Мажбурий ижро бюроси томонидан 2021 йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли қидирувга берилган 7 800 дан ортиқ фуқародан 4 500 нафардан кўпроғи топилган, 3 264 нафар фуқаро қидирилмоқда. Ушбу шахсларнинг 2 149 нафари республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 1 115 нафари чет элга турли мақсадларда чиқиб кетганлиги аниқланган. Шунингдек, қидирув эълон қилинган 4 222 та автотранспорт воситаларининг 3 073 таси топилган.
Тошкент вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил боғ ташкил этиш мақсадида ҳокимлик биноси атрофидаги панжаралар олиб ташланди. Уларнинг ўрнига дарахт кўчатлари экилади.
Миллий гвардия ахборот хизмати Тошкентнинг Яккасарой туманида Миллий гвардия ходимлари пиротехника воситаларини яширган мактаб ўқувчиларининг сумкасидан уларни олиб қўйганини маълум қилди. Вояга етмаган шахсларнинг ота-оналари воқеа ҳақида зудлик билан хабардор қилинганлиги айтилди.
Олмазор тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири 2 нафар шериги билан бошқа фуқарога 12 гектар ерни 1 млн 560 минг доллар эвазига олиб бермоқчи бўлганида ушланди. Шунингдек, банк ходими пойтахтдан фуқарога уй-жой олишида кўмаклашиш эвазига 2000 доллар олганида қўлга олинди.
Фарғона вилоятида Nexia автомашинасида 25 млн 200 минг сўмлик пиротехника воситалари аниқланди. Яна бир ҳолатда 61 млн 240 минг сўмлик пиротехника воситалари ушлаб қолинди.
Дам олиш кунлари республика бўйлаб ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Кундуз куни ҳаво ҳарорати +13…+15 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Санкт-Петербургдан Намангангга учаётган самолёт бортдаги туғруқ туфайли Нижний Новгород аэропортига қўнди. Болани стюардессалар қабул қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилаш бўйича буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, рецептсиз бериладиган препаратлар рўйхати кенгайтирилмоқда.
Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида орган ходимлари ҳибсга олиш пайтида фуқарони отиб ўлдирганлиги сабабли митинг уюштирилди. Митингда ўт очилиб, намойишчилардан 6 киши яраланган, «Азия-Плюс» манбасига кўра, бир киши ҳалок бўлган.
Аргентиналик олимларнинг кузатувларига кўра, олти ой муддатда «Спутник V» билан эмланганларнинг атиги 31 фоизида COVID-19 га иммун жавоб бериш учун етарли миқдорда антитаначалар сақланиб қолган.
Тошкентда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасида 2022−2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури имзоланди. Дастурнинг бюджети 90 млн долларни ташкил этади.
Халқ таълими вазирининг ўқитувчилар ва ота-оналарга мурожаати, талабаларга контрактини тўлаб берган ҳокимликлар рейтинги эълон қилиниши, Янгиҳаёт туманининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилиши — «Газета.uz»нинг 25 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2019 йилнинг март ойида Республика суд экспертизаси маркази учун янги бинолар мажмуаси қурилган эди. Орадан уч йил ўтмай, марказнинг ҳалигача ҳокимлик балансида турган биноларидан бири бузилиши хавфи остида қолмоқда. Сабаблари номаълум, пойтахт ҳокимлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.
Uzbekistan Airports Silk Avia ҳудудий шўъба авиакомпаниясни ташкил этмоқда. Янги авиакомпания вилоятлар ўртасида мунтазам парвозларни амалга ошириб, чипта нархларини «темирйўл чипталари билан мос» қилади. Uzbekistan Airports биринчи босқичда бошқарувчи компания бўлади. Кейинчалик авиаташувчи хусусий секторга ўтказилади.
Осиё тараққиёт банки Тошкент вилоятида сув таъминоти тизимини яхшилаш учун 161 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда. Лойиҳа доирасида Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Янгийўл ва Чиноз шаҳарларининг марказлашган оқава сув тизимларини модернизация қилинади. Чиноз, Янгийўл ва Зангиота туманларидаги 70 та қишлоқ аҳоли пунктларида 136 минг нафар аҳолига септиклар ўрнатилиб, марказлаштирилмаган канализация тармоқларига кириши таъминланади.
2022 йилда Москвада меҳнат мигрантлари учун патент нархи ойига 5341 рублдан 5900 рублгача оширилади.
Бўстонлиқ туманида «Пском ГЭС»нинг тўғонини қуриш учун дарё йўли ёпилди. Эндиликда Пском дарёси суви ер ости туннели орқали ўтказилади. ГЭС лойиҳаси 2026 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади ва йилига 946 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Пском дарёси йўлини тўсишга бағишланган тадбирдан «Газета.uz» фоторепортажи.
Ўзбекистон ва Туркманистон 26 ноябрдан бошлаб контактсиз юк ташиш йўлга қўйилиши керак бўлган «Хўжайли» ва «Шовот» чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини тиклаш устида ишламоқда.
25 ноябрь куни Тошкент шаҳар Янги ҳаёт туманининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминоти вақтинча тўхтатилади. Тармоқда таъмирлаш ишлари амалга оширилиши муносабати билан, тумандаги айрим МФЙлар, тадбиркорлик субъектлари, маиший объектлар ва аҳоли истеъмолчилари соат 11:00 дан 16:00 гача вақтинча таъминотдан узилади.
Иқтисодий-ижтимоий муаммоларга дуч келаётган, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг контрактларини тўлаб берган энг фаол ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги энг кўп талабаларга моддий кўмак кўрсатган (242 нафар талаба — 662, млн сўм).
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг