БМТ Бош ассамблеяси 10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисида Хитой ва Ўзбекистон ишлаб чиққан резолюцияни маъқуллади. Мақсадлар цивилизациялар хилма-хиллиги қадриятини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамликни ривожлантиришдан иборат.
ИИВ биноси яқинидаги ерости туннелида ёнғин содир бўлди. «Электр симлари туташи»га 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилди ва у 1 соатда бартараф этилди. Тошкент метрополитени ёнғиннинг метро тизимига боғлиқмаслиги, қурилмалар нормал ҳолатда ишлаётганини қўшимча қилди.
Душанба куни эрталаб Тожикистонда содир бўлган зилзила Сурхондарё вилоятида ҳам сезилди. Вилоят туманларида сезилиш кучи 2 баллни ташкил қилди.
Юқори Чирчиқ туманида юк машинаси Чирчиқ дарёсига тушиб кетди. Оқибатда йўловчи вафот этди, ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Тармоқларда ҳодиса пойга сабаб юз бергани айтилмоқда.
ССВ ёз фаслида офтоб уриши, халқ тилидаги дам ўтиши ҳолати кўп учрашини инобатга олиб, ундан сақланиш бўйича бир неча тавсиялар берди. Кўпроқ суюқлик ичиш, ёпиқ жойларда бўлиш, очиқ рангли либослар ва бош кийим кийиш шулар жумласидандир.
Тошкент шаҳрида барча мозаикали турар жой бинолари реклама баннерларидан тозаланади, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги. Дастур бошланган 2021 йилдан буён жами 70 та (шундан 40 таси икки ой ичида) панно рекламалардан халос этилди.
Хива шаҳрида 11 ёшли болани девор босиб қолди. Оқибатда бола тос суяги синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Ҳодиса бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, ҳолатни болалар омбудсмани назоратга олди.
Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ичида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Lada Largus машинасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 2 нафар йўловчи ҳар хил даражадаги куйиш билан касалхонага ётқизилди.
10 июндан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси янги виза олиш тизимини ишга туширади. Ариза берувчилар энди суҳбатга ёзилишдан олдин виза тўловларини амалга ошириши керак бўлади.
Шанба куни тунда Telegram мессенжери фаолиятида глобал ва узоқ давом этган носозлик юзага келди. Муаммолар Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Европа давлатларида кузатилди.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзоси ўринбосари бўлди. Танзила Нарбаева буни ўзгаришлар натижаси деб атади ва қарор давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг муносиб меҳнат тамойилларини тарғиб қилиш борасидаги ҳаракатларини кучайтиришни талаб қилишини айтди.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида Captiva билан тўқнашув оқибатида 39 ёшли пиёда ҳалок бўлди. Ҳайдовчи маст эди. Машина дўкон девори олдида ўтирган эркакни босиб кетган.
Чилонзор тумани суди Telegram орқали ноткоин йиғиб, уни 800 минг сўмга сотган 24 ёшли ТерДУ талабасини 10 суткага қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Криптоактивлар айланмасидаги қонунчиликни бузишда айбланган сурхондарёлик йигит бу иши ноқонуний эканини билмаганини таъкидлади.
Ўзбекистон илк марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) аъзолигига сайланди. 54 та аъзодан иборат кенгаш БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи 42 ёшли аёл 4 аёлга яхши даромад топадиган иш топиб беришни ваъда қилиб, уларни Туркияга фоҳишаликка юбораётгани аниқланди. Улар Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолинди.
Дания бош вазири Метте Фредериксенга Копенгагенда бир эркак ҳужум уюштирди. Унинг аҳволи яхши экани, аммо воқеадан «жуда ҳайратда» экани қайд этилди. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди.
Ғаллаорол туманида MAN юк автомобилида носозлик кузатилиб, 2 та юк машинаси ва UzAuto Motors автотрейлери билан тўқнашди. Компания 4 та Cobalt ва 3 та Equinox техник шикастланганини билдирди. Юк машиналари ҳам жиддий зарарланган, ҳайдовчилар жароҳат олмаган. 2 километрли тирбандлик ҳосил бўлган.
Жанубий Кореянинг Samsung Electronics касаба уюшмаси компаниянинг 55 йиллик тарихида биринчи марта иш ташлаш уюштирди. Ходимлар иш ҳақини оширишга ҳаракат қилмоқда.
АҚШ «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан ўнлаб Грузия фуқароларига, жумладан, Грузия парламенти аъзолари ва хавфсизлик ходимларига нисбатан виза чекловларини жорий қилди. Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси вакили «ҳеч ким санкциялардан қўрқмайди», дея жавоб қайтарди.
Тошкентда соврин жамғармаси 20 минг долларни ташкил қилувчи Sahibkiran Amir Temur Cup мусобақасида ўзбекистонлик гроссмейстер Абдималик Абдисалимов ғолиб чиқди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг