Ангренда шаҳар прокурори 22-мактабга бориб, муассаса ҳовлиси муз ва қордан тозаланмаганидан норозилигини билдирди. Унинг ташрифидан сўнг ўқитувчилар ҳудудни тозалашга жалб қилинди. Ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлгач, ўрганиш олиб борилиб, прокурорга интизомий жазо чораси қўлланди.
Хориж фуқаролари ва чет элда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандларини умумтаълим мактабларига қабул қилиш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилди. Хизмат кўрсатиш бепул амалга оширилади.
Тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокимининг ҳайдовчиси бошқарув вақтида қўл телефонидан фойдалангани акс этган сурат тарқалди. ЙҲХХ Trailblazer автомобили ҳайдовчисига нисбатан баённома расмийлаштирилгани ва у 900 минг сўм жарима тўлаганини маълум қилди.
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Олмаотадаги шифохонага ётқизилиб, юраги операция қилинди. Унинг матбуот котиби жараён муваффақиятли якунланганини билдирди.
Ўзбекистонда шанба ва якшанба кунлари ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат кечалари −8…−13 даража, кундузи −2…+3, баъзи жойларда −5 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Жиззах, Тошкент ҳамда Бухоро вилоятларида табиий газга ноқонуний уланиб олганликда гумонланаётган тадбиркорлар аниқлади. Улар жами 673,4 минг куб метр газдан руҳсатсиз фойдаланган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 545,3 млн сўм зарар етган. Ҳозирда ҳолатлар тергов остида.
Тижорат банклари 20 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 240 — 11 310 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 340 сўм.
Яккасарой туманида Malibu, Spark ва Nexia-3 тўқнашиб кетди. ЙТҲ оқибатида икки ҳайдовчи касалхонага олиб кетилди.
18 январдан бошлаб Сурхондарё вилоятининг қатор туманларига Тожикистон орқали қўшимча электр энергияси етказилмоқда. Ҳудудлар қўшни мамлакатнинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 кВли кучланиш билан таъминланди.
Гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Tata Steel Chess супертурнирида классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан сенсацион ғалабага эришди.
Тажимуратов судда унинг айбини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмагани, амалдорлар фарқли кўрсатмалар берганини маълум қилди. У намойишларгача давлат органларидан жим турмасликни сўрагани ва мустақиллик учун уринмаганини айтди. Айни вақтда, «мустақилликни орзу қилиш жиноят эмас»лигини таъкидлади.
Ўзбекистонда микро ГЭСлар қуриш учун 250 та истиқболли участка аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, улар йилига 675 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. ГЭСлар ёнида гибрид ГЭСлар қуриш режалаштирилмоқда.
Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокимлигидан кетганидан сўнг унга дахлсизлик ҳуқуқини берувчи кенгаш депутати ва сенаторлик лавозимларини сақлаб қолмоқда. Хусусан, у Сенат ва Кенгашнинг розилигисиз жавобгарликка тортилиши, ҳибсга ёки қамоққа олиниши мумкин эмас.
Ўзбекистонда тезлик 60 км/соатгача пасайтирилган кўчалар, маҳкумларни алмашишни режалаштираётган Ўзбекистон-Қозоғистон, қирғизистонлик сиам эгизакларини операцияда ажратиб олган ўзбек шифокорлар, «ҳозир ҳеч кимга қизиқ бўлмай қолган» ковид статистикаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкентликлар пойтахтнинг сўнгги аёзли кунлардаги оғир аҳволи вилоятлар аҳолиси учун одатий экани ҳақида кўп эшитди. «Газета.uz» Ўзбекистон ҳудудлари аҳолиси билан суҳбатлашиб, бу йилги қиш аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилаётгани, газ, «свет» ва транспорт муаммолари ҳақида сўради.
ДХХ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кўп босқичли тезкор тадбир ўтказди. Жараёнда Навоий ва Самарқанд вилоятларида Тожикистондан кириб келган 5 килограммга яқин гашиш ва опий моддалари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ўзтрансгаз» баъзи «заправка»лар машиналарга таниш-билиш қилиб, газ тўлдириб бераётганини рад этди. Унга кўра, куннинг маълум қисмида 1 соатдан 3 соатгача давлат ташкилотлари автомобилларига хизмат кўрсатилмоқда. Ҳарорат кўтарилгач, барча шохобчалар одатдаги иш тартибига қайтади.
Қозоғистонда депутатлар Ўзбекистон билан маҳкумларни алишиш бўйича келишувни маъқуллади. Бош прокурор ўринбосари 225 нафар ўзбекистонлик маҳкум жазони ватанида ўташ истагини билдирганини айтди. «Ўзбекистонда 20 нафар судланган фуқароларимиз бор, улар ҳам қайтишга қарши эмас, деб ўйлаймиз», деди у.
Неонатал хирургия маркази шифокорлари танасининг қорин қисми бирлашган қирғизистонлик сиам эгизакларини жарроҳлик йўли билан ажратиб олди. Болаларнинг аҳволи стабил дея баҳоланмоқда. Яқинда улар уйига рухсат берилиши мумкин. ССВ раҳбари ушбу операцияда қатнашган шифокорларни тақдирлади.
17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланди. Ушбу чеклов қайси кўчаларда амал қилиш ҳақида маълумот.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг