Президент қарори билан 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилади ва бу уларнинг шаҳодатномасида қайд этилади. 10130 та мактаб, 323 та болалар мусиқа мактаби, 826 та маданият маркази 7 турдаги миллий чолғулар билан 3 тўпламдан таъминланади. Бунинг учун 205 млрд сўм ажратилади.
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилади. Бу давр ичида дарслар ҳам онлайн ҳам офлайн шаклда олиб борилади. ОТМлар имкониятидан келиб чиқиб, алоҳида режа-график асосида офлайн шаклга ўтади, бу ҳақда улар ўзининг расмий сайти орқали хабар беради.
Санкт-Петербургдан Самарқандга қараб учаётган «Аэрофлот» авиакомпаниясига тегишли самолёт Қозоғистонда шошилинч қўнишга мажбур бўлди. Бунга рейс ўловчиларидан бири — Ўзбекистон фуқаросига шошилинч тиббий ёрдам талаб этилгани сабаб бўлган.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишга мўлжалланган Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказга келган номзод назарий саволларга тўғри жавоб бериши ва сўнгра имтиҳоннинг амалий қисмидан ўтиши керак бўлади. Шундагина у ЙҲХББ ёки давлат хизматлари марказларидан ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишига асос бўладиган махсус сертификатни қўлга киритади (фото).
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Географик кўрсаткичлар тўғрисида» ги қонун кўриб чиқилди. Унга кўра, энди тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши керак. Қайд этилишича, ҳозиргача Ўзбекистонда фақат 4 та товар, хусусан, 2 та маҳаллий маҳсулотнинг географик кўрсаткичи рўйхатдан ўтказилган. Сенаторлар ишонтиришича, мазкур қонун минтақавий брендлар ривожланиши ва ҳудудларнинг туристик жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.
ОТБ 2022−2024 йилларда Ўзбекистонда умумий қиймати 2,8 млрд долларга тенг 27 та лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилмоқда. Жорий йилда ОТБ Ўзбекистонга қайта тикланадиган энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергияси, сув ресурслари, шаҳарсозлик ва йўлларга инвестициялар соҳаларида ёрдам кўрсатиш, ипотека бозорини ривожлантиришни давом эттиришни режалаштирмоқда.
1 февраль куни «Умра — 2022» мавсумининг илк зиёратчилари Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтиб келди. Улар «Бақи» қабристони, «Қубо» ва «Қиблатайн» масжидлари ва Ухуд тоғида, шунингдек, Мадина шаҳрида Масжидул Набавийда, Пайғамбарнинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёратда бўлган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов масофавий таълим учун кўплаб махсус платформалар бўлишига қарамасдан, Қашқадарё ОТМларидаги талабалар Telegram орқали ўқитилаётганини танқид қилди. Масофавий таълимни ташкил қилишдаги камчиликлар учун Қарши давлат университетининг Педагогика институти раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари ижтимоий тармоқлар ва olx.uz сайтида квартирани ижарага бераман деб, фуқаронинг пулини ўзлаштирганликда гумонланаётган шахсни қўлга олди. У квартира учун аванс тариқасида берилган 500 минг сўмни ўзлаштирганлиги айтилмоқда.
Сенат раиси Танзила Нарбаева ялпи мажлис вақтида сенаторлар фаолиятидаги тадбирбозликни танқид қилди. «Сенаторлар фақатгина қўмита мажлиси ёки қайсидир тадбирда иштирок этиш билан чекланиб қолмоқда» — деди у. Қолаверса, қўмиталар етарлича ишламаётгани, улар фақат раҳбарларнинг ахборотини тинглаш билан шуғулланаётгани таъкидланди.
АКТ вазири Шерзод Шерматов UzIMEI яширин иқтисодиётга қарши курашиш учун кераклигини таъкидлади. «IMEI керак эмас, IMEI`ни йўқ қилинглар, деган гаплар тагида ноқонуний бозордан „доля“ олиб, фойда қилиб турганларнинг лоббиси турибди», — деди вазир Kun.uz нашрига берган интервьюсида. Шерматов UzIMEI пулли эканлигига тўхталиб, унинг солиқ эканлигини қайд этган.
Президент 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланишини маълум қилди. Жорий йил баҳор мавсумида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилмоқда. Аҳолига камида 10 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул тарқатилади. «Агар Ўзбекистонда экологияни яхшилайман деса, ҳар йили ҳар бир хонадон иккитадан дарахт эксин. Ҳар бир ташкилот бештадан дарахт эксин, қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар», — деди президент.
Пешкўлик фуқаро уй олиш мақсадида март ойида қурилиш корхонаси қурувчисига 150 млн сўм пул берган. Қурувчи уйни расмийлаштириб бермагани учун фуқаро пулини қайтаришни сўраган. Пулини ололмаган эркак ўзини-ўзи ёқиб юборган, натижада танасининг ярми куйган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Финляндия ҳукумати Ўзгидромет салоҳиятини модернизация қилишга йўналтирилган лойиҳага 2 млн евро грант ажратишни маъқуллади. 3 йиллик лойиҳа табиий офатларни прогноз қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишни рағбатлантиришни назарда тутади.
Самарқанд туманида фермер ўзига қарашли хўжаликнинг суғориладиган еридан 1 гектарини фуқарога иссиқхона қуриш учун сотиш ва ҳужжатларни тайёрлаб беришни келишиб олгани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 20 минг доллар олган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Самарқанд вилояти ҳокими танқидий материал ёзувчи журналист ва блогерларни моддий рағбатлантиришини маълум қилди. «Негатив» материал учун рағбатлантириш ишлари 15 февралдан бошланиб, ҳар ҳафта амалга оширилиши айтилди. Маблағлар ишида камчиликка йўл қўйган давлат хизматчилари ойлигидан тушган жарималар ҳисобига тўланади.
Коронавирус юқтириб олганларнинг кунлик сони 22 январь максимал (1478 та) даражага етгандан бери илк бор — 1000 тадан камайиб, 926 тани ташкил қилди. Энг юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудуд Тошкентлигича қолмоқда — 431 та. Ковид асоратлари оқибатида 4 нафар бемор вафот этди. Қолаверса, 188 кишида пневмония аниқланди.
Шахрилло Махмудов ва Абдулло Аслонов туризм ва спорт вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди. Ҳозирга қадар вазир ўринбосарлари бўлган Ўткир Саидов ва Авазжон Каримов эса лавозимдан озод этилди.
UzAuto Motors компанияси блэкаут оқибатида компонентларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ишида юз берган узилишлар, шунингдек, олиб сотарлар сонининг кўпайиб кетгани боис Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун аризалар қабул қилишни қайта тиклай олмади. Декабрда тўхтатилган шартномаларни қабул қилиш жараёни 1 февралдан қайта тикланиши режалаштирилган эди.
Европа ҳудудида ишсизлик даражаси рекорд даражада пасайгани, АҚШ ташқи қарзининг 30 трлн доллардан ошгани, Борис Жонсон рус аскарининг Украина ҳудудига қадам босиши биланоқ санкциялар жорий қилишини маълум қилгани, Тожикистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатиши, «Толибон» ҳукуматида илк бор аёллар бошқарув лавозимига тайинлангани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг