Алишер Қодировнинг ўлим жазосини тиклаш таклифи, камбағалликни қисқартиришга масъул бўлган ИҲМА, энди ҳар куни 5 нафар тадбиркор билан учрашадиган Фарғона ҳокимлари, Ўзбекистоннинг экологик жиҳатдан энг барқарор шаҳарлари рейтинги ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ўзбекистон ва Қозоғистон парвозлар масофасини 40 км га қисқартирадиган янги навигация йўлагини жорий этди. Йўналиш йилига 50 тоннагача авиаёқилғини тежаб, атмосфера чиқиндиларини 250 тоннагача камайтиради, деди Транспорт вазирлиги. Ундан кунига 30 дан ортиқ авиакомпания самолётлари учиб ўтади.
Президент фармони билан, 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши тузилмасида ички аудит хизматлари ташкил этилади. Ҳисоб палатасида йўлга қўйиладиган янги шуъба уларни назорат қилиб боради.
Рақобат қўмитаси 40 га яқин пахта тўқимачилик ва ёғ-мой кластерлари томонидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархлари сунъий оширилганини аниқлади. Улар маҳсулотларни биржага жойлаштириш қоидаларини бузиб, 20 млрд сўм асоссиз даромад олган. Кластерларга нисбатан иш очилди.
2024 йил якунига қадар электромобилларни қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш йўлга қўйилади. ҲЭТ масъулига кўра, фуқаролар яшаши учун алоҳида, электромобили учун алоҳида ток ишлатишни хоҳлайди. «Ҳозирда ҳисоб очишда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида муаммога учраяпмиз», — деди у.
«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан йил бошидан буён 23 273 гектарлик бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёниши билан боғлиқ 1960 та ҳолат аниқланган.
Еттита кинопремьера, шеърият кечаси, қўл меҳнати буюмлари ярмаркаси, Tashkent City боғидаги Live jazz night концерти, кўргазмалар, болалар ва катталар учун маҳорат дарслари, «Сой бўйи» сайилгоҳида бепул шоу дастур ва дам олиш кунларидаги бошқа қизиқарли тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.
Иқлим ўзгариши миллий маркази Ўзбекистондаги 14 та ҳудуднинг экологик барқарорлиги рейтингини тузди. Бунда 7 та жиҳат: ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, сув истеъмоли, транспорт, энергия, чиқиндилар ва санитария мезон сифатида олинди. Наманган шаҳри етакчи бўлди, Нурафшон эса рўйхатни якунлади.
Рақобат қўмитаси томонидан «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Корхона «Баҳоуддин Нақшбанд» ёдгорлик мажмуаси маркази учун электр энергия тарифларини ошириб қўллаган. Бунинг оқибатида 115 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисобланган.
Йил бошидан буён Ўзбекистон уй-жой бозорида савдолар сони 5,7 фоизга камайди. Нархларнинг ўсиш суръати секинлаша бошлади ва ўтган ойда атиги 0,3 фоизга ошди, Тошкентда эса ҳар квадрат метр учун 1142 долларгача — 1,1 фоизга пасайди.
Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси ташқи аудитдан ўтказилади ва натижаси бўйича тегишли хулосалар тайёрланади. Шунингдек, 2025 йилдан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотлар фаолиятини аудитдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
БМТ Бош ассамблеяси Украина атом иншоотлари хавфсизлиги бўйича резолюцияни қабул қилди. Унда Россиядан Запорожье АЭСдан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва уни тўлиқ Украина ҳукумати назоратига қайтариш талаб этилади.
Чирчиқ шаҳрида Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали ташкил этилади. Филиалга белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.
Июнь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда 77,6 мингта енгил автомобиль олди-сотдиси рўйхатга олинди, бу 2021 йил декабридан бери энг паст кўрсаткичдир. Энг юқори пасайиш минилган автомобилларга тўғри келди.
Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя масаласи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасига юкланади, деди президент. Ҳозир камбағаллик масалалари билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги шуғулланади, олдин бунга Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жавоб берган.
Фарғона вилоятида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этилади, деди президент Қувадаги йиғилишда. Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар куни 5 нафар тадбиркор ва инвесторни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этади.
Россияда қаровсиз ёки ота-онаси назоратисиз қолиб кетган, Вояга етмаганлар марказларида яшаётган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Энди улар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.
Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйидан нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат +30…+35 даражагача пасаяди. Айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Андижон биокимё заводи устав капиталидаги 96 фоиз давлат акциялар пакети 101,3 млрд сўмга Jasminе Gold Group’га сотилди.
Қонунчилик палатасининг икки вице-спикери ўлим жазосини қайтариш бўйича турли фикрларни билдирди. Алишер Қодиров Тошкентда боланинг ўлдирилишига оид хабардан сўнг бундай қотиллар «яшамаслиги керак», деди. Одилжон Тожиев эса ўлим жазоси жиноятни камайтирмаслигини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг