Тошкентда жорий этиладиган Инсон қадри индекси ва унинг кўрсаткичлари, қонун номига тортишган депутатлар, сносга тушган ҳужжати йўқ уйларга ҳам компенсация тўланиши, телеканаллардаги фильмлар кетига тушган АОКА, ўқувчиларга уй вазифаларини мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали жўнатишга руҳсат берилгани, Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 1 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент ҳайвонот боғчасида айиқ вольерига ўзининг уч ёшли қизини ташлаб юборган аёл психоневрологик диспансер рўйхатида турган, оилада босимга учраган ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлган. Ҳодиса тафсилотлари.
Тошкентда ички ишлар органларининг деярли барча бўлинмалари электрошокер қурилмалари билан таъминланди. Улардан йўл-патруль хизматини ва жамоат тартибини таъминлаш учун махсус рухсатномага эга бўлган ходимлар фойдаланади. Ходимлар ССВ билан келишилган махсус тайёргарликдан ҳам ўтган.
Қонун лойиҳаси номида ер участкаларини олиб қўйиш «давлат эҳтиёжи учун» эмас, балки «жамоат эҳтиёжлари учун» деб қайд этилгани депутатлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Расул Кушербаев «гап номда эмас, балки қонунни ишлашида» эканлигини қайд этди. Бошқа депутатлар эса «жамоат» тушунчасига қонунчиликда таъриф йўқлиги, «мавҳум нарса ҳеч қачон халққа фойда келтирмаслигини» таъкидлашди. Дониёр Ғаниев эса адлия вазири ўринбосари билан тортишди. Баҳсларга қуйи палата спикери якун ясади.
Бош прокуратура Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш қўзғатди. У ўзининг турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli телеканалига давлат буюртмаларини берганликда гумон қилинмоқда. Абдухолиқов кўпи билан 8,1 млн сўм жаримага тортилиши мумкин.
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларга масофавий таълим жараёнида бажарилган уй вазифаларини ўқитувчиларга фақатгина Kundalik тизими орқали эмас, балки мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам юборишга рухсат берди.
Aдлия вазирлиги Ўзбекистон биатлон федерациясини давлат рўйхатидан ўтказди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Кинотеатр» давлат телеканалида намойиш этилган «Баунти» фильмининг очиқ саҳналари юзасидан ўрганиш ишлари олиб бормоқда.
Президентнинг тегишли фармонига кўра, 1 мартдан барча имтиёзли тоифага кирувчи қўшимча 30 минг нафар фуқарога, уларнинг пенсия нафақа олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб бормаслигидан қатъий назар, 130 минг сўм миқдорида компенсация тўлови жорий қилинади. Бундан ташқари, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга ҳар ой 289 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги инновацион клиникада тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш лойиҳаси учун қарийб 6,9 миллион доллар ажратди.
ДХХ Тожикистондан Ўзбекистонга олиб кирилган 10,7 кг «гашиш» ва 2 кгдан ортиқ «опий» гиёҳванд моддаларини мусодара қилди. Шунингдек, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида Қирғизистондан олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланганлар аниқланган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 8,14 сўмга кўтарилиб, 10 813 сўмни ташкил этди. Шунингдек, евро курси 102,09 сўмга, рубль курси эса 0,89 сўмга юқорилади. Ушбу ўзгаришлар 2 февралдан кучга киради.
Тожикистон 2021 йилда 2,5 млрд кВт/соат электр энергияси экспорт қилган. Шундан 1 млрд кВт/соат ресурсларни Афғонистон 55 млн долларга сотиб олган. Ўзбекистон ҳам худди шу миқдордаги электр энергияси импорти учун 23 млн доллар маблағ сарфлаган.
Ўзгидромет Ўзбекистонда февраль ойидаги об-ҳавонинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда энг иссиқ ва энг совуқ кечган февраль ойлари ҳақида маълумот берди. Синоптиклар бу йил февраль ойида об-ҳавонинг дастлабки прогнозини ҳам тузиб чиқди.
Депутатлар кўриб чиққан қонун лойиҳасига кўра, ҳужжати бўлмаган уйлар «снос» га тушганда, уларга ҳам компенсация тўлаб бериш таклиф этилмоқда. Бунда даъвогар мулкка 15 йил давомида ошкора ва узлуксиз эгалик қилган ҳамда солиқларни тўлаган бўлиши лозим. Лойиҳа қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Тошкентдаги маҳаллалар аҳолиси муаммоларини ўрганиш учун жорий қилинадиган Инсон қадри индексини 8 та кўрсаткич асосида ҳисоблаб чиқиш таклиф этилган. Буларга соғлиқни сақлаш, таълим, хавфсизлик, бандлик, даромад ва бошқа йўналишлар киради. Президент ушбу индекс қайси фуқаро ёки хонадон билан биринчи навбатда ишлаш кераклигини аниқлаб беришини таъкидлади.
Марказий Осиё энерготизимидаги йирик авария туфайли Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси экспорти вақтинча тўхтатилган эди. Айни вақтда энергияни етказиб бериш қайта тикланган.
Сенат ҳукуматга газ баллон билан жиҳозланган транспорт воситалари хавфсизлиги бўйича парламент сўрови тайёрламоқда. 2021 йилда шу турдаги транспорт воситаларидаги 14 та портлаш ва 2 та ёнғин натижасида 14 киши ҳалок бўлган, 9 киши жароҳатланган.
Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов Ўзбекистонда коронавирус билан янги касалланиш ҳолатларининг 85 фоизи «омикрон», 15 фоизи «дельта» штаммига тўғри келаётганлигини таъкидлади. Унинг айтишича, аксарият беморлар касалхонада даволаниши шарт эмас, лекин ваҳима сабабли одамлар турли йўллар билан шифохонада даволанишга ҳаракат қилмоқда.
2022 йилнинг январь ойида инфляция кўрсаткичи 0,9 фоизни, йиллик нисбатда эса 9,8 фоизни ташкил қилди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,3 фоизга ошган, энг қимматлаган соҳалардан бири ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг