Ўзбекистонга Европанинг 8 та давлатидан, қолаверса, Австралия, Исроил ва Мисрдан кириб келувчи йўловчилар учун 10 кунлик мажбурий карантин тартиби бекор қилинди. Бундан ташқари, Африка давлатлари ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар тикланади.
Оҳангаронда 30 гектарда қуриладиган чиқинди полигони,экология муаммолари бўйича йиғилиш ўтказган Шавкат Мирзиёев, президентга маслаҳатчи бўлган Музаффар Комилов, археология ёдгорлигини тадбиркорга сотиб юборган Паркент тумани ҳокимлиги, $1,6 млнни ноқонуний олиб чиқишга уринган қизғизистонликлар, бекор қилинган 11 млрд сўмлик кешбэк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 2 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Республика махсус комиссияси хориж тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин ўташ муддатини 14 кундан 7 кунгача қисқартирди.
Тошкентдаги «Туркистон» метро бекати устидаги кўчанинг бир қисми фойдаланишга топширилганидан олти ой ўтиб чўкди. Кўча президент томонидан 2020 йил Мустақиллик байрами арафасида очилган эди. Пудратчи Transyo`lqurilish-Jizzax (тендерсиз танланган) кўча «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли «Кўприкқурилиш» трести корхонаси айби билан чўкканини маълум қилди. Лойиҳада Тошкент ҳокими билан боғлиқ лойиҳа ташкилоти ҳам иштирок этган. «Газета.uz» вазиятни ўрганди.
Транспорт вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамда ҳокимликлар авиа ва поезд чипталари харидини тартибли равишда ташкил этади ва доимий ишлайдиган Штаблар фаолиятини йўлга қўяди. 50 фоизлик чегирмалар эса сақлаб қолинади. «Ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди», — дейилади ССВ хабарида.
7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади.
Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлигига нисбатан секинроқ ўсган, натижада таълим соҳаси вакиллари жамиятнинг бошқа вакилларига нисбатан камбағаллашган. «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Миркомил Холбоев ўқитувчиларнинг реал даромадлари қандай камайиб борганлиги ва бунинг оқибатлари ҳақида.
Тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этадиган ягона ўзбекистонлик спортчи ҳисобланади. «Газета.uz» ундан чанғичиларнинг Ўзбекистон ва хорижда қандай тайёргарлик кўраётгани, ғалаба қозониш имкониятлари ва мамлакатда ушбу спорт турини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ҳақида сўради.
Президент видеоселекторда Оҳангарон туманининг 30 гектар майдонида 17 млн долларлик маиший чиқинди полигони қурилишини маълум қилди. Қолаверса, у ресурсини ўтаб бўлган 24 та чиқинди полигонини кўмишни буюрди. Бундан ташқари, полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.
Ўзбекистонда қиш ва баҳор ойларида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун қарийб 627 минг тонналик захира яратилган. Шундан 294 минг тонна картошка, 86,8 минг тонна пиёз, 163,6 минг тонна сабзи ва 82,1 минг тонна гуруч жамғарилди, дея маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етганини маълум қилди. Давлат раҳбари 2022 йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифасини қўйди. «Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди», — деди президент.
Асака туман ҳокимлиги масъул ходими иссиқхона қуриш учун 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар сўрагани айтилмоқда. У шундан 8 минг долларни олаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирус устидан ғалаба қозонилгани ёки унинг тажовузкорлиги юмшаганига умид қилиб, «карантин чекловларини юмшатишга ҳали эрта» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «вирус хавфи пасайгани йўқ ва ўлим кўрсаткичлари тобора ошиб бормоқда».
Ўзбекистонда ОИТСни (СПИД) юқтириб олганларнинг умумий сони 45 мингни ташкил қилди, шундан 55 фоизи эркаклар ва 45 фоизи аёллардан иборат. Касалликка чалинганларнинг 14 фоизи эса 18 ёшга тўлмаган болаларга тўғри келмоқда. Касалланиш кўрсаткичи энг юқори ҳудуд эса Тошкент шаҳри ҳисобланади. Шифокорлар ОИТС юқиши эҳтимоли юқори ҳолатлар ва уни олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берди.
1 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратиб берувчи яна бир қонунни маъқуллади. Гап ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби ҳақида кетмоқда. Депутат Дониёр Ғаниев ҳоким компенсация ажратишни кўриб чиқиш масаласини ўзига-ўзи киритиши ва уни яна ўзи ҳал қилишини танқид қилди. Қуйи палата спикери эса ҳокимларнинг халқ депутатлар кенгаши раиси мақоми бекор қилинсагина, бу муаммо бартараф этилишини айтди. «Унгача шу, бошқа илож йўқ», — деди Нурдинжон Исмоилов.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 12,07 сўмга кўтарилиб, 10 825,07 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
«Газета.uz»га коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланган ҳомиладор аёл мурожаат қилиб, вакцинанинг ҳомилага таъсири тўғрисида ишончли маълумот сўради. Вирусология институти шифокори Жалолиддин Тўйчиевнинг таҳририятга маълум қилишича, шу вақтгача ҳомиладор аёллар ва туғилган болаларда вакцинанинг салбий таъсири кузатилмаган. СЭС вакциналар бўлими бошлиғи Дилорам Турсунова эса ЖССТ вакцина олганлик сабабли ҳомиладорликни тўхтатишни тавсия этмаслигини эслатди.
Ўзгидромет 4−6 февраль кунлари Ўзбекистоннинг баъзи жойларда шамол кучайиши ва чанг-тўзон кузатилиши мумкинлигини маълум қилди. Шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучаяди, айрим жойларда эса 25−28 м/с гача бўлиши кутилмоқда. 6 февраль куни республиканинг барча ҳудудларида ёмғир ёғади.
Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази ходимлари бошқаларга тегишли бўлган 15,9 мингта харид чекларини Soliq иловасида ўз номига рўйхатдан ўтказган. 11 млрд сўмлик ушбу чеклар бўйича ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурни ишга туширди. Бюджети 10 млн доллар бўлган дастур халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ҳамда Халқ таълим вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг