10 апрелдан Қамчиқ ва Жиззах довонлари, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ҳамда микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат этилади. Шунингдек, туроператор, меҳмонхона ва ташувчиларга айрим автотранспортларни олиб киришда божхона имтиёзлари берилади.
Шавкат Мирзиёев йил якунигача 20 та қўшимча замонавий самолёт олиб келиб, миллий авиация паркини 64 тага етказиш топшириғини берди. Шунингдек, 1 майдан водийдан Урганч, Термиз, Бухоро ва Самарқандга ва бошқа маҳаллий йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони делегациясини қабул қилди. Ташриф доирасида Ўзбекистон энергетика вазири ва Huadian Xinjiang компанияси раҳбари Навоий ва Фарғона вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича ўзаро англашув меморандумини ҳам имзолади.
Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси нархларини 2023 йилда ошириш режалаштирилмаган. «Лекин бу мазкур масалани муҳокама қилмаяпмиз дегани эмас. Турли вариантларни кўриб чиқяпмиз, ижтимоий нормалар муҳокама қилиняпти», — деди вазир ўринбосари.
«Йил охиригача айрим озиқ-овқат ва товарлар импорти божларининг нолга туширилиши нархлар пасайишига олиб келади. Аҳолидан тушаётган маблағлар иқтисодиётда талабнинг ўсишини рағбатлантиради», — деди ЎзИТИМ раҳбари Обид Ҳакимов. Иқтисодчи Отабек Бакиров чора нега вақтинча экани бўйича савол қолдирди.
Тармоқларда Оққўрғон туманида ўқувчиларнинг Open budget лойиҳасига овоз кўпайтириш мақсадида зарур бўлган сим-карталарни сотиб олиш учун мактабга пул олиб бораётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолат ўрганилаётганини билдириб, бундай ҳаракатни қоралади.
Конституциянинг янгиланиши билан президентнинг амалдаги ваколат муддати ўзгарадими? «Газета.uz» мухбири шу ҳақда адлия вазири Акбар Тошқуловга мурожаат қилиб, қонун лойиҳасидаги оддий фуқаролар учун тушунишга қийин бўлган жумлаларга аниқлик киритишни сўради.
Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Сочи ва Урганчни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади. Парвозлар ҳафтада бир марта — чоршанба куни амалга оширилади. Компания Урганчга Москва ва Минералние Водидан ҳам йўловчи ташийди.
Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича комиссия маҳкумларнинг яқинлари улар билан қўшимча учрашувлар ташкил этишни сўраб мурожаат қилганини ва масала кўриб чиқилаётганини билдирди. «Газета.uz»га маълум бўлишича, судланганларнинг аксарияти апелляция аризаси билан мурожаат қилган.
Миробод туманида 32 ёшли фуқаро маст ҳолатда ўзининг 84 ёшли бувисини ўлдириб қўйди. Айбланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Президент қарорига кўра, 1 июлдан жисмоний шахсларга айрим давлат кўчмас мулкларини хусусийлаштириш учун онлайн аукционга чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, 1 сентябргача давлат ихтиёридаги истироҳат боғлари хатловдан ўтказилади.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияга парвозлар учун 40 фоизгача чегирмаларни эълон қилди.
28 майдан кучга кирадиган Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларнинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилгани ҳолатини аниқлашда наркотестер махсус мосламасидан фойдаланади.
«Ёшлар» телеканалида эфирга узатилган «Биз томонларда» кўрсатувида Қорақалпоғистон Республикаси номи «Қорақалпоқ вилояти» тарзида намойиш этилди. Телеканал хатолик монтаж жараёни билан боғлиқ эканини билдириб, узр сўради ва «айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаётганини» қўшимча қилди.
Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Диёрбек Эрматов Албанияда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учта — битта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Қувасой шаҳридаги корхона 2022 йилнинг июнидан бери табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани оқибатида давлат манфаатларига 18 млрд 314 млн сўм зарар келтирди.
Туркиядаги Сайҳун таълим ва маданият уюшмаси Ҳатай вилоятида 100 та йиғма турар жой контейнери ўрнатади. Контейнерларда ётоқхона, ошхона, ҳаммом ва ҳожатхона бор. Унга бемалол бир оила сиғиши мумкин.
Солиқ қўмитаси бюджетдан ноқонуний ундирилган 27,1 млрд сўмлик фойда солиғи тадбиркорларга қайтарилишини маълум қилди. Қўмита маълумотларига кўра, бундай ҳисобдан чиқариш 367 та корхонага таъсир кўрсатди.
Тижорат банклари 29 март куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 280 — 11 400 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 420 — 11 470 сўм.
Прокурор протестидан сўнг апелляция суди аввалроқ 6 ёшли қизчага тегажоғлик қилиб, 10 йилга қамалган Тошкентда яшовчи эркакка нисбатан жазони кучайтирди. У 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг