Апелляция суди Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан жиноят иши бўйича 8 нафар айбланувчининг жазосини озодликни чеклаш билан алмаштирди, 6 нафар судланувчининг муддати қисқартирилди, Даулетмурат Тажимуратовнинг муддати ўзгаришсиз қолди. Суд прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протестини рад этди.
Мирзо Улуғбек туманида MY5 телеканали журналистига қўполлик қилган шахс 5 суткага қамалди. Тармоқларда тарқалган видеода журналист аҳоли сўрови билан кўп қаватли уйдаги ноқонуний бузилиш ҳолатини ўрганаётганда фуқаро унга қаршилик кўрсатгани ва ҳақоратлаганини кўриш мумкин.
Тошкентдаги аквапарклардан бирининг кийим алмаштириш хонасидан камералар аниқланди. ИИББ мурожаатни ўрганиб, камералар ташриф буюрувчиларнинг буюмлари сақланадиган қисмда жойлашгани ва ўғриликнинг олдини олиш мақсадида ўрнатилганини маълум қилди. Ходимлар билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Филиппинда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионатини Ўзбекистон 18 та медаль — 10 та олтин, 7 та кумуш ва 1 та бронза билан якунлади. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Дунёнинг турли шаҳарларида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг туғилган куни муносабати билан уни қўллаб-қувватлаш акциялари бўлиб ўтди. Россияда 100 дан ортиқ одам пикетларда қатнашгани учун ҳибсга олинди.
Пойтахтда Yutong электробуси, Malibu 2 ва Lacetti иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳайдовчилардан бири шифохонага ётқизилди.
Хивадаги XIX асрга оид Тошҳовли саройини консервация қилиш лойиҳаси якунланди. Об-ҳаво ва нотўғри олиб борилган реставрация ишлари туфайли унинг безакли кошинлари ва ғиштлари парчаланганди. Лойиҳа учун маблағ АҚШ томонидан ажратилди.
Nasafnews.uz интернет нашри расман фаолиятини тугатаётганини эълон қилди. Унинг ортидан эса блогерлар Умид Каримов (Nasafnews.uz раҳбари), Отабек Артиков ва Мақсуд Музаффаров ҳам ортиқ фаолият юритмаслигини маълум қилди. «Газета.uz» улар билан боғланиб, бундай қарорга келиш сабабларини сўради.
Ўзбекистон бозорлари уникаллиги ва ўзига хос муҳитини сақлаб қолган ҳолда замонавийлаштирилса, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган бозорларга айланиши мумкин. Бу ҳақда Atlas консалтинг компаниясининг ҳудудий ривожлантириш соҳасидаги тадқиқотида сўз борган.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тасдиқланган тўрт нафар номзодни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида рўйхатга олди. Сайловолди ташвиқотлари эса 7 июндан бошланиши белгиланди.
Янгийўл шаҳрида 16 ёшли мактаб ўқувчиси Жўн каналига чўкиб кетди. Унинг жасади орадан бир кун ўтиб топилди.
Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида ҳароратнинг аста-секин кўтарилиши давом этади. Кундузи ҳаво +40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42 даражагача исийди. Бу июнь ойининг биринчи ўн кунлиги учун меъёрдан 4−6 даража юқори ҳисобланади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида Ўзбекистонда «ноль чиқинди» (zero waste) тамойиллари жорий этилади. Барча чиқинди полигонларида чиқиндиларни тўлиқ қайта ишлаш ва куйдиришга босқичма-босқич эришиш режалаштирилган.
Жо Байден АҚШ давлат қарзи чегарасини вақтинча бекор қилувчи қонунни имзолади. Бу АҚШ тарихидаги биринчи дефолтдан қутулиб қолиш имконини беради. Агар давлат қарзи чегараси бекор қилинмаганида ёки оширилмаганида, АҚШ Ғазначилиги ҳукумат фаолиятини молиялаштириш имкониятини йўқотган бўларди.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг ҳудудларда ипак қурти уруғини тайёрловчи 7 та янги уруғчилик корхонаси ташкил этилди. Шунингдек, янги тутзорлар барпо қилиш учун 105 минг гектар ер доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди.
25 май куни Қўштепа туманида мактаб битирувчиси Катта Фарғона каналида чўкиб кетганди. Унинг жасади орадан 9 кун ўтиб каналнинг Олтиариқ туманидан оқиб ўтувчи қисмидан топилди.
Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Марказий Осиёнинг бешта давлати етакчиларини уларнинг мамлакатлари Россияга қарши жорий этилган чекловларни бузса, Европа Иттифоқи санкциялар қўлламаслигига ишонтирди. Санкциялар фақат «Россия уруш машинасини қўллаб-қувватлаганларга» нисбатан қўлланади.
Тижорат банклари 5 июнь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 360−11 425 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 445−11 485 сўм.
Боку шаҳрида ўтган таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар 4 та медаль: 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига эга чиқди. Ўтган йилги ЖЧда ҳам улар 4 та медаль олганди.
Сергели туманининг «Жунариқ» маҳалласидаги 9 та хонадонни сув босди. Тошқин Жун ва Салар каналига тўлиқ сув очилгани боис юзага келган. Ҳолат бартараф этилди, ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади хабарда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг