Ўзбекистон мактабларида маънавий-маърифий ишларни баҳолаш мақсадида 1 сентябрдан «Намунали мактаб» рейтинги жорий қилинади. Унинг натижалари асосида мактаблар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади. Агар мактаб «қизил» тоифага тушиб қолса, давлат органлари у ерда учрашув, мотивацион суҳбат ва мастер-класслар, «Ватанпарварлик» дарслари ва полигонларда икки кунлик ҳарбий-дала машғулотлари, қолаверса, «Ватанга хизмат — олий фазилат» мавзуларида давра суҳбатларини ўтказади.
Молия вазирлиги буғдой ишлаб чиқаришдаги ислоҳотлар, яъни буғдой нархини эркинлаштириш ортидан ун ва нон нархларининг сезиларли ўзгаришини кутмаяпти. Молия вазирлиги департамент директори Тўлқин Мирзаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда буғдой ва ун бозорининг 70−80 фоизи бозор нархларида шаклланмоқда. Қолаверса, давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.
Фарғонага борган президент, инсон аъзолари трансплантацияси тўғрисидаги қонун қабул қилингани, сел туфайли транспорт ҳаракати тўхтатилган Сўх-Риштон йўли, туман ҳокими устидан арз қилиб, президентга мурожаат йўллаган фарғоналик фермер, Сурхондарёдаги 5 баллик зилзила ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 12 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги болалар майдончаларидан бирида бир неча бола қўлидан оғир жароҳатлар олди, баъзиларининг бармоқлари ампутация қилинди. Мазкур майдонча «Обод маҳалла» дастури доирасида 2021 йил сентябрь ойида қурилган эди.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Бунёдкор шоҳ кўчасида ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Spark автомашинаси билан тезликни оширгани сабабли устунга бориб урилди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, энди хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари қишлоқ хўжалигидаги ширкат хўжалигининг улушдори бўлиш учун субсидия олиши мумкин. Шунингдек, ишсиз фуқаролар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтса, дастлабки 3 ойда бино ва иншоотларнинг ижараси қоплаб берилади. Қолаверса, иссиқхона қуриш, суғориш воситалари ва кўчатларни харид қилиш учун 810 мингдан 8,1 млн сўмгача судсидия берилади.
Финляндия президенти ва бош вазири мамлакат НАТОга аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза топшириши кераклиги ҳақида қўшма баёнот берди. Охирги сўровларга кўра, Финляндия фуқароларининг 76 фоизи альянсга қўшилиш тарафдори. Россия Украинага бостириб киргунига қадар бу кўрсаткич 25%ни ташкил этган.
Пайшанба куни соат 15:27 да Сурхондарё вилоятида 5 баллик зилзила содир бўлди, эпицентр — Бойсун тумани. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ўнлаб ҳудудларида 2 баллдан 5 баллгача бўлган ер силкинишлари кузатилди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқда ташкил этилган адирликдаги минг гектарлик плантациядан бошлади. Бу ерда 560 гектарда токзор барпо этилган, 300 гектарлик интенсив боғда эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилмоқда. «Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади», — деди президент.
Президент қарорига кўра, мактабларда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагогларга 50%, миллий тест тизимида олинган сертификатга эга ўқитувчиларга 20% устама тўланади. Кутубхона ҳодимларининг ойлиги эса 1,2 бараварга оширилади. Қолаверса, 1 сентябрдан «Намунали мактаб» рейтинги жорий этилади.
Самарқанд вилоятида Nexia автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ва 29 ёшли эркак ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи тирик қолган, ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган.
Президент инсон аъзолари трансплантациясига оид қонунни имзолади. Унга кўра, инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш тиббий хулоса асосида ва беморнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Мурда аъзоларини олишга эса унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади. Қонун билан шунингдек, инсон аъзоларини ва тўқималарини олиш тақиқланган ҳолатлар ҳам белгилаб берилди.
Президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида фермер Иқболжон Мелибоев Бувайда тумани ҳокими устидан шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади. Буни ёритган фарғоналик журналистга босим ўтказилгани ва ишдан бўшаш ҳақида ариза сўралгани айтилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни ўрганишни бошлади. Жамоатчилик фаоллари эса мазкур ҳолатни кескин қоралаб, «фермер ва журналистдан қўлларни тортишни» талаб қилмоқда.
2020 йилда бошланган пандемия давридан буён Шимолий Кореяда коронавируснинг биринчи ҳолати аниқланди. Мамлакатда чегара назорати кучайтирилди, шаҳарларда локдаунлар жорий этилмоқда.
Президент фармони билан Самарқанд аэропортини бошқарувчи Air Marakanda компаниясига иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди.
Ҳукумат кутилаётган сув танқислиги шароитида Ўзбекистонда суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлади. Мамлакат бўйича лимит 28,2 млрд куб метр сувни ташкил этади, бу ўтган йили олинган сувнинг тахминан 94,5 фоизига тенг.
Сўх-Риштон автомобиль йўлига сел натижасида лой ва тошлар оқиб келгани сабабли транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Май ойининг ўрталаридан «Нукус — Бейнеу — Нукус» ва «Олмаота — Тошкент — Олмаота» темир йўл қатновлари қайта тикланмоқда. Уларнинг йўлга қўйилиши олдинроқ режалаштирилганди, бироқ Қозоғистондаги карантин чекловлари туфайли кейинга қолдирилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 12−13 май кунлари Фарғонага боради. Ташриф давомида маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари кўздан кечириш, йиғилиш ўтказиш ҳамда корхоналар фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
«Ўзбекнефтгаз» компаниясида раиснинг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари, қурилиш ва транспорт ҳамда иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимга тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг