Урганч шаҳрида фуқаро ёш шер боласини ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланди. Унга нисбатан жарима жазоси тайинланди, ёввойи жонзот эса вақтинча Нукус ҳайвонот боғига топширилди.
Қорақалпоғистонга ташриф буюрган президент, ўқишга кирган 186 минг абитуриент, маймунчечак сабаб чегара назоратини кучайтирган Қозоғистон, камроқ уй ҳамда автомобиль сотиб ола бошлаган ўзбекистонликлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Президент 2024 йил октябрь ойида Абу Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга доир қарорни имзолади. Шу муносабат билан унинг иккита асарини академик таржима қилиш ва шарҳини тайёрлаш, «Ислом — тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.
Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича топшириқлар ижросини назорат қилиш президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва давлат раҳбари маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергеновга юклатилди. Президент Кегейли туманида ўтган йиғилишда ҳудудни ривожлантириш бўйича фойдаланилмаётган имкониятларни санаб ўтди.
Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги аёлларга нисбатан ўтакетган нафрат — мизогинияни экстремизмга тенглаштириш режаларини эълон қилди. ИИВ раҳбари экстремизмнинг ортиб бориши Британия демократиясига таҳдид солаётганини таъкидлади.
Марказий банк иккинчи чорак учун 0,7 пунктга пасайган истеъмол кайфияти индексини эълон қилди. Сўров натижаларига кўра, уй-жой сотиб олганлар улуши 6,2 фоиздан 5,8 фоизга камайди, автомобиль хариди эса — 12,3 фоиздан 10,5 фоизга. Келгуси ойларда ҳам уй-жой сотиб олишни хоҳловчилар камроқ.
Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига ҳужум қилингани акс этган видео тарқалди — Тошкентда автомобиль ҳайдовчиси машинасини бошқа жойга қўйишдан бош тортди ва ППХ ходимини урди. Тошкент шаҳри ИИББ ҳолатга изоҳ берди.
Президент Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона, деб таъкидлади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги боғчада 2 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Текширув ишлари бошланди.
Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султонов 7 йил 6 ойга қамалди. У жуда кўп миқдордаги маблағларни ўзлаштириш, талон-торож, шунингдек, фирибгарликда айбдор деб топилди.
2024/2025 ўқув йили учун 186 871 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Хусусан, 41 153 нафари давлат гранти, 145 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Грантда ўртача ўтиш балли — 121,7, контрактда эса 94,7 бўлди.
Президентга Қорақалпоғистонда амалга оширилиши режа қилинган инвестиция лойиҳалари тақдим этилди. Саудия Арабистони билан Нукус шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания билан қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ҳамда Германия билан мисни қайта ишлаш лойиҳалари режалаштирилмоқда.
Мирзаобод туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли бола вафот этди. Боланинг ўлимига нафас йўллари овқат билан беркилиб қолгани оқибатида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.
2−4 сентябрь кунлари Мухтор Ауэзов номидаги Қозоқ миллий драма театри Тошкентдаги Давлат мусиқали комедия театрида (оперетта) чиқиш қилади. 6 сентябрдан 8 сентябргача эса улар Нукусдаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида гастроль сафарлари билан иштирок этади.
Президент Қорақалпоғистонда Хитой ва Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган 2 та шамол электр станцияси қурилишига старт берди. Шунингдек, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолияти бошлаб берилди.
Тошкентда ўзини «Ўзбекфильм» масъули дея таништирган шахс маҳкума аёл ҳаётига бағишланган сериал суратга олиш эвазига фирибгарлик йўли билан 20 минг доллар олганда ушланди. Тошкент вилоятида эса чет тили бўйича сохта сертификат олиб бермоқчи бўлган консалтинг фирма раҳбари $3500 устида қўлга олинди.
Самарқанд туманидаги Миронқул-Оҳалик тоғида адашиб қолган 18 ёшли йигит қутқарилди. У тоғнинг 1000 метр баландлигидан соат 01:30 да топилган.
Душанбадан ҳарорат аста-секин кўтарилади, лекин нисбатан қулай бўлади. Кундузи ҳаво +30…+35, баъзи жойларда +37 даражагача исийди. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Душанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюради. Сафар давомида саноат корхоналари, IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш режалаштирилган. 20 август куни давлат раҳбари Нукусда тадбиркорлар билан мулоқот ўтказади.
Мустақиллик байрами ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали муносабати билан 25 август-3 сентябрь кунлари Самарқанд-Тошкент-Самарқанд йўналишида қўшимча «Афросиёб» электропоезди ҳаракати йўлга қўйилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг