Украина атрофида содир бўлаётган сўнгги янгиликлар, Лондонда шаҳзода Чарлзга алоқадор саудиялик тадбиркорга нисбатан тергов бошлангани, Таиланд потахти Бангкок шаҳрининг расмий номи ўзгаргани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Халқ таълими вазирлиги мактабларда қишки таътил кунлари 24 январга қадар узайтирилгани муносабати билан 1-синф ўқувчилари учун февраль ойида белгиланган қўшимча бир ҳафталик таътил берилмаслигини маълум қилди.
1999 йил 16 февралда Тошкентда содир бўлган портлашлар, 3,5 йил ичида бир сўмга ҳам хиёнат қилмаганини айтган Жаҳонгир Ортиқхўжаев, реконструкция лойиҳаси маъқулланган Космонавтлар майдони, ваколатлари кенгайтирилган Маданий мерос агентлиги, Навоий кўчасига қайтмайдиган трамвай, Пекин-2022 қишки олимпиадасида иштирокини якунлаган ўзбекистонлик ягона спортчи ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 16 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 7,92 сўмга кўтарилиб, 10 845,08 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари кўтарилди.
Маданий мерос агентлигидаги Илмий-эксперт кенгаши Тошкентдаги Космонавтлар майдонини таъмирлашга рухсат берди. Лойиҳа «объектнинг тарихий ва бадиий қийматига таъсир кўрсатмаган ҳолда» амалга оширилиши керак.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда давлат чегараси режимини бузиб ўтганда қўлланилган жаримани тўлаган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистондан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги мумкин. Шунингдек, чегара зонасини бузишга оид ишлар ДХХ Чегара қўшинлари томонидан кўриб чиқилади.
Ўртачирчиқда «Капиталбанк» банкоматини ўғрилаб кетган шахслар ушланди. Терговда маълум бўлишича, гумондорлар банкоматни бузиб очишганда, ичида пул йўқлигини кўриб, уни Чирчиқ дарёсига ташлаб юборган. Ушбу ускунанинг баҳоси 145 млн сўм экани айтилди.
Эндиликда Маданий мерос агентлиги кўрсатмаларига риоя қилмаган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиши мумкин. Бунинг учун жарима фуқароларга БҲМнинг — 5 бараваригача, мансабдор шахсларга — 7 бараваргача этиб белгиланди. Шунингдек, моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ва уларга зарар етказиш учун жиноий жазо кучайтирилди.
Трамвайнинг афзалликлари борасида ҳеч қайси мутахассис шубҳа қилмайди. «Дунёда бу масала „ёпилган“», дейди журналист Валентин Богданов. Трамвайнинг йўқ қилиниши сунъий равишда унга нисбат берилган муаммоларнинг ҳеч бирини ҳал қилмади. Жамоат транспорти ўзининг башоратлилиги ва ҳаммабоплигини йўқотди, кўчалар эса янада хавфлироқ бўлди. Трамвай қайтадиган бўлса, «ғилдиракни қайта кашф қилишнинг ҳожати йўқ» — барча линиялар яхши режалаштирилган эди, деб таъкидлайди у.
«Навоий кўчасига трамвай қайтарилмайди», — дея маълум қилди Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов. «Газета.uz» эълон қилган мақоладан кейин ҳокимлик кўчани реконструкция қилиш лойиҳасига ўзгартишлар киритди — у ерга автобуслар учун йўлак қўшилди ва чорраҳалардан бири ўзгартирилди.
Шавкат Мирзиёев чорвачилик тармоғини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўн кун муддатда кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй ва эчкини тарқатиш ишларини бошлашга топшириқ берди. Бу мақсадларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Ундан ташқари, соҳа мутасаддиларига вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда 67 та йирик қўй ва эчкичилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, пандемия ва иқлим ўзгариши шароитида дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётган бир вақтда, айрим туман ҳокимларида аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш учун қандай тизимли ишларни амалга ошириш кераклиги ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.
Тошкент ҳокими олдин ишлаган компаниялари Artel ва Akfa томонидан шаҳарга кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами ҳақидаги саволлардан чарчаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компаниялар баъзи активларини сотиб, маблағларни шаҳардаги лойиҳаларга ҳомийлик қилишга йўналтирмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев қилган савоб ишлари ҳақида ҳеч кимга айтмаганлигини, бу ҳақида афсусланишини билдирди. «3,5 йил ишлаган бўлсам, давлатнинг бир сўм пулига ҳам хиёнат қилганим йўқ», — деди у.
Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Бектош Сайипов Наманган вилояти прокурори этиб тайинланди.
Дин ишлари бўйича қўмита айрим диний соҳа вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги давлат сиёсатини нотўғри тушуниши ва баҳолашини, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилишини таъкидлади. Олдинроқ Тошкент шаҳар имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов адлия вазири Русланбек Давлетовнинг «дўзахга кириш-кирмаслик танловини одамларнинг ўзига қўйиб беринглар» деган сўзларига қарши чиққан эди.
Ўзбекистонда Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилади. Инспекция Давлат бюджети маблағларини сарфлаш самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш йўналишида ишлайди.
Ғафур Ғулом боғини 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Management компанияси вакилининг айтишича, боғни 2022 йил ёзида очиш режалаштирилмоқда. Унинг сўзларига кўра, лойиҳага 4 млн доллар сармоя киритилган. Аввалроқ Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев компанияни сармоявий мажбуриятларни бажармаётгани учун танқид қилган эди.
«Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилган текширувларда «Бухоро нефть базаси»да 22 млрд 58 млн сўмлик хато-камчиликлар аниқланди. Ҳолатларнинг асосий қисми базанинг собиқ бош ҳисобчиси иштирокида амалга оширилгани айтилмоқда. Шунингдек, нефть базасида 5,5 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашуви, қариндош-уруғчилик ва 3,4 млрд сўмлик талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларида тоғ чанғиси спортининг слалом йўналишида Комилжон Тўхтаев 42-натижани қайд этди. Бироқ, дастурдаги техник хато туфайли унинг натижаси ҳакамлар томонидан ҳисобга олинмади. Шу билан унинг Олимпиададаги иштироки якунланди.
ДХХ ИШИД сафида жанговор ҳаракатларда иштирок этганликда гумонланаётган фуқарони Ўзбекистонга олиб келди. Унинг ҳали ҳам «жиҳод» қилиш борасидаги қарашларидан воз кечмагани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг