Яширин иқтисодиётга қарши курашни бошлайдиган ҳукумат, Uzbekistan Airways`нинг Исроилга бекор қилинган рейси, инглиз тилига таржима қилинган «Дунёнинг ишлари», 8 та давлат вазирларини қабул қилган президент ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
ОТБ прогнозига кўра, Ўзбекистонда нархлар ошишининг уй хўжаликлари даромадига таъсири туфайли 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,5 фоизгача пасайиши мумкин, бироқ 2025 йилда бироз тикланади. Ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларни ошириш бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган ҳаракатларни чеклаши мумкин.
Февралда «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди тугаб, 23 айбланувчига ҳукм ўқилганди. Ҳукмдан норози етти судланувчи апелляция шикояти киритди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида апелляцияни кўриб чиқиш 15 апрель куни давом эттирилди. Тафсилотлар — «Газета.uz» репортажида.
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахслар фуқарони 18 минг доллар эвазига АҚШга жўнатишни ваъда қилгани аниқланди.
Москвадаги қурилиш майдонида содир бўлган оммавий муштлашувда ўзбекистонлик 10 нафар, тожикистонлик 13 нафар мигрант қўлга олинди. Жанжал қурилиш материалларининг нотўғри тақсимоти сабабли келиб чиққан. Ҳеч ким оғир жароҳат олмаган, уларга нисбатан маъмурий жарима тайинланган.
Президент «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқоти йиғилишига келган, жумладан, Қатар, Саудия Арабистони, Ўмон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларини қабул қилди. Томонлар иқтисодий ҳамкорлик, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.
15−19 апрель кунлари Artel компанияси 135-Canton кўргазмасида — экспорт ва импорт маҳсулотлари бўйича Осиёнинг энг йирик кўргазмаларидан бирида иштирок этмоқда.
Таржимонлар Марк Риз ва Абдуллоҳ Рўзиев Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссаларининг инглиз тилига таржимасини тақдим этди. Нашр шарафига Нью-Йорк метросида реклама жойлаштирилди. «Газета.uz» таржимонлар билан ўзбек ёзувчиси ижоди ва таржима устидаги ишлар ҳақида суҳбатлашди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётга қарши курашни бошлашини айтди. Қонун ва қоидаларни бузган тадбиркорлар тартибга чақирилади. У буни «ортга қайтиш» сифатида кўрмаслик кераклигини, «Президент жамоасида бу ҳақда ўйлайдиган одамлар ишламаслигини» таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукумат «Ўзсаноатқурилишбанк» хусусийлаштирилишини тезлаштириш устида ишлаётганини, май ойида «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ЕТТБ билан келишув имзоланиши режа қилинганини билдирди. Шунингдек, Ислом молияси бўйича ишлар кўлами кенгаяди.
Ҳукуматда «аҳоли дрондан фойдаланиш маданиятига ҳали тўла тайёр эмас» деган нуқтаи назар бор. «Ҳозир оммавий фойдаланишга рухсат берсак, одамлар бир-бирининг уйида қилаётган ишини ҳам дронлар орқали тармоқларга чиқариб юбориши мумкин», дея қўшимча қилди «Мадад» ННТ вакили Исломбек Абдураҳимов.
Тошкентнинг Чилонзор туманида светофорнинг қизил чироғи ёнган вақтда қоидани бузиб, «Тез ёрдам» машинасига йўл берган Cobalt ҳайдовчисининг уйига жарима хати борди. Ҳолат ўрганилиб, фуқарога ёзилган жарима бекор қилинди. Ҳайдовчи шаҳар ИИББ томонидан тақдирланди.
Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун йигирма йиллик ҳокимиятдан сўнг 15 май куни ўз лавозимини тарк этади. Унинг ўрнига бош вазир ўринбосари ва молия вазири Лоренс Вонг тайинланади.
Фирибгарликда гумонланиб, терговга жалб қилинган дефектолог Дилором Жабборова «Овоз» номли марказ очгани ҳақида хабар тарқалди. Болалар омбудсмани муассаса унга тегишли эмаслигини, унинг тергов давомида болалар дудуқланиши муаммосига оид фаолият билан шуғулланиши тўхтатилганини маълум қилди.
Форс кўрфази давлатлари Исроил ва Эрон ўртасида кенг кўламли уруш бўлишидан қўрқмоқда, чунки вазиятга уларнинг ўзлари ҳам жалб қилиниши хавфи мавжуд. Улар АҚШ билан биргаликда Тель-Авив ҳамда Теҳронга босим ўтказмоқда, деб ёзди Reuters.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбийлари «Дўстлик» қўшма машғулотларининг бешинчи босқичини бошлади. Бу йил машқлар Сурхондарёдаги «Термиз» полигонида бўлиб ўтмоқда. Жараён доирасида Ҳиндистон армияси штаби бошлиғи Манож Панде Ўзбекистонга келди.
Ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши сабабли 16−22 апрель кунлари Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида қор кўчиш хавфи эълон қилинди.
ADM Jizzakh автомобиль заводи Ўзбекистон бозорининг камида 25 фоизини эгаллаш ниятида, дея маълум қилди компания бош директори Дониёр Давлетяров. Унинг сўзларига кўра, келажакда миллий автомобиль ҳам яратиш режа қилинмоқда.
Қосим-Жомарт Тоқаев оиладаги зўравонликка қарши курашга қаратилган қонунни имзолади. Қонун билан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шакли учун жавобгарликни кучайтирувчи нормалар жорий этилмоқда.
Ўзбекистонда март ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 12,7 фоизни ташкил этди (февралга нисбатан ўзгаришсиз). Аҳоли энг кўп ёнилғи, мева-сабзавотлар, гўшт ва сут нархи ошганини сезди. Шакар ва қандолат нархи ошганини қайд этган респондентлар кўпайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг