Май ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 36,6 млрд долларга етди. Захирадаги олтиннинг физик ҳажми 3,1 тоннага камайди. Захиралар таркибида биринчи марта 35 млн долларлик қимматли қоғозлар пайдо бўлди.
Ўзбекистонда ўтган май ойида ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, +25…+30 даража атрофида бўлди. Кўплаб ҳудудлар бўйича ой энг нам май ойлари бешлигига кирди, ёғингарчилик меъёрдан 1,3−2,8 марта кўп бўлди.
Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат +41 даражагача кўтарилади. Сўнгра +32…+35 даражагача пасайиши кутилмоқда. Бундай ҳарорат июнь ойи иқлимий меъёридан 1−2 даражага юқори. Айрим тоғли ҳудудларда кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, жойларда чаг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай 11−12 июнь кунлари Тошкент ва Самарқандга ташриф буюради. У Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийлар билан учрашади. Шундан сўнг Остонада бўлиб ўтадиган АҚШ ва минтақа давлатлари ўртасидаги Савдо ва инвестициявий ҳадли битим йиғилишида иштирок этади.
20 июндан янги ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари бошланди. Жараёнлар икки босқичда амалга оширилади. Мактаб таълими вазирлигининг эслатишича, бу йил биринчи синфга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
БМТ Бош ассамблеяси 10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисида Хитой ва Ўзбекистон ишлаб чиққан резолюцияни маъқуллади. Мақсадлар цивилизациялар хилма-хиллиги қадриятини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамликни ривожлантиришдан иборат.
ИИВ биноси яқинидаги ерости туннелида ёнғин содир бўлди. «Электр симлари туташи»га 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилди ва у 1 соатда бартараф этилди. Тошкент метрополитени ёнғиннинг метро тизимига боғлиқмаслиги, қурилмалар нормал ҳолатда ишлаётганини қўшимча қилди.
Душанба куни эрталаб Тожикистонда содир бўлган зилзила Сурхондарё вилоятида ҳам сезилди. Вилоят туманларида сезилиш кучи 2 баллни ташкил қилди.
Юқори Чирчиқ туманида юк машинаси Чирчиқ дарёсига тушиб кетди. Оқибатда йўловчи вафот этди, ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Тармоқларда ҳодиса пойга сабаб юз бергани айтилмоқда.
ССВ ёз фаслида офтоб уриши, халқ тилидаги дам ўтиши ҳолати кўп учрашини инобатга олиб, ундан сақланиш бўйича бир неча тавсиялар берди. Кўпроқ суюқлик ичиш, ёпиқ жойларда бўлиш, очиқ рангли либослар ва бош кийим кийиш шулар жумласидандир.
Тошкент шаҳрида барча мозаикали турар жой бинолари реклама баннерларидан тозаланади, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги. Дастур бошланган 2021 йилдан буён жами 70 та (шундан 40 таси икки ой ичида) панно рекламалардан халос этилди.
Хива шаҳрида 11 ёшли болани девор босиб қолди. Оқибатда бола тос суяги синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Ҳодиса бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, ҳолатни болалар омбудсмани назоратга олди.
Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ичида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Lada Largus машинасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 2 нафар йўловчи ҳар хил даражадаги куйиш билан касалхонага ётқизилди.
10 июндан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси янги виза олиш тизимини ишга туширади. Ариза берувчилар энди суҳбатга ёзилишдан олдин виза тўловларини амалга ошириши керак бўлади.
Шанба куни тунда Telegram мессенжери фаолиятида глобал ва узоқ давом этган носозлик юзага келди. Муаммолар Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Европа давлатларида кузатилди.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзоси ўринбосари бўлди. Танзила Нарбаева буни ўзгаришлар натижаси деб атади ва қарор давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг муносиб меҳнат тамойилларини тарғиб қилиш борасидаги ҳаракатларини кучайтиришни талаб қилишини айтди.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида Captiva билан тўқнашув оқибатида 39 ёшли пиёда ҳалок бўлди. Ҳайдовчи маст эди. Машина дўкон девори олдида ўтирган эркакни босиб кетган.
Чилонзор тумани суди Telegram орқали ноткоин йиғиб, уни 800 минг сўмга сотган 24 ёшли ТерДУ талабасини 10 суткага қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Криптоактивлар айланмасидаги қонунчиликни бузишда айбланган сурхондарёлик йигит бу иши ноқонуний эканини билмаганини таъкидлади.
Ўзбекистон илк марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) аъзолигига сайланди. 54 та аъзодан иборат кенгаш БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи 42 ёшли аёл 4 аёлга яхши даромад топадиган иш топиб беришни ваъда қилиб, уларни Туркияга фоҳишаликка юбораётгани аниқланди. Улар Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг