Онлайн мактаб шаҳодатномаси, Тошкент халқаро аэропортида ишга тушган МИБ бўлими, тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни икки давлат президентлари билан муҳокама қилган Шавкат Мирзиёев, АҚШ келишув эвазига Ўзбекистонга афғон самолётларини бериши мумкинлиги ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
Россия Давлат думаси ҳарбий хизматга қарши жиноятларни оғирлаштирувчи ўзгартиришларни қабул қилди. Унга кўра, хизмат даври сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат ҳисобланиб, бунда буйруқларни бажармаганлик, дезертирлик ва хизматдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Тошкентдаги «Азиз ота» жоме масжиди имом ноиби ижтимоий тармоқ орқали «самосуд»ни ёқлаб чиқиш қилгани учун ишдан олинди. Мусулмонлар идораси амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи бу каби чиқишларни қоралади.
«Газпром» «Шимолий оқим-1» газ қувури орқали газ таъминоти номаълум муддатга тўхтатилганини эълон қилди. Европа қишга Россия газисиз тайёргарлик кўрмоқда ва ҳозирда Европа газ омборлари 82 фоизга тўлдирилган. Аммо қиш мавсумидан қийинчиликларсиз чиқиш учун бу етарлими? Вазиятни кўриб чиқамиз.
Туркия президенти Pbs нашрига берган интервьюси ШҲТ саммити доирасида РФ раҳбари билан бўлган суҳбатнинг таассуротлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, у Россия ва Украина ўртасидаги ҳолат муаммоли тус олаётгани, ўзаро манфаатли келишув доирасида урушга тезроқ барҳам бериш кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди. Улар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеани муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва икки томонлама келишувларга эришилганини олқишлади.
Ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТнинг Нью-Йоркда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Бош котиб Ўзбекистон ва БМТ ўртасида кенгайиб бораётган ҳамкорликни олқишлади. Гутерриш Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва иқлим каби соҳаларда ишончли ҳамкор эканини қайд этди.
Сирдарёда икки шахс фуқарони мансабдор танишлари орқали Ирригация институтининг Қарши филиалини тугатганлик тўғрисида диплом олиб беришига ишонтирган. Бухорода ҳам туризм ва маданий мерос техникумига ўқишга киритиш эвазига фуқаролардан пул олган шахслар аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Мактаб шаҳодатномасини йўқотганлар учун ҳужжат дубликатини масофадан туриб олиш хизмати яратилди. Бунинг учун ягона порталга (my.gov.uz) ариза юборилади. Дубликат электрон шаклда берилгач, мактабдан берилган аттестат ўз кучини йўқотади.
Эмомали Раҳмон телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёевга тожик-қирғиз чегарасидаги воқеалар ривожи ҳақида маълумот берди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 28,83 сўмга арзонлаб, 10 950,46 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси ҳам пасайди, евро эса кўтарилди.
Шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча ҳар ойлик устама тўланадиган 297 та олис ва чекка ҳудуд рўйхати тасдиқланди. Уларнинг маошига 2 млн сўм устама белгиланади ва ипотека асосида уй-жой сотиб олишда 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади.
24 сентябрь куни Food City савдо мажмуаси улгуржи бозор очилишига таклиф қилади. Ушбу бозорда савдо эрталабки соатларда амалга оширилади.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида қурилиш чиқиндиларини ортиб кетаётган юк машинаси янги қурилган кўприкнинг четига ағдарилди. Ҳайдовчи қўлидан жароҳат олди. Ҳозирда ушбу йўлнинг бир қисми таъмирлаш учун ёпилган.
АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистонга «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш» бўйича норасмий келишув эвазига афғон самолётларининг бир қисмини бериши мумкин, деб ёзади Politico нашри.
Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш ва қурилишига масъул бўлган яна 29 кишига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Уларнинг 3 нафари 5 йилдан 10 йилгача қамалди, қолган 26 нафари эса жаримага тортилди. Уларга шунингдек, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш тақиқланди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Индонезия таълим университети билан қўшма таълим дастурлари учун қабул бошланди. Қабул 21 сентябргача давом этади.
«Давлат фуқаролик хизмати соҳасида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳаси муҳокама учун порталга қўйилди. Низом билан давлат фуқаролик хизмати тизимида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунга риоя этилишини таъминлаш мақсадида мониторинг ўтказиш тартиби белгиланиши кутилмоқда.
Паркент туманидаги хонадонларнинг бирида XVI-XVII асрларга оид мис тангалар топилди. Уларнинг сони 939 та эканлиги аниқланиб, ўрганиш ва давлатга топшириш учун уй эгаларидан олинди.
Наманганнинг Мингбулоқ туманида Lacetti юқори тезликда келиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан югуриб ўтаётган 5-синф ўқувчисини уриб юборди. Қиз касалхонада вафот этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг