Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Давлат раҳбари мазкур банк билан ҳамкорликда сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси ва «яшил» шаҳарларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
3, 4, 5 май кунлари Самарқанд−Тошкент−Самарқанд йўналишида «Афросиёб» электропоездининг қўшимча ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистонда ФАО ва Европа Иттифоқи кўмагида хавфли кимёвий моддаларни бошқаришни таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 4 млн евролик лойиҳа хавфли пестицидларни сув ва тупроқ таркибидан ажратиш, кимёвий чиқиндиларни тозалаш, зараркунандаларга қарши кураш ва бошқаларни назарда тутади.
Биринчи чорак якунларига кўра, UzAuto Motors компаниясининг соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 баравар — 1,29 триллион сўмгача кўпайди.
Экология вазирлиги Чирчиқ дарёсидан қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 83,3 млрд сўм зарар етказилганини аниқлади. Айбдорларга чора кўриш мақсадида ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
Бандлик вазирлиги Ўзбекистондаги 10 та энг кўп иш берувчи компания рўйхатини эълон қилди. Юқори ўринни НКМК ва ОКМК эгаллади.
АҚШ Сенати 2040 йил охиригача Россиядан бойитилган уранни олиб киришни тақиқлашни маъқуллади. Россия ҳозирда Америка АЭСларида ёнилғи сифатида ишлатиладиган ураннинг деярли тўртдан бир қисмини етказиб беради.
Тошкентда Mutolaa лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди — бепул мобил илова ўзбек тилидаги 1000 дан ортиқ китобларни ўз ичига олган, уларнинг ярмидан кўпи аудио версиясига эга. Матнлар профессионал дубляж актёрлари томонидан ўқилган.
Самарқанд шаҳрида Сobalt йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 15 ёшли ўқувчини уриб юборди. ЙТҲ оқибатида қиз шифохонага ётқизилди.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани прокурори ўринбосарига нисбатан фирибгарлик ва пора моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. У суд юритувидаги иш юзасидан айбдор шахсга нисбатан жазони енгиллатиб бериш эвазига 2000 доллар олишда гумон қилинмоқда.
Ҳоккей бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси финалда Таиландни мағлуб этиб, U-18 Осиё ва Океания кубогида кетма-кет иккинчи бор чемпионга айланди.
Ўзбекистонда 3−6 май кунлари кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига тўққизта вилоятнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини ҳодисалари юз бериши мумкин. Айрим жойларда шамол кучайиб, чанг-тўзон ҳам кузатилади.
Yandex Go Ўзбекистонда электромобиллар, жумладан BYD, Dongfeng, Hongqi ва бошқаларни ўз ичига олган такси тарифини ишга туширади. Компания унинг жорий этилишини мижозларнинг электромобиллардан фойдаланиш бўйича барқарор талаби билан изоҳлади.
Бектемир-Чорбоғ қўрғони автомобиль йўлининг 34−54 километрлари оралиғида 3 майгача транспорт ҳаракати чекланди. Бўстонлиқ туманига ташриф буюрувчиларга Чирчиқ шаҳри орқали ҳаракатланиш тавсия этилади.
Туркманистоннинг иссиқхона помидорлари Тожикистон бозоридаги ўзбек помидорини бутунлай чиқариб юборди, деб ёзмоқда EastFruit. Молдова ва Тожикистонда помидор нархи Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ, Польшада эса деярли тенг. Портал Ўзбекистоннинг иссиқхона хўжалигидаги муаммоларига ҳам тўхталди.
Янги Наманган туманида 68 ёшли эркак кўчада ўйнаётган 7 ёшли қизни машинасига чиқариб, унга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилишда гумонланмоқда. Болалар омбудсмани эркакнинг ички ишлар тизимига алоқаси йўқлиги, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва тергов кетаётганини билдирди.
ДСҚ ва Савдо-саноат палатаси муҳокамаларга сабаб бўлган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари бўйича қарор лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини маълум қилди. Лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва бизнесга салбий таъсир талаблари бартараф этилади.
Январь-апрель ойларида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ошиши 2,59 фоизни ташкил этди. Апрель ойида истеъмол нархлари 0,93 фоизга ошди.
Сардоба туманига ҳокимлик қилиб келган Акмал Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди. Ўткирбек Маъмуров Андижоннинг Марҳамат туманига, Фурқатбек Бўтахонов эса Булоқбоши туманига ҳоким этиб тайинланди.
Бухорода «Арк» мажмуаси, «Хўжа калон» масжиди, «Хусайни» ва «Нодир девонбеги» мадрасалари реставрацияси учун ажратилган 3,3 млрд сўм талон-торож қилингани аниқланди. Ҳолатлар бўйича Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдорлари ва бошқаларга жиноий иш очилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг