Ўзбекистонда 2023 йил якуни бўйича нақд пулнинг умумий пул массасидаги улуши 2022 йилги ўсишдан кейин 21,5 фоизгача камайди. Карталарга тушган маблағлар тобора камайиб бормоқда — сўнгги беш йил ичида кўрсаткич 32 фоиздан 24 фоизга тушди.
Лавозимидан озод этилган уч ҳоким, электрон рецепт асосида бериладиган дорилар, Умра сафарида қийинчиликка учраган ўзбекистонликлар, қарийб 2,5 баравар ортган автомобиль импорти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
2019 йилнинг февралидан бери Гулистон шаҳрини бошқариб келган Тўлқинжон Дадабаев лавозимидан озод этилди. Бунга унинг соғлиғидаги муаммолари сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳоким вазифасини вақтинча бажариш унинг ўринбосари Ғайрат Ботиров зиммасига юклатилди.
Президент электромобиллар саноатидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, шунингдек, Хитойнинг BYD компанияси билан бирга электромобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш топшириғини берди. Шунингдек, «электрозаправкалар»ни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
2023 йилда Ўзбекистон 73 мингдан ортиқ автомобиль импорт қилди, бу аввалги йилга нисбатан 2,4 баробар кўп. Хитойдан автомобиль олиб келиш ҳажми эса 5,2 баробар ошди. Импорт қиймати қарийб 1,8 миллиард долларга етди.
Эргашали Абдужалилов Олтинкўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бунга қадар Андижон вилояти ҳокими ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келаётганди.
Ўзбекистонда «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. Уни очиш ҳақида январь ойи охирида эълон берилганди. Ташкилот ҳар ой Президент администрациясига ҳисобот беради. Ундаги таклиф ва тавсияларни таълим вазирликлари ва бошқа давлат органлари бериб боради.
«Click`дан миллиард» акциясининг сўнгги босқичи 10 февраль куни бўлиб ўтади. Бу сафар ғолиблар сони 12 нафар бўлади. Асосий ғолиб 300 млн сўм миқдорда пул мукофотини қўлга киритади.
Наманган вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномаси олувчилар учун ихтисослашган инновацион имтиҳон маркази ишга тушди. Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашди.
2021 йилдан буён Тошкент шаҳри Бектемир тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Тапил Маҳамадзияев лавозимидан озод қилинди. Январда президент бош вазирга Маҳамадзияевнинг лавозимига лойиқлигини ҳал қилишни топширганди. Туманни вақтинча бошқариш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Фатҳулла Нигмановга юкланди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Президент администрацияси раҳбари Олжас Бектеновни бош вазир этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тоқаев, шунингдек, ҳукуматнинг истеъфоси ва Бектенов номзоди юзасидан изоҳ берди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилда мактаб ва мактаб таълимига 46 трлн сўм ажратилаётгани, аммо математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича 2022 йилги PISA дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар кўплигини аниқ кўрсатгани ҳақида гапирди. Ўзбекистон тадқиқотнинг ҳар уч йўналишида охирги ўнталикдан жой олган.
Буюк Британия қироли Чарльз III саратон касаллигига чалинди. Даволаниш даврида у оммавий тадбирларда камроқ қатнашади. Букингем саройининг таъкидлашича, қирол яхши кайфиятда ва тез орада давлат вазифаларига қайтишга умид қилмоқда.
Туризм қўмитаси Умра хизматларини лицензиясиз кўрсатган компанияларнинг маълумотлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилаётганини билдирди. Шунингдек, хизматларни сифатсиз кўрсатилганидан жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар суд қарори билан ундириб берилишини эслатиб ўтди.
2023 йил якуни бўйича Ўзбекистон дунёда иккинчи энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди. Олтин бўйича соф савдо 25 тоннадан ортиқни ташкил этиб, биринчиликни эгаллаган Қозоғистондан икки баробар кам кўрсаткични қайд этди. Шунингдек, мамлакат декабрь ойида 9 тонна олтин харид қилди.
Рамазон Ашрапов Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи бўлди. У шу пайтга қадар Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Навоий шаҳридаги 18-сонли мактабда рус тили ўқитувчиси (эркак) 2 нафар ўқувчини калтаклади. Ҳозирда ҳолат болалар омбудсмани кузатувида ва терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Наманганда «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин В6» номли қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходими қўлга олинди. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.
2020 йилнинг июнидан бери Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Акром Эшонқулов лавозимини тарк этгани ҳақида эълон берди. «Иш жараёнида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчаларингиздан узр сўрайман. Хайр жонажон шаҳрим», — деб ёзди у.
Президент мутасаддиларга 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон тиббий карта» тизимини ишга тушириш, дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш вазифасини топширди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг