18 июлдан бошлаб Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поезд «Қува» бекатида ҳам 2 дақиқа тўхтаб ўтади. Транспорт вазирлиги рейслар жадвалини эълон қилди.
Ишдан олинган 10 нафар ҳоким, Ўзбекистонга келадиган Садир Жапаров, олти ойда 6 фоиздан кўпга ўсган ЯИМ, Рақобат қўмитаси ва Korzinka можароси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Юнусобод туманида қисқа туташув сабаб Lada Largus машинаси ёниб кетди. Ёнғинда ҳеч ким жароҳатланмади. Ҳозирда ҳолат сабаблари ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда газ ресурслари савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев унинг компанияси ҳақида суриштирув эълон қилган «Озодлик» ва мазкур ОАВ журналистини судга берди. Тадбиркор раддия эълон қилиш ва 100 млн сўм товон пули тўлашни талаб қилмоқда.
Президент қарори билан, «Ўзтўқимачиликсаноат» собиқ раиси Илхом Хайдаров ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бошқа ишга ўтиши сабаб лавозимини тарк этган Раҳматилла Нуримбетов ўрнини эгаллайди.
«Бахти Ташкентский» ва жами 37 кишига нисбатан очиқ суд иши давом этмоқда. 15 июль кунги томонлар музокарасида адвокатлар ва судланувчилар тингланди. «Биз террорист, коррупционер бўлмаганмиз, одамхўр эмасмиз. Иложи бўлса, шу ерда ўтирган болаларга енгиллик берсангиз», — деди Бахтиёр Қудратуллаев.
Президент бундан буён туман ҳокимлари ўз ҳудудларида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга масъул бўлишини маълум қилди. Қолаверса, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги тажрибасини кенгайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг махсус комиссияси Anglesey Food (Korzinka) тармоғини реклама қонунчилигини бузганликда айбдор деб топди. Қўмита компаниядан жарима ундирмоқчи. Korzinka комиссия қарорини олмаганини айтиб, баёнотни асоссиз дея атади.
Нарпай туманида 7 туп ҳар хил турдаги мевали дарахтларни ноқонуний тарзда кесиб ташлаган фуқаро 11 млн 730 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
2022 йилда пахта хомашёсининг ички ва жаҳон нархлари ўртасидаги катта фарқ туфайли Ўзбекистон кластерларига 6 трлн сўм зарар етган. Ўтган августда уларнинг қарзларини тўлаш муддати бир йилга узайтирилганди. Президент кредит тўлаш муддатини 2025 йил 1 апрелгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Президент 2024 йил охиригача 2 трлн сўмлик ишларни бажариш, жумладан, 570 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш, 13 минг километр йўл, 195 та кўприкни фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, 2 мингдан ортиқ кўп қаватли уй барпо қилиш режалаштирилмоқда.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18−19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Унинг Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиши ва қатор қўшма тадбирларда қатнашиши кутилмоқда.
Қурилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказилади ва ваколатлари кенгайтирилади. Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чоралари кучайтирилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиғидаги муаммо туфайли лавозимидан озод этилди. Биринчи ўринбосар Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Президент бош вазирнинг 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо қўллаш ва 10 нафар ҳокимни ишдан олиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистонда фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича ЯИДХП, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади. ССВда ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар кўрсатилиши бўйича вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
2024 йилнинг биринчи олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайди. Бюджет даромадлари 113 трлн сўмга етиб, 14 фоизга ўсди. 1,6 млн аҳоли расмий банд бўлди, дейилади президент раислигидаги йиғилишда.
Ўзбекистонда оналар ўлими камайган бўлса-да, ҳамон Европа ва Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдан юқори, дейилади Осиё тараққиёт банки баёнотида. Банк ҳомиладорлар ва чақалоқлар учун кўрсатиладиган перинатал хизматни яхшилашга ёрдам бериш учун 100 млн доллар имтиёзли қарз ажратишни маъқуллади.
Пойтахтда «Жадидлар. Туркистонга мактублар» мультимедиа кўргазмаси очилади. Унда Туркистондан Германияга ўқишга юборилган талабалар ва уларнинг минтақа маданий-маърифий меросига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўзбекистонда қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади. Хусусан, китоблар нашр этиш, фильм суратга олиш, кўргазма ва анжуманлар ўтказиш, Нукус шаҳрида музей очиш ва Мўйноқда унинг номида экопарк ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг