МСК Конституция бўйича ўтказиладиган референдум учун чет давлатларда 55 та участкалари тузилишини маълум қилди. Хусусан, Россияда 7 та, Қозоғистон ва Хитойда 3 тадан, АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Туркияда 2 тадан ташкил этилади. Улар Тошкентдаги 14-округга бириктирилади.
Антикоррупция агентлиги февралда давлат харидларида 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади. Хусусан, Uzbekistan Airports, «Ҳудудий электр тармоқлари» Хоразм филиали, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази қонунбузилишига йўл қўйган. Буюртмачиларга тақдимнома киритилди.
Апрель ва май ойларида Ўзбекистоннинг тўққизта шаҳрида «Таълим ва касб — 2023» xалқаро кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда турли мамлакатлардан 50 дан ортиқ университет вакиллари иштирок этадилар.
Апрелда бўлиб ўтадиган референдум арафасида Ўзбекистон бўйлаб «Конституция — ўзимизники» шиори остида тарғибот тадбирлари, концерт дастурлари ўтказилмоқда. Уларда эстрада юлдузлари, спортчилар, расмийлар ва тадбиркорлар чиқиш қилмоқда. Фотожамланма.
АҚШнинг Миссисипи штатида ўтказилган «Энг илғор жангчи-2023» мусобақасида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари — Турсунов Анвар ва Азамат Кенжаев ғолиб бўлди. Улар оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, жисмоний тайёргарлик синовлари, артиллерия оловини бошқариш, иншо ёзиш каби шартлардан ўтган.
ДСҚ Ўзбекистонда қанча талаба шартнома тузиб ижарада турганини маълум қилди. 2023 йил 1 март ҳолатига кўра, 50 976 та ижара шартномалари тузилган. Ушбу шартномалар бўйича ижарада турувчи талабалар сони 83 018 нафарга етган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати «Ташаббусли бюджет»да Face ID тизими ва кўпайтириш коэффициентларини жорий этиш режаси ҳақида хабар берганди. Вазир Шерзод Кудбиев ўз ходимларини «салгина нопрофессионал шарҳ берганликда» айблаб, ҳозирча бундай ўзгаришлар назарда тутилмаганини билдирди.
Бокс бўйича Ҳиндистонда ўтган ЖЧда ўзбекистонлик Навбаҳор Ҳамидова чорак финалда жазоирлик Имане Хелифга ютқазиб қўйганди. Бироқ ярим финалчи Хелиф генетик ҳолати сабабли ўйиндан дисквалификация қилинди. Натижада бронза медали ўзбекистонлик спортчига насиб этди.
Ҳафта давомида ҳарорат +20…+27 даража атрофида бўлади. Сешанба-пайшанба кунлари эса айрим ҳудудларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилади. Шимолда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон бўлиши мумкин.
Қўнғирот-Тошкент йўналишида ҳаракатланган поезд Элликқалъа туманида 44 ёшли эркакни босиб кетди. Воқеага фуқаронинг эҳтиётсизлик оқибатида темирйўлга чиқиб қолгани сабаб бўлган.
6, 13, 20, 27 апрель кунлари 60/59-сонли Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида қўшимча 4 та рейс ҳаракати йўлга қўйилди.
Интерпол томонидан фирибгарликда гумонланган эркак Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ташкилот қидирувидаги шахсларни ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга олиб келиш бўйича биринчиси бўлди.
ДХХ ва ИИБ Самарқандда фуқароларни $24 минг эвазига Канадага жўнатишда гумонланган аёлни ушлади. У келишилган пулдан 4 минг доллар олган вақтда қўлга тушгани айтилмоқда.
27 мартдан 15 апрелгача Тошкентдан ҳаракатланувчи бир нечта маҳаллий ва хорижий йўловчи поездлар ҳаракати жадвалига ўзгартириш киритилди. Бунга кўприкда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб бўлди.
Тижорат банклари 27 март куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 280 — 11 415 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 440 — 11 485 сўм.
Тошкентнинг Шота Руставели кўчасида ЙТҲга учраган Malibu вертикал ҳолатда дарахтга «осилиб қолди». ЙҲХБ ҳайдовчи бошқарувни йўқотганини маълум қилди. Бир йўловчи жароҳатланган.
Тошкентда 33 ёшли спортчи оилавий тортишув сабабли 28 яшар турмуш ўртоғини, кейинроқ 7 ёшли ўғлиини уриб, тан жароҳати етказди. Тошкент ИИББга кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
ЕИ Россияга «икки мақсадли» технологияларга эга техникалар олишга ёрдам берадиган давлатларга савдо чекловларини жорий этишни режалаштирмоқда. Гап, хусусан, ЕИдан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга экспорт қилинаётган кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва фотокамералар ҳақида бормоқда.
Тошкентнинг Олмазор туманида 17 минг абонент юқори вольтли подстанциядаги авария туфайли икки кундан ортиқ вақт давомида электр таъминотисиз қолди. Бунинг натижасида сув таъминотида ҳам узилишлар юзага келди. Аварияни бартараф этишга электр тармоқларининг 84 нафар ходими жалб қилинди.
Собиқ Тошкент маданият бош бошқармаси раҳбарлари ўтган йили 20 млрд сўмлик фестивалларни тендерсиз ўтказиш бўйича шартномалар имзолаган. Бундан ташқари, фестиваллар давомида 8 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган, дея хабар қилди Бош прокуратура хабарида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг