Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрамини умумхалқ сайиллари шаклида ўтказишга рухсат берувчи қарорни имзолади. Жумладан, Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайиллари ташкил этилади. Байрам арафасида умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вақти-вақти билан нафақат бефойда, балки зарарли бўлган, вазиятни яхшилашга ёрдам бермайдиган ташаббуслар билан чиқмоқда. Улардан бири — йўлларга ўқувчилар муляжларини ўрнатишдир. ЙҲХБ ва ҳокимиятлар ҳатто мутахассис бўлмаганлар ҳам кўриб турган камчиликларни пайқаганлари йўқ.
АҚШ Россиядан хавфсизлик чоралари бўйича жавобни қабул қилгани, Донбассда сукунат режимини бузиш ҳолатлари кескин ошгани, Туркманистон президентлигига иккинчи номзоднинг маълум қилингани, Бельгияда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтилиши мумкинлиги ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
ЙТҲлар сони йил давомида 43 фоизга, ўлим эса 24 фоизга кўпайгани, 3 йил бир постда ишлаган божхоначиларнинг ротация қилиниши, $100 минг пора билан ушлангани айтилган Жиззах пединститут ходими, Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланган Шомуродов, реконструкция қилинадиган Бобур кўчаси, МОҚ раислигидан кетган Рустам Шоабдураҳмонов ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 17 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент фармонига мувофиқ, 1 апрелдан ногирон бўлиб қолган муддатидан қатъий назар имконияти чекланган шахсларга бир хил миқдорда — 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланади. 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она-оталарга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда (500 минг сўм) янги нафақа жорий этилмоқда.
Afisha.uz барча ижтимоий тармоқларда верификация белгисини олган Ўзбекистондаги маданий-кўнгилочар ҳаёт ҳақидаги биринчи ОАВга айланди.
Жаҳон банки Ўзбекистоннинг миллий статистика тизимини модернизация қилиш бўйича беш йиллик лойиҳага 50 млн долларлик имтиёзли кредит ажратади. Ушбу маблағлар қисман 2023−2024 йилларда ўтказиладиган аҳолини ва уй-жой фондини ҳамда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларига ҳам йўналтирилади.
«Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчиси BYD Auto Industry ўртасида Ўзбекистонда электромобиль ва электробуслар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. UzAuto раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров буни «электромобиллар келажаги сари биринчи қадам» деб атади.
KFC`нинг Ўзбекистондаги вакиллари барча таомларнинг «Ҳалол» стандартларига мувофиқлиги ҳақида хабар берди.
Юнон-рум курашчиси Султонбек Элмуратовдан 2021 йил октябрь ойида мусобақадан ташқари даврда олинган допинг синамасидан тақиқланган Фуросемид моддаси аниқланган. Спортчи 2025 йил 22 декабрга қадар спортдан четлатилди.
Кадастр агентлиги директори Фазлиддин Умаров Самарқанд шаҳар ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Бобурмирзо Облакуловнинг ўрнини эгаллади.
ДХХ Нукус давлат педагогика институти қурилишида пудратчи «Jayhun Universal Qurilish» ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» мансабдорлари 12,7 млрд сўмни ўзлаштирганини маълум қилди. Бошқа бир ҳолатда эса пудратчи компаниялар кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун бюджетдан ажратилган 17,5 млрд сўмни талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Германиянинг Transfermarkt сайти Марказий Осиё мамлакатлари футбол терма жамоалари рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси 31,80 млн еврога баҳоланиб, минтақа рейтингида пешқадам бўлди. Элдор Шомуродов (12 млн евро) эса ушбу минтақанинг энг қиммат футболчиси дея қайд этилган. Рейтингда охирги ўринни Туркманистон жамоаси эгаллаган.
Марказий Осиё давлатларига наркотрафикка қарши кураш мақсадида чегара пунктлари функцияларини кучайтириш учун ускуналар етказиб берилади. Миқдори тахминан 4,1 миллион долларга тенг беғараз ёрдам Япония ҳукумати томонидан кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси адлия вазири ва Тошкент бош имом хатиби ўртасидаги одамларнинг «дўзахга тушиш-тушмаслиги борасидаги танлови» борасидаги баҳслар юзасидан муносабат билдирди. Идора Одоб-ахлоқ комиссияси чақирилгани, унда имом-хатибларга ихтилофли мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик борасида тушунтириш берилганини маълум қилди.
Ўзбекистонга COVAX глобал дастури доирасида яна 2,8 миллиондан ортиқ Moderna вакцинаси келтирилди.
Январь ойида Ўзбекистон аҳолиси 506,1 млн доллар миқдорида трансчегаравий пул ўтказмаларини қабул қилди. Шунингдек, бу даврда аҳоли чет элга 127,6 млн доллар ҳажмида пул ўтказмаларини юборди. Бу ойда аҳоли банклардан 613,6 млн доллар (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 61 фоизга кўпроқ) хориж валютаси харид қилди, тижорат банклари эса 464,2 млн доллар миқдорида валюта сотиб олди.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида боғча тарбиячилари кўп қаватли уйлар подъездларини тозалашга жалб этилди. Вилоят МТБ улар ўз ихтиёри билан тозалаш ишларида қатнашганини маълум қилди. Шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими эса бу ишларда нафақат боғча тарбиячилари, балки аҳоли, барча ташкилот ва корхоналар ходимлари ҳам қатнашгани, бундан кейин ҳам шундай бўлишини таъкидлади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 11,33 сўмга кўтарилиб, 10 856,41 сўмни ташкил қилди. Евро ва рубль курслари эса пасайди.
Шавкат Мирзиёев пайшанба кунги йиғилишда божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилишини маълум қилди. Қолаверса, ҳар йили уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ходимга имтиёзли ипотека кредити берилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг