олмасликка чақираётгани, AҚШ Конгрессининг Хитойга қарши қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Сенатнинг ўнг бешинчи ялпи мажлиси, Тошкент вилоятида бир ярим минг гектардан ортиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, Equinox`нинг Қозоғистондаги нархи, Самарқандда мактаб-интернати тарбияланувчилари калтакланиши, Шаҳрисабзда масжид ҳовлисида айвон қурилиши нима сабабдан тўхтатилгани — «Газета.uz»нинг 26 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Вазирлар маҳкамаси масъул ходими мурожаат билан келган собиқ меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига масала ҳал қилиниши бўйича тушунтириш берилганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мурожаатчилар ҳар бирига 100 млн сўмдан пул тўлаб берилмаса, уйларига қайтмасликларини айтиб шарт қўйган. Ҳукумат аппарати ходими воқеа Вазирлар маҳкамаси биносида эмас, бинонинг олдида, фуқаролар қабул қилинадиган ҳудудда содир бўлганлигини маълум қилди.
Тошкентда МИБ ходими икки йил ичида депозит ҳисобварағига келиб тушган 596 млн сўмдан кўпроқ пулни талон торож қилгани айтилмоқда. У буни электрон тўлов топшириқномаларига сохта маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширган. Судланувчига 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
«Толибон» ҳаракати Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудига чет эл қуролли кучларини жойлаштирмасликка чақирди. «Биз ўз еримиздан бошқалар хавфсизлигига қарши фойдаланилмаслигини бир неча марта маълум қилдик ва бошқаларни ҳам ўз ерлари ва ҳаво ҳудудларидан мамлакатимизга қарши фойдаланмасликка чақирамиз», — дейилади баёнотда.
Беларус президентининг таъкидлашича, Ryanair самолётида бомба борлиги ҳақидаги хабарлар бир вақтнинг ўзида Афина, Вилнюс ва Минск аэропортларига келган. Бироқ Швейцария авиация маъмурлари бу ҳақда хабарсиз бўлганликларини маълум қилишди.
Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Янгийўл шаҳар суди мажлислар залида судланувчилар қўлларини кесиб, тартибсизликни юзага келтиргани акс этган видео тарқалди. ИИВ маҳбуслар лезвия бўлаклари билан ўзларига тан жароҳати етказгани, ноўрин талабларни қўйиб, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаганини маълум қилди. Вилоят ИИББ эса воқеанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда.
Режиссёр Зулфиқор Мусоқов раҳбарлигидаги Focus мактаби бадиий фильмлар режиссёрлигининг ўзбек тилидаги гуруҳига аризалар қабулини эълон қилди.
Шаҳрисабз шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди ҳовлисида намоз ўқиш айвонининг қурилиши тўхтатилди. Бунга қурилиш ҳақида тегишли ташкилотлар огоҳлантирилмаганлиги сабаб бўлган. Мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили айвон биноси ҳудуддаги тарихий обидаларга ҳеч қандай зарар етказмаслигини таъкидлади.
Долларнинг расмий курси 8,37 сўмга кўтарилди ва жами 10 609,91 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз пасайган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг