Умра зиёрати ташкил қилиш учун лицензия, маданий мерос объектлари рўйхатига қўшилган мозаикалар, Наманганда мис қазиб оладиган Хитой компанияси, Ўзбекистондаги илк технологик «яккашох» ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри ва вилоятлар биноларидаги 160 га яқин мозаик паннолар Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди. Бунгача кўплаб мозаикалар бўяб ташланган, қолганлари реклама баннерлари билан қопланган эди.
Хитой Поп туманида жойлашган Пунган қишлоғи ва Наманган шаҳри ўртасидаги йўлни реконструкция қилади ва кенгайтиради. Президент лойиҳани маъқуллаб, бу «Янги Ўзбекистонга янги йўл» бўлишини таъкидлади. Уни амалга ошириш 2013 йилдан бери режалаштирилаётган, бироқ 2016 йилда тўхтатиб қўйилган эди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ЖЧ-2026 иккинчи саралаш босқичи жавоб учрашувида Гонконг терма жамоасини мағлуб этди. Шу тариқа Ўзбекистон турнирнинг учинчи саралаш босқичига йўл олди (видео, фото).
Президент Наманган халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди. Ўтган йили учиб келиш терминали реконструкция қилинганди. Қувватни яна 3 баробар ошириш режалаштирилган. Юк терминали, умумий овқатланиш ва ёқилғи қуйиш мажмуалари қуриш кўзда тутилган.
ANORBANK тез даромад олиш истагида бўлганлар учун хорижий валютадаги Premiere омонатини таклиф этади. Банк вакиллари нега айнан Premiere омонатини танлаш кераклиги ҳақида сўзлаб беришди.
Boeing раҳбарлари компаниянинг энг катта инқирозига олиб келган самолётлар хавфсизлиги бўйича бир қатор можаролардан сўнг истеъфога чиқади. Сўнгги бахтсиз ҳодиса январь ойида бўлган: Alaska Air авиакомпаниясининг 737 MAX 9 самолётидаги эшик панели парвоз пайтида чиқиб кетганди.
24 ёшли жиззахлик йигит Суриядаги террорчилар сафида жанг қилиб, жиддий жароҳатлангани ортидан Ўзбекистонга депорт қилинганди. Унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Японияда ўтадиган Expo Osaka 2025 Бутунжаҳон кўргазмасида иштирок этади. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси миллий павильон қурилиши бошланганини маълум қилди. Шунингдек, 2024 йилда Тадао Андо лойиҳаси бўйича Давлат санъат музейи учун янги бино қурилиши бошланади.
Хитойнинг China Mining Energy Group компанияси Наманган вилояти Чуст туманида мис рудаларини қазиб олиш ва қайта ишлашни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 200 миллион долларга баҳоланмоқда.
Президент Намангандаги йиғилишда вилоятнинг Қамчиқ довонига яқин ҳудудида логистика марказини ташкил этиш ва Нанай қишлоғидаги собиқ «Карвон» божхона назорат маскани фаолиятини тиклаш топшириғини берди. Шунингдек, Наманган халқаро аэропортидаги бўш майдонда юк терминали ишга туширилади.
Қонунчилик палатаси Умра зиёратини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат зиёратни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият учун лицензия турини жорий этишни назарда тутади.
Қарши шаҳрида шифохонадаги зина остига 20 кунлик чақалоқ ташлаб кетилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Чақалоқ Китоб туманидаги вилоят болалар уйига жойлаштирилди.
Президент Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари билан учрашувда маҳаллаларда Сайхунобод тажрибасидан фойдаланиш топшириғини берди. Бунда асосий эътибор томорқа ва хонадонлар имкониятларидан фойдаланишга қаратилади.
Нодиржон Турғунов Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги янги элчиси этиб тайинланди. У бунга қадар Жидда шаҳридаги бош консул бўлиб ишлаган.
Қутқарувчилар кечаси Тошкент кўчаларидан бирида оёғи ариқ устидаги темир панжарага тиқилиб қолган йигитга ёрдам берди. Шунга ўхшаш ҳолатлар доимий равишда содир бўлади.
26 март куни соат 23:00 дан 00:00 га қадар «Чилонзор» йўналишининг «Олмазор» — «Янгиҳаёт» бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати бир томонлама ташкил этилади. «Янгиҳаёт» ва «Чинор» бекатлари оралиғида бу вақт давомида бепул автобус йўлга қўйилади.
Uzum рақамли экотизими 100 млн доллардан ортиқ маблағни жалб қилди ва Ўзбекистон тарихидаги биринчи технологик «яккашох» компания бўлди, унинг баҳоси 1 млрд доллардан ошди. Йиғилган маблағнинг ярми капиталга инвестициялар, қолгани эса қарз маблағларидир.
Хива туманида маст ҳолатдаги ҳайдовчи йўл четидаги 3 нафар вояга етмаган болани уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетди. Улардан 2 нафари воқеа жойида ҳалок бўлди. Суд ҳайдовчини 9 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этди.
Февралда Ўзбекистонда газ, нефть, электр энергияси ва бензин ишлаб чиқариш ҳажми пасайди. Ой давомида газ қазиб олиш 284,4 млн куб метрга, бензин ишлаб чиқариш 8,1 минг тоннага, электр ишлаб чиқариш 626,6 млн кВт/соатга камайди. Нефть ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет еттинчи ой пасайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг