Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг бош инспектори 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. У компанияларнинг солиқ қарзларини банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг доллар олаётганида ушланганди.
ДХХ Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Учкўприк туманида 56 ёшли шахс ўзиники бўлмаган 12 сотих ерни 130 минг долларга сотмоқчи бўлганида ушланди. Қашқадарёда эса ҳокимлик ходими 25 гектар ерни 5 минг долларга пуллаётганда қўлга тушди.
Париж Олимпиадасининг 11-кунида Арам Варданян ва Рустам Ассакалов Юнон-рум кураши бўйича, Актенге Кеунимжаева эса эркин кураш бўйича гиламга чиқади. 7 августга ўтар кечаси боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев америкалик рақибига қарши ярим финалда жанг қилади.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2024 йилнинг биринчи ярмидаги соф фойдаси 269 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга кўпдир.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини муддатидан аввал якунлаганини эълон қилди. «Бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим», — деб ёзди у. Ғаниев ишини Вазирлар Маҳкамасида давом эттиради.
Пойтахтнинг Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги жами 5786 та хонадон ва 37 та улгуржи истеъмолчи 6 август куни табиий газ таъминотидан узилади.
Тошкент ҳокимлигининг таъкидлашича, реновацияга тушган ҳудудлар маҳаллий аҳолининг мурожаатлари асосида таклиф этилган. Уй-жойларнинг таҳлили шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаслигини тасдиқлади, дея қайд этди ҳокимлик. Лойиҳа ҳудудларни яхлит ривожлантиришни назарда тутади.
Uzbekistan Airways Мустақиллик байрами муносабати билан 31 августдан 3 сентябргача барча маҳаллий авиақатновлар учун чипта тарифларидан 30 фоиз чегирма эълон қилди.
«Яшил» станцияларнинг электр ишлаб чиқаришда ортган улуши, Давмонополияларни тугатишга доир Рақобатни ривожлантириш концепцияси, жамоатчилик норози бўлаётган шаҳарсозликка доир қонун, МО мамлакатларига янги коридорлар очишда ёрдам берадиган Япония ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Президентга олиб кирилган тақдимотга кўра, ички йўллар ва кўприклар ҳокимиятлар балансида экани сабабли уларнинг кўпи «таъмирталаб ҳолатда». Шу боис энди ҳудудий ободонлаштириш бошқармаларида ички йўлларни сақлаш хизматлари ташкил этилади. Улар энг зарур 4 турдаги махсус техника билан таъминланади.
15 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб келган Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина оммавий намойишлар фонида истеъфога чиқди ва мамлакатдан қочиб кетди. Армия муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди.
Президентга рақобатни ривожлантириш концепцияси тақдим этилди. Энергетика, аэропорт хизматлари ва бошқа соҳалардаги 17 турдаги давлат монополияларини тугатиш кутилмоқда. Рухсатномалар ва лицензиялар мажбурий суғуртага алмаштирилади, табиий монополиялар соҳасида мустақил регуляторлар пайдо бўлади.
Япония фонд бозори 12,4 фоизга тушиб кетди, бу 1987 йилдаги «қора душанба»дан бери энг катта қулаш бўлди. Иена курсининг кўтарилиши, пул-кредит сиёсатининг кескинлашиши ва АҚШда иқтисодий маълумотларнинг ёмонлашуви туфайли инвесторларнинг япон фонд бозорига ишончи пасайди, деб ёзди Bloomberg.
Япония бош вазири Фумио Кишида Марказий Осиё давлатларига Россияни четлаб ўтиб, минтақа ва Европани боғлайдиган янги савдо йўлини яратиш учун иқтисодий ёрдам таклиф қилади, деб хабар бермоқда Япония ОАВ. Аввалроқ АҚШда ҳам шунга ўхшаш режалар ҳақида гапирилган эди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида иккита UAZ тўқнашувида улардан бири ағдарилди. Оқибатда машина салонидаги 6 киши жароҳатланди. ЙТҲга оид ҳужжатлар жиноий судга юборилди.
Британия шаҳарларида Саутпортдаги болалар рақс студиясига уюштирилган ва уч қизчанинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан сўнг мигрантларга қарши намойишлар ва зўравонликлар давом этмоқда. Бош вазир Кир Стармер тартибсизликларни «ўта ўнг бандитизм» деб атади.
Красноярск-Тошкент йўналишида учаётган самолёт парвоз вақтида «аномал метеорологик ҳодиса» — дўлга дуч келди. Бортдаги 176 кишига зарар етмади, аммо самолётнинг олд ойналари ва метеолокатор қисми шикастланди. Ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
Париждаги Олимпия ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ўзбекистонлик мураббий секундантлик қилди. Спортчининг шахсий мураббийи аккредитация муаммолари сабаб Парижга боролмагани учун жангни ўз уйида экран қаршисида томоша қилди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун матни деярли бир хил бўлган конституциялар турли мамлакатларда турлича ишлаши ҳақида фикр билдирди. «Агар элита халқ учун конституция ёзса ва ўзи учун истисно қилса, демак, бу ишламайди», — дея таъкидлади у.
Ўзбекистонда ҳафта бошида ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. 8−9 августда иссиқ кучаяди ва аксарият ҳудудларда ҳаво +40…+44 даражагача исийди. Айрим кунларда тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ҳам мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг