ЕТТБ Ўзбекистоннинг учта банкига 150 млн доллар ажратди. «Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»га 60 млн доллардан ажратилса, «Ипотека-банк» 30 млн доллар олади.
Ўзбекистон АҚШдан 35 мингдан зиёд кам таъминланган фуқаролар учун қарийб 400 минг долларлик озиқ-овқат ёрдамини қабул қилиб олди.
Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган коронавирус бемори тузалди. У Россиядан 22 март куни қайтган ва карантинга олинган бўлган. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони 128 кишига етди.
Екатеринбургдаги чет элликларни вақтинча сақлаш марказида бўлган 152 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга эвакуация қилинди.
Бухорода яна 20 нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайди. Уларнинг барчаси хориждан келган.
Bill & Melinda Gates Foundation Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштириш миқдорини 250 миллион долларгача оширади. Бу маблағлар коронавирус пандемиясига қарши курашга йўналтирилади.
Май ойидан бошлаб пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк карталарига ўтказилади. Ушбу тартиб карантин чеклови бўлиб, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар давом этади.
Наманган вилоятининг Поп туманида 1200 ўринли карантин ҳудуди ва 150 ўринли махсус шифохона қурилмоқда. Қурилиш ишларини 10 кунда якунига етказишга кўрсатма берилган.
Тошкент вилоятида стикерсиз ҳаракатланаётган икки автомобиль тўқнашиши натижасида 25 ёшли ҳайдовчи машина ичида ёниб кетди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign коалициясини ўзбек пахтасидан бойкотни олиб ташлашга чақирди. Вазир ўз мурожаатида ўзбек матоларидан тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик халатлар ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари глобал танқисликни ҳал қилишда ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Фарғона вилоятида енгил автомобиль ҳайдовчиси уриб юборган велосипедчи шифохонада вафот этди.
Германия канцлери Ангела Меркель карантин чоралари қисман олиб ташланишини маълум қилди. Ҳозирча дўконлар ва мактаблар очилади.
Дунёда аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 2 миллиондан ошди. COVID-19 ҳолатларининг аксарияти АҚШ, Испания ва Италияда қайд этилди.
Ўзбекистон президенти коронавирус пандемияси ва глобал инқироз шароитида бюджет харажатларини оптималлаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Долзарб бўлмаган лойиҳалар ва харажатлар кечиктирилади.
Ўзбекистонда янги тасдиқланган коронавирус ҳолатлари 47 тага ошиб, жами 1349 тага етди.
Ўзбекистонда коронавирус ҳолатлари сони 27 тага ошиб, жами 1302 тага етди.
Коронавирус юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳларга бозорларда ва савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар, карантиндаги фуқаролар ва хизмат зарурияти туфайли кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлаётган шахслар киради — Бош прокуратура.
Коронавирус инфекциясини юқтирган аёл шифохонага беш маротаба мурожаат қилган. Шифокорлар ҳар сафар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган, фақатгина аҳволи оғирлашгандан кейин вирусга текширишган. Бемор билан мулоқотда бўлган хамшира ва бошқаларда ҳам коронавирус аниқланган.
Карантин эълон қилингандан буён Ўзбекистонда қарийб 64 мингта карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Қоидабузарларнинг 59 минг нафари эркаклар, 5 минг нафарга яқини аёллардир.
Коронавирус бўйича суриштирув ишларига 318 нафар малакали терговчи ва мингдан ортиқ тезкор қидирув ходимлари жалб қилинди. Тезкор-тергов ва таҳлилий гуруҳлар томонидан шу кунга қадар қадар беморлар мулоқотда бўлган 9538 нафар шахс ҳақида маълумотлар тўпланди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг