Президент Шавкат Мирзиёев 3−4 март кунлари Покистонга давлат ташрифини амалга оширади. Иккитомонлама музокараларда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. «Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди», — дейилади баёнотда.
Рублнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,38 сўмга пасайиб, 99,73 сўмни ташкил қилди. Рубль курси 2017 йил 5 сентябрдан буён илк бор 100 сўмдан пасайди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, доллар курси эса кўтарилди.
Қарши туманида фуқаро «Микрокредитбанк» масъул ходимлари билан бошқа фуқаро номига корхона очиб, 1,9 млрд сўм кредит ажратиб бергани ва шундан 1,1 млрд сўмни маҳсулот хариди учун ўтказиш орқали талон-торож қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
163 нафар Нобел мукофоти совриндорлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши очиқ хат билан чиқишди. Улар Россиянинг хатти-ҳаракатларини мустақил Украина давлати ва Украина халқига «президент Путин бошчилигидаги асоссиз ҳарбий тажовуз», деб баҳолаган. Россия томонидан Украина ҳудудига бостириб кирилиши БМТ Низомини қўпол равишда бузиш ва 1994 йилги Будапешт меморандумига нисбатан беписандлик эканлиги қайд этилган.
Европа Иттифоқи ВТБ (Россиядаги иккинчи йирик банк), Россия банки, «Открытие», Совкомбанк, Новикомбанк, Промсвязьбанк ва ВЭБ банкларини SWIFT тизимидан узиб қўйди. Шунингдек, ЕИ Россияга евродаги банкнотларни сотиш, етказиб бериш ва экспорт қилишни ҳам тақиқлади.
Қозоғистондаги январь воқеалари вақтида намойишчилар томонидан вайрон қилинган ва ёқиб юборилган Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Олмаота шаҳридаги қароргоҳи бузилади. Президент матбуот котиби Берик Уали унинг ўрнида шаҳар аҳолиси учун сайилгоҳ барпо этилишини маълум қилди.
1 февраль ҳолатида Ўзбекистон банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 5,4 фоиз ёки 503 млрд сўмга кўпайди. NPL ўсишининг асосий қисми давлат улуши мавжуд банклар ҳисобига тўғри келади. Ушбу банкларда NPL 453 млрд сўмга ортган. Хусусий банкларда эса бу кўрсаткич қарийб 50 млрд сўмни ташкил этди.
БМТ маълумотларига кўра, Украинадаги жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган ва уй-жойини тарк этган 6 миллиондан ортиқ одамнинг гуманитар эҳтиёжлари учун келаси уч ой ичида 1,1 млрд доллар керак бўлади. «Аммо энг самарали инсонпарварлик ёрдами қуролларнинг овозини ўчиришдир», деди бош котиб Антонио Гутерриш. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Украинага ёрдам пакетларини тайёрлаётганларини билдирди.
Чоршанба куни депутатлар «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат билан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ва уларга номзодлар очиқ танлов асосида танлаб олинади. Давлат хизматчисига тадбиркорлик билан шуғулланиш, хизмати эвазига жисмоний ва юридик шахслардан мукофот ёки совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, Ўзбекистондан ташқарида банк ҳисобрақами очиш, кўчмас ва бошқа мулкка эгалик қилиш тақиқланмоқда. Ҳужжат Сенатга юборилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
Чоршанба куни COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Pfizer вакцинаси билан эмлашда ишлатиш учун 669 минг долларлик шприц ва уларни хавфсиз утилизация қилиш учун қутилар келтирилди.
Олий ва ўрта махсус таълимда фидокорона меҳнат қилаётган, ташаббускор, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқароларни 2 турдаги кўкрак нишон билан тақдирлаш таклифи илгари сурилди. Мукофотлар 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни байрами арафасида топшириш режалаштирилмоқда. Ғолибларга нишон билан бирга БҲМнинг 4 бараваригача пул мукофоти ҳам бериш кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамаси президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг режасини ишлаб чиқади.
Президент 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламагани, бугунги кунда жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, энди алиментдан қарздорликни давлат тўлаб беради, кейинчалик МИБ қарзни ундириб олади. Бунинг учун «Алимент тўловлари» жамғармаси ташкил этилиб, унга дастлаб 50 млрд сўм ажратилади.
АҚШ президенти Жо Байден Россия самолётлари учун Америка осмони ёпилишини эълон қилди. Бундан ташқари, АҚШ Адлия вазирлиги «Россия олигархларининг жиноятларини тергов қилиш» учун махсус гуруҳ тузади. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар раҳбари америкалик ҳарбийлар Украинадаги рус қўшинлари билан қарама-қаршиликда қатнашмаганини ва қатнашмаслигини ҳам таъкидлади.
Президент фармонига асосан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилиши муносабати билан Маҳалла вазирлиги номи ўзгартирилиб, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Шунга мувофиқ, эски лавозимлар тугатилиб, янгилари жорий этилмоқда. Қолаверса, 1 июлгача «Маҳалла тўғрисида» ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам белгиланди.
Россия молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рубль қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин? Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқул? Эҳтимолий инқироз оқибатларига қарши кураш учун қандай чоралар кўриш керак? «Газета.uz» шу ва бошқа саволлар бўйича иқтисодчи мутахассислар фикри билан қизиқди.
Баҳорнинг биринчи кунида Ўзбекистонда 95 кишининг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани кўрсатди. Яна 11 кишида пневмония аниқланди.
Россия президенти Владимир Путин мамлакатдан қиймати 10 минг доллардан ортиқ хорижий валютани олиб чиқишни тақиқловчи фармонни имзолади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг