Швейцарияда ўтган Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонликлар 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Совриндорлар умумтаълим, ихтисослаштирилган ва Президент мактаби ўқувчилари ҳисобланади.
Президент Янги Тошкент қурилиши бўйича дирекция ва мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишини маъқуллади. Биринчисига қурилиш вазири ўринбосари, иккинчисига бош вазир раҳбарлик қилади. Дирекция шаҳарни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқади, инвесторлар билан шартнома тузади ва бошқа ишларни бажаради.
Баҳрам Султонов Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими этиб тайинланди.
1 августдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, 20 августдан Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари оширилади.
Тижорат банклари 26 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 555−11 615 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 655−11 670 сўм.
Польша Ўзбекистонга жами 4,5 млн долларлик ўпкани сунъий вентиляция қилувчи аппаратларни беғараз ёрдам сифатида тақдим этди. Улар Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги тиббиёт муассасаларида фойдаланилади.
Таниқли фотожурналист Юрий Корсунцев оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди. У кўплаб нашрлар, жумладан, бир неча йил давомида «Газета.uz» ва Afisha.uz билан ҳамкорлик қилган.
Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган бир ой давомида омма олдида кўриниш бермагани ортидан лавозимидан четлатилди. Ван И ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари бўлди.
Уруш ҳудудларига ишга бормасликка чақирилган Россиядаги ўзбекистонликлар, гуруч нархига оид хабарлар, қизамиқ касаллигига чалинаётган беморлар, Франциянинг «Ланс» клубига ўтган футболчи Абдуқодир Ҳусанов, блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд жараёни ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Жиноят кодексининг 5 та моддаси билан айбланаётган блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд жараёни бошланди. 25 июль куни бўлиб ўтган илк очиқ суд мажлисида ОАВ вакиллари иштирок этди. Ишда 14 нафар жабрланувчи мавжудлиги ва уларга жами 903 млн сўм моддий зарар етказилгани аниқланган.
Май ойида Damas ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғига ўтиб кетиб, икки ўқувчи қизни уриб юборган, улардан бири 9 кундан кейин шифохонада вафот этган эди. Суд ҳайдовчига нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 2 йил транспорт бошқариш ҳуқуқини чеклаш жазосини тайинлади.
Сўнгги ҳафталарда Шимолий Америка, Европа ва Осиёни қамраб олган ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқинлари иссиқхона газлари эмиссияси натижасида юзага келган глобал исиш туфайли пайдо бўлган, дейилади World Weather Attribution тадқиқотида.
Санэпидқўмита хориждан келган қизамиқ билан оғриганлар билан алоқада бўлган фуқароларда қизамиқ касаллиги аниқланаётганини маълум қилди. 2023 йил бошидан буён 306 кишидан қизамиқ шубҳаси билан қон намуналари олиниб, улардан 164 нафарида касаллик қайд этилганини маълум қилди.
Бухоро вилоятида шамол электр станцияси қурилиши доирасида баландлиги 100 метр, парраклари 84 метр бўлган илк турбина ўрнатилди. Бу қурилмадан яна 157 та ўрнатилиши керак. Станцияларнинг илк қувватлари 2024 йилда ишга туширилади.
Модель ва дизайнер Мадина Махмудова (Rixdinas) Тошкент метрополитени вагонида кийимлар намойишини ўтказиб, видеосини тармоққа жойлади. Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси видео метрополитен билан келишилмай олингани учун моделлар билан тушунтириш ишлари олиб борди.
Ҳукумат қарори билан энди спорт паспорти давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ваколатли орган томонидан берилади. Cпорт паспортининг амал қилиш муддати — 5 йил.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Луқмон Бўрихон 58 ёшида вафот этди.
Давлат экология қўмитасининг собиқ бошлиғи, Экопартиянинг собиқ раҳбари, 2021 йилги сайловда президентликка номзоди қўйилган Нарзулло Обломуродов Тошкент молия институти проректори этиб тайинланди. Олийгоҳга, шунингдек, Алимназар Исламкулов ҳам проректор бўлди.
Жасур Салихов янги ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)га ректор этиб тайинланди. У бунга қадар Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети проректори лавозимида фаолият юритган.
Наманган шаҳрида Шимолий Фарғона каналига тушиб кетган Damas машинасини қутқариш пайтида ичида 5 нафар бола бўлган яна бир Damas каналга тушиб кетди. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши, бир нафари шифохонага ётқизилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг