Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Сарҳумдон ва Гулобод маҳаллаларини айланди. Бунда давлат раҳбари кўп қаватли уйда яшайдиган фуқаролар билан суҳбатда бўлди, мактабга ташриф буюриб ўқувчи ва мактаб ходимлари билан гаплашди, кексалар билан бирга кўчат ўтқазди, айланишга чиққан болакай билан танишди (видео).
Болгарияда автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида 46 киши ҳалок бўлди, улардан 12 нафари болалар. Йўловчиларнинг барчаси Истанбулдан саёҳатдан қайтаётган Шимолий Македония фуқаролари бўлган. Автоҳалокатда фақатгина 7 киши омон қолган.
Ҳукумат қарори билан одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси юритилади. Унга одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинаётганлар киритилади. Аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда, уларга кўрсатилган ёрдам натижалари билан кўрсатилади.
Чирчиқдаги SHIRINA PETROL ва Тошкент туманидаги CLEAN GAS SERVICE МЧЖларига қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 1,635 млн куб метр газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Ушбу миқдордаги газ 100 мингта хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг экани айтилди.
Uzbekistan Airports компанияси Янгихаёт туманида «Авиация соҳилбўйи» деб номланган яшил ҳудуд яратишни бошлади. Компания раҳбарияти кўчат экиш ҳақидаги топшириғини ҳисобот бериш учун эмас, одамларга сайилгоҳ қилиш учун бажаришга қарор қилганини маълум қилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,09 сўмга кўтарилиб, 10 765,12 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мамлакатда 2021 йил охирига қадар 560 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» ташкил этилишини маълум қилди. Шундан 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилади.
Ўзбекистон январь-октябрь ойларида Хитойга умумий қиймати 601,3 млн долларга тенг 2,6 млн тонна газ экспорт қилган. Бу Ўзбекистон 10 ой давомида экспорт қилган жами газ нархи билан деярли тенг.
Англиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университетида (Royal Agricultural University) Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бироқ, норезидентларга криптоактивларни фақат хорижий валютага сотиш мумкин. Шунингдек мулкий таъминотга эга токенлар эмиссиясига ҳам рухсат берилди.
Андижонлик блогер Фатима Жўраева Улуғнор тумани электр тармоқлари бухгалтери томонидан калтакланганини таъкидламоқда. Бунга фермерларга сунъий равишда қарздорлик ёзилгани бўйича изоҳ сўрагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди. Текширув ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинди. Андижон туман электр тармоқлари корхонаси эса аёлнинг калтакланганини рад этиб, воқеа жойидан олинган ёзувни тақдим этди.
25 ноябрдан Ўзбекистонда «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси бошланади. Кампания бошланишини эълон қилган Сенат раиси Танзила Нарбаева зўравонликка қарши курашда «узоқ ва машаққатли ишлар» турганини ва унда «ҳар биримизнинг иштирокимиз муҳим» эканлигини таъкидлади.
Президент «2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш» бўйича топшириқ берди. Унда давлат бошқаруви тизими ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини «аҳолининг фаровонлигини таъминлаш самарадорлиги»га эътибор қаратиш ҳамда «мобиль бошқарув аппарати»ни яратиш орқали уларнинг самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен» ва «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.
Тошкент метрополитенининг «Буюк Ипак йўли» бекатида FacePay тизими синовдан ўтказилмоқда. Унинг ёрдамида йўловчи шунчаки валидаторга қараб йўл ҳақи учун тўлов қилиши мумкин.
Пойтахтнинг Адиблар хиёбони ёнида Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи қурилади. Музей билан бирга илмий тадқиқот маркази, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, мактаб ва ётоқхона ҳам ташкил этилади. Миллий боғ яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.
Ўртачирчиқ туман Халқ депутатлари Кенгаши ёпиқ мажлисда прокурор тақдимномасига кўра депутат Феруза Бабашевани дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Депутат «Агробанк» бошқарма бошлиғининг талабига биноан судда жавобгар сифатида иштирок этади.
Ўзбекистонда ҳар йили табиий офатлар ўртача 1,4 миллион кишилар ҳаётига таъсир ўтказади. Натижада етказилган зарар йилига қарийб 3 млрд долларни ташкил этади. Прогнозларга кўра, йирик сув тошқини мамлакат ЯИМнинг тахминан 5 фоизига зарар етказиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзтиблойиҳа» лойиҳа ташкилотига туркиялик мутахассис Гурай Каймак раҳбарлик қилади. У пойтахтдаги собиқ Intercontinental меҳмонхонаси биноси ва Ўзбекистондаги бошқа объектларни лойиҳалаштиришда иштирок этган.
Ҳукумат Тошкент ҳокимлигига 2022 йил охиригача шаҳар бош режасини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. Пойтахт бош режасини ишлаб чиқишни якунлаш муддати бугунги кунгача бир неча бор ортга сурилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг