Шавкат Мирзиёев 1 ноябрда Германия ташқи ишлар вазирини қабул қилади. Учрашувда 2 томонлама муносабатлар муҳокама қилинади. 3 ноябрь куни БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири билан учрашув режалаштирилган. Шунингдек, иқтисодиёт ва одил судлов масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилиши кўзда тутилган.
1 ноябрдан ўзбек-қозоқ чегарасидаги «Навоий — Қоплонбек» автойўл ўтказиш пункти 19 ойга ёпилади. Пунктда модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.
77 ёшли Лула да Силва сайловда Жаир Болсонарони қийинчилик билан мағлуб этди ва учинчи бор Бразилия президенти этиб сайланди. У 2017 йилда коррупцияда айбланиб қамалганди, бироқ орадан 1,5 йил ўтиб Олий суд уни озодликка чиқарган.
Президентдан «Саҳродан музликкача» туризм магистралини қуриш доирасида Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларини боғлайдиган, Чироқчи туманидан ўтувчи 30 кмлик йўлни таъмирлаш бўйича амалий ёрдам сўралди. Давлат раҳбари розилик билдириб, бусиз сайёҳлар Қашқадарёга кела олмаслигини таъкидлади.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов Чингиз Айтматов номидаги мукофотни қўлга киритди. Мукофот Қирғизистон Жогорку Кенеши таклифи билан 2012 йил ноябрь ойида таъсис этилган.
Президент Администрацияси раҳбари иссиқхоналарни газдан узиб қўйган мутасаддилар ҳаракатини «давлат хавфсизлигига таҳдид», деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, газнинг атиги 1,5 фоизи тежалган, лекин экспорт ва иш ўринлари «ўлдирилган». У «газ ўғрилайдиган» АГТКШлар билан шуғулланишни топширди.
Ноябрь ойи республика шимолига нам булутли массивлар кириб келиши ҳисобига ёғингарчиликлар билан бошланиши кутилмоқда. Ҳафта давомида республиканинг турли вилоятларида ёмғир ёғади. Ҳарорат ҳам ўзгариб туради. Кундузи ўртача +12…+17 даража атрофида бўлиши мумкин. Туман тушиши эҳтимоли бор.
«Ўзбек тили ойлиги»нинг сўнгги мақоласи муаллифи Акмал Соҳибов шундай ёзади: «Аксар чет сўзларини рус тили ва кирилл алифбоси орқали олиб, янги ўзбек алифбосида ёзмоқдамиз. Бу амалиётдан воз кечиш пайти келди. Энди «воситачи» тилларни четга суриб, ўзбек тили имкониятларидан кенг фойдаланиш шарт».
Ҳиндистоннинг Морби шаҳридаги кўприк олти ойлик таъмирдан сўнг очилганидан бир неча кун ўтиб қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида камида 132 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин инсонлар касалхонага ётқизилди. Воқеа сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат қўмитаси тузилди.
Тошкентда ҳақиқатан ҳавонинг ифлослиги, нафас олиб бўлмаслигини сездим, деди Нобель мукофоти совриндори Рае Квон Чунг «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда. Профессорнинг фикрича, жамоат транспортини кўпайтириш, автомобилда шаҳар ичига кирмаслик зарур. Акс ҳолда вазият бундан ҳам ёмонлашади.
ДХХ томонидан Пахтачи туманидаги фуқарога 474,7 грамм қуйма олтинни 287 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахслар ҳибсга олинди. Экпертиза хулосасига кўра, рангли металлнинг 469,5 грамми «999,9» пробали соф олтин бўлган. Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Марказий банк 31 октябрь кунги долларнинг расмий курсини 11 180,48 сўм этиб белгилади. Тижорат банклари ҳам долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.
Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича Фишер номидаги жаҳон чемпионатининг бронза медали учун кечган баҳсда тўртинчи ўринни эгаллади. У Магнус Карлсенга имкониятни бой бериб қўйди.
ИИВнинг жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритиш борасидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат билан, маҳкумларниинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиши учун интернетдан фойдаланиши мумкин бўлади.
«Насаф» уч карра Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди ва бу кўрсаткич бўйича «Навбаҳор» билан тенглашиб олди. Ушбу жамоалар айни вақтда Ўзбекистон Суперлигасида ҳам чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бўлиб турибди.
Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Фишер шахмати бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финалида америкалик Хикару Накамурага имкониятни бой берди. Эндиликда ўзбекистонлик шахматчи турнирда учинчи ўрин учун Магнус Карлсенга қарши баҳс олиб боради.
Россия Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш келишувидаги иштирокини тўхтатгани, украиналик ҳарбийлар британиялик мутахассислар иштирокида «дон йўлаги»ни қўриқлаётган Россия кемаларига ҳужум қилганини маълум қилди. Британия Мудофаа вазирлиги бу иддаони ёлғон деб атади.
Тошкент вилоятида қиймати 26 млн сўмдан ортиқ 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни муомалага чиқаришда гумонланган шахслар қўлга олинди. Уларнинг пулларни Бўстонлиқдаги ижарага олган дала ҳовлисида тайёрлагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентдаги Аҳмад Дониш кўчаси реконструкциядан кейин пиёдалар учун ноқулай ва хавфли бўлиб қолди. Натижада аравачали ота-оналар ва қариялар қатнов қисмидан кесиб ўтишга мажбур бўляпти. Ваъда қилинган тирбандликлар ҳам йўқолмаган. «Газета.uz» фуқароларнинг ўзгаришлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида содир бўлган тиқилинчда энг камида 153 киши ҳалок бўлгани муносабати билан Жанубий Корея президентига таъзия йўллади. Ўзбекистон ТИВ ҳодиса сабаб яна бир ўзбекистонлик жароҳат билан шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг