Ўзбекистон ҳарбийлари Ҳиндистонга етиб борди. У ерда 5 мартга қадар шартли террорчи гуруҳларни қидириш ва йўқ қилиш, тоғли ва ўрмонли ҳудудларда жанговар ҳаракатлар олиб бориш бўйича қўшма машғулотлар ўтказилади.
Тошкентда фуқароларнинг банк карталаридаги пулларини алдов йўллари билан ўзлаштириш ҳолатлари кескин ошди. 2022 йилда бундай кибержиноятлар оқибатида тошкентликлар камида 45,2 млрд сўм зарар кўрган. Бу пулларнинг бор-йўғи 9,2 млрд сўмга яқини ундириб берилган. ИИББ кенг тарқалган усулларни санади.
Россия президенти Владимир Путин РФ Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартномада иштирок этишни тўхтатаётганини маълум қилди. Россия ва АҚШ ўртасида тузилган ушбу шартнома ядро қуроллари арсеналларини қисқартириш ва уларнинг ривожланишини чеклашга қаратилган.
Жинсий эркинликка қарши жиноятлар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф этувчи қонун лойиҳасида оиладаги зўравонлик ва таъқиблар учун ҳам моддалар мавжуд. NeMolchi.uz ҳужжат тез орада қуйи палатага юборилишини эслатиб, унинг тўлиқ нусхаси билан танишишни таклиф қилди.
Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси музокара ўтказди. Икки мамлакат газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик бўйича келишиб олди. Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши ҳудудида 1500 ўринли еттита, жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади.
Тошкент метросининг «Пахтакор» бекатида 26 ёшли эркак ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлди. Аниқланишича, у руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турувчи шахс бўлган. Йигит метрополитен ходимлари томонидан қутқариб қолинганидан сўнг, онасига топширилган.
2023 йил январь ойида Германия импортда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ҳамкорига айланди. Литва ва Франция ҳам Топ-10 савдо ҳамкорлар рўйхатига кирди. Статистика агентлигига кўра, импортнинг асосий қисмини 6 та самолёт ташкил этди.
Алишер Усмонов журналистларга берган интервьюсида бизнесни тарк этганига изоҳ берди. «Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор имкониятларимни ишга соламан. Бу учун корпоратив активлар бошқарувидан кетдим ва ҳатто кўплаб лойиҳаларимда акциядор сифатида иштирокимни якунладим», — деди у.
Тошкент шаҳридаги 1000 дан ортиқ бюджет ташкилотига қуёш батареялари ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 390 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 24 февралдан бошлаб 92/91 ва 94/93-сонли Тошкент-Андижон-Тошкент йўловчи поездларининг Наманган шаҳри орқали ҳаракатланиши йўлга қўйилади.
Президент қарори билан Умид Мадаминов ва Аҳадбек Ҳайдаров қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди. Шунингдек, Баҳром Шарипов Ипакчилик қўмитасига, Иброҳим Эргашев Ўсимликлар карантини агентлигига, Ҳусниддин Каримов Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига раҳбар бўлди.
Ўзбекистон Суриянинг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
Европа Иттифоқининг ASK дастури иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон аграр секторига таъсирини таҳлил қилди. Лойиҳа раҳбари Адриан Нилнинг «Газета.uz»га айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлашган миллий кураш йўқ. Шу боис соҳада қилинаётган ишлар натижаси сезиларли эмас.
Ўзбекистонлик ФВВ ходимлари қутқарув ишларини олиб бораётган Туркиянинг Ҳатай вилоятида янги зилзилалар қайд этилди. Вазирлик матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мутахассисларга зарар етмаган. Вайронгарчилик жойларида ишлар давом этмоқда.
Telegram орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани гумон қилинган 3 нафар шахс ушланди. Уларнинг етакчиси бошқаларни калтаклаш учун 300−500 долларга ёллаган 17 киши ҳам ҳибсга олинди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов 7 та вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратиш бўйича қарор қабул қилди.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларидаги айрим истеъмолчилар вақтинча табиий газдан узилди. Бунга таъмирлаш ишлари сабаб қилиб кўрсатилган.
Қонликўл туманида 5 қаватли уйнинг зинапояси қурилганидан 4 кун ўтиб қулаб тушди. Воқеа сабаб жабрланганлар йўқ. Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига Улуғбек Эгамов раҳбар бўлди. Агентликнинг аввалги директори Сардор Кариев «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропи воқеалари ортидан ишдан олинганди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг