Президент иссиқ ойларда объектларни совутишга қишдаги билан бир хил энергия сарфланаётганини таъкидлаб, айрим бинолар учун энергия самарадорлиги бўйича техник шартлар ишлаб чиқишни топширди. «Тежаш йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт», — деди у.
«Ҳудудий электр тармоқлари» электр энергиясининг кунлик нормаси 6,6 кВт/соатни ташкил этиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
Президент электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Унга кўра, мазут ва кўмир 2 йилга бождан озод қилинади, кўмир импорти учун 3 йилга револьвер кредитлар берилади. 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.
Telegram асосчиси Павел Дуров ёзда Марказий Осиёга келишни режалаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, саёҳатдан мақсад — одамлар Telegram`дан қандай фойдаланиши ва уларнинг рақамли эҳтиёжлари қандай эканини ўрганиш.
11 июнь куни «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, шунингдек, яна 28 кишига нисбатан суд жараёни бошланади. Улар Жиноят кодексининг товламачилик, фирибгарлик, безорилик, жиноий уюшма ташкил этиш каби жами 14 та моддаси бўйича айбланмоқда.
Ўзбекистонда электромобилни хонадонда қувватлантириш учун рағбатлантирувчи тунги тариф жорий этилади. Бунда қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатганлар машинасини тунги вақтда қувватлантиргани учун электр энергиясига арзон тарифда ҳақ тўлайди.
Бош прокуратура «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилганини аниқлади. Шунингдек, 441 та ҳолатда 580 минг туп кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган.
Фазлиддин Бахромов Тошкент шаҳри Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
IT Park University`нинг аълочи талабалари май ойида Испанияда амалиёт ўтади. Улар ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди, шунингдек, бир қатор тренинг ҳамда семинарлардан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Президент ҳузурида Туркия ва Саудия Арабистони билан иқтисодий ҳамкорлик режалари кўриб чиқилди. Биринчи давлат билан тўқимачилик, чарм ва электротехника маҳсулотларига божларни пасайтириш, иккинчиси билан транспорт, рақамлаштириш ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Россиянинг Харьков вилоятида янги фронт очишга уриниши «боши берк кўчага кирди» ва Украинага қурол-яроғ етказиб бериш қайта тикланиши фонида «Россия ютуғи учун ойналар ёпилиб бормоқда», — деб ёзмоқда Bloomberg нашри.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ноқонуний миграция бўйича рейдларда 27 нафар ўзбекистонлик ушланди. Улардан 3 нафарига маъмурий жавобгарлик тайинланди, қолганлари иш жойига қайтарилди. Мамлакат бўйлаб миграция ҳуқуқбузарликларини аниқлаш мақсадида «Нелегал-2024» рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Менинг боғим» лойиҳасига старт берилганини маълум қилди. Бу орқали бюджетдан «Яшил макон» лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида ярми жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида ерости кабелида юз берган ёнғиндан сўнг паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар кузатилмоқда, деб хабар қилди Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ. Шунингдек, яқин атрофдаги аҳоли пунктларида электр энергияси вақтинча узилган.
Бекобод туманидаги «Дўстлик» каналидан Сирдарё вилоятида туғилган 14 ёшли йигитнинг жасади топилди. Терговга қадар текширув кетмоқда.
Май ойида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 36,6 млрд долларга етди. Захирадаги олтиннинг физик ҳажми 3,1 тоннага камайди. Захиралар таркибида биринчи марта 35 млн долларлик қимматли қоғозлар пайдо бўлди.
Ўзбекистонда ўтган май ойида ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, +25…+30 даража атрофида бўлди. Кўплаб ҳудудлар бўйича ой энг нам май ойлари бешлигига кирди, ёғингарчилик меъёрдан 1,3−2,8 марта кўп бўлди.
Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат +41 даражагача кўтарилади. Сўнгра +32…+35 даражагача пасайиши кутилмоқда. Бундай ҳарорат июнь ойи иқлимий меъёридан 1−2 даражага юқори. Айрим тоғли ҳудудларда кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, жойларда чаг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай 11−12 июнь кунлари Тошкент ва Самарқандга ташриф буюради. У Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийлар билан учрашади. Шундан сўнг Остонада бўлиб ўтадиган АҚШ ва минтақа давлатлари ўртасидаги Савдо ва инвестициявий ҳадли битим йиғилишида иштирок этади.
20 июндан янги ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари бошланди. Жараёнлар икки босқичда амалга оширилади. Мактаб таълими вазирлигининг эслатишича, бу йил биринчи синфга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг