Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарор вазият ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини айтди. «Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19`нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди, деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деди вазир.
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича махсус кузатувлар рўйхатидан чиқарди. Ўзбекистон ушбу рўйхатда 2018 йилдан бери бўлган.
«Меҳр-3» операцияси доирасида Суриядан 98 нафар ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди. Улардан 25 нафари аёллар ва 73 нафари болалар.
Россиянинг ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати қуритилган ўрик партиясида капр қўнғизи топилгани сабабли Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади. Аввалроқ «Ўздавкарантин» томонлар чекловлар қўймаслик тўғрисида келишиб олганини маълум қилган эди.
Тошкентнинг барча туманларида пиёдалар ва велосипедчилар учун узунлиги 50 километр бўлган «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилади.
Тошкентда қизил чироқда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган UZB рақамли Toyota Land Cruiser ҳайдовчиси жаримага тортилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан 104 нафар фуқарони афв этди. Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
«Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси доирасида зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам бериш мақсадида «Najot» мобил иловаси ишга туширилди. Илова ёрдамида жабрланганлар психолог онлайн ёрдамини олиш, қийин вазиятда шифокор ва адвокат билан маслаҳатлашиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Ривожланган мамлакатларнинг ёқилғи ишлаб чиқарувчилари нефтни қайта ишлаш заводларини ёпиши, Lufthansa авиакомпаниясининг 27,5 минг иш ўрнини қисқартириши, Туркманистонда биринчи синф ўқувчиларига мамлакатда ишлаб чиқарилган компьютерлар совға қилиниши ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси пандемия даврида МСКТ текширувлари нархларининг асоссиз оширилганини ўрганишда «Бизнес-омбудсман» қаршилигига дуч келганини маълум қилди.
Қозоғистон сенатори мамлакат тадбиркорлари Ўзбекистонга экспорт қилишда дуч келаётган асосий муаммоларни санаб ўтди. Унинг гапларига кўра, Ўзбекистон Қозоғистондан кириб келаётган 96 турдаги товарга божхона қийматидан 5 фоиздан 50 фоизгача акциз солиғини қўллайди. Қозоғистонда эса ўзбек маҳсулолари учун ўхшаш акциз солиқлари мавжуд эмас.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Бобир Каримов кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтиришни UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли деб атади. Шунингдек, қўмита ўз ҳисоб-китобларига шубҳа қилмасликларини таъкидлади.
Президент томонидан имзоланган Миллий гвардия тўғрисидаги қонунга кўра, Миллий гвардия хизматчисининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий қилиб қўйилади. Шунингдек, Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Қонун 2021 йил 20 майдан кучга киради.
Ҳиндистонда бош айланиши ва ҳушидан кeтиш каби аломатлар билан номаълум касаллик авж олгани сабабли 350 дан ортиқ одам касалхонага ётқизилди. Бугунги кунга кeлиб улардан 180 дан ортиғи шифохонадан чиқарилди, 160 га яқини халигача даволанишни давом этмоқда.
Тўрткўл туманида ўғриликка ушган уйда 79 ёшли аёл ва унинг набирасини пичоқлаб ўлдириб, пул ва 2 дона уяли телефон аппаратини олиб кетганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди.
Яқин икки кун ичида Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида бироз қор ёғиши мумкин. Тун вақтларида ҳаво аёзли бўлади.
S&P Ўзбекистон рейтинг прогнозини «BB-» — салбий деб баҳолади. Ушбу прогноз ташқи қарзлар тез суръатларда ўсиши мумкинлигини англатади. Шундай бўлса-да, агентликнинг таъкидлашича, мамлакатнинг ташқи иқтисодий мавқеи нисбатан кучли бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Open Data Inventory (ODIN) — Очиқ маълумотлар рейтингида 125 позицияга юқорилади ва Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбариятининг Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати билан олиб борган музокаралари давомида қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортер корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўриладиган бўлди.
Самарқандда 4 грамм гиёҳвандлик воситасини 6 млн сўмга сотган икки шахс қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг