Путин билан телефонда гаплашган Шавкат Мирзиёев, Сирдарёда автомобиль заводи қуришни таклиф қилган президент, ёшлар «яхши», «ўрта», «аҳволи оғир» тоифаларига ажратилиши, Тошкентда 8-синф ўқувчиси вафот этгани, импорт товарларга истеъмол кредити берилиши ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Самарқандлик тадбиркор Хуршид Тўраев Тошкент шаҳри марказидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Алоқабанк» биноларини сотиб олган компанияга алоқадор бўлиши мумкин. Бу ерда савдо ва кўнгилочар мажмуа пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.
1 июндан «Ёшлар дафтари»даги талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизими жорий қилинади. Вилоятларда «Креатив парк» ташкил этилади. Шу мақсадда «Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари» жамғармаси тузилиб, унга 100 млн доллар йўналтирилади.
Ўзбекистон президенти хитойлик ҳамкорлар билан Сирдарё вилоятида автомобиль заводи қуришни таклиф қилди. «Автомобиль заводлари қанча кўп бўлса, нарх ҳам шунчалик арзон бўлади, сифат ҳам ўзгаради», деб ҳисоблайди Шавкат Мирзиёев. Шунингдек, Сирдарёда йўл қурилишига бизнесни жалб қилиш бошланади.
Марказий банк уй хўжаликлари ва корхоналарнинг инфляция кутилмалари маълумотларини эълон қилди. Аҳолининг инфляцион кутилмалари январда 18,9 фоизга, тадбиркорликда эса 18,7 фоизга ошди. Бу коронавирус пандемияси авжига чиққан 2020 йилнинг июлидан бери кузатилган максимал кўрсаткичдир.
Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлганликда айбланган икки нафар собиқ амалдорнинг иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ўтказилди. Аввалроқ Олий суд ишни қайта кўриш учун апелляция инстанциясига қайтарган эди.
Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедова яшаш уйидан 600 минг долларга тенг қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилганини айтмоқда. Унинг фикрича, ўғрилар топилган, аммо қимматбаҳо бриллиант ва тиллалар қайтирилмаган. 11 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани прокурори Алиакбар Пулатов раққоса билан учрашди.
Тошкентга келтирилган катта ҳажмли янги автобуслар тақдимотида транспорт вазири воз кечилган трамвай ва троллейбуслар ва пойтахт марказига тезда қайтаришнинг иложи йўқ трамвайлар тўғрисида гапирди. Шунингдек у кўчаларни кенгайтириш ҳамда йўл ўтказгичлар қуриш хато эканини айтди.
Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишларидан келиб чиқиб, «яхши» (4,4 млн), «ўрта» (4,6 млн) ва «аҳволи оғир» (396 минг) тоифаларига ажратилди.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқотда товар айирбошлаш, қўшма кооперация лойиҳалари ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Мамлакатлар раҳбарлари маданий-гуманитар алмашинув дастури бўйича ҳамкорлик сермаҳсул бўлаётганини ҳам таъкидлади.
Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, Ўзбекистон президенти болалар ва аёлларни ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади, унда оиладаги зўравонлик ҳамда тазйиқлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Миробод туманидаги 110-мактабнинг 8-синф ўқувчиси вафот этди. Унинг ўлимига ошқозон ости безига кенг кўламли қон қуйилиши, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалига ўқишга киришда юқори балл тўплаган, аммо сохта натижалар туфайли ўқишга қабул қилинмаган 145 нафар абитуриент иши кўриб чиқилиб, улар талабаликка тавсия этилди. Олийгоҳ қабул комиссияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жарқўрғон туманида Lacetti ва Nexia иштирокидаги ЙТҲда 2 киши вафот этди, 6 нафари эса жароҳатланди.
Ўзбекистонда «Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси тайёрланиши кутилмоқда. Унга кўра, банклар омонатларни кафолатлаш фондига аъзо бўлиши талаб этилади, омонатчиларнинг банкдан устувор равишда талаб қилиш ҳуқуқи фондга ўтказилади.
ИИВ Наманган шаҳрида вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган эркакка нисбатан қидирув эълон қилди. Тармоқларда уни қўлга олиш махсус тадбири акс этган видео тарқалганди. Вазирлик эркакнинг руҳий хасталиги ва «ниҳоятда тажовузкорлиги» сабабли уни учратганлардан эҳтиёт бўлишларини сўради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Совғалар реестрини шакллантириш бошланди. Агентлик шу вақтгача халқаро ташкилотлардан жами 14,5 млн сўмлик 8 та совға қабул қилиб олганини маълум қилди. Уларнинг барчаси ташкилот директорига берилган.
Наманган шаҳрида 2023 йил бошидан бери 152 марта қоидабузарлик қайд этилган Hyundai аниқланди. Жарималарнинг умумий суммаси 410 миллион сўмга тенг.
«Тошкент халқа автомобиль йўлларидан фойдаланиш участка бошқармаси» унитар корхонаси буюртмачилигида ўтган 3,2 млрд сўмлик давлат харидида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Харид натижалари комиссия иштирокисиз, бошқа шахс томонидан уларнинг электрон рақамли имзолари орқали баҳоланиб, имзоланган.
2022 йилнинг охирида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари бўлган Нозим Хусанов лавозимидан озод этилди. Унинг нима сабабдан ишдан кетгани ҳозирча маълум эмас.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг