Навоий шаҳридаги 6-мактабда ўқитувчи кроссовкада келган болаларга танбеҳ берди. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчиларнинг таълим муассасасига спорт пойабзалида келмаслиги керак, деган талаб мавжуд эмаслигини билдирди.
Бойсун туманида юк машинаси уриб юборган 4 ёшли бола вафот этди. Уни опаси боғчадан олиб қайтаётган бўлган ва опасини кутмасдан йўлнинг белгиланмаган жойидан югуриб ўтмоқчи бўлганида ҳалокатга учраган.
Беш ой аввал «фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун» ишдан олинган «Ўзбекистон темир йўллари» собиқ раиси Ҳуснутдин Хосилов яна соҳага қайтди. У компаниянинг бош муҳандиси этиб тайинланди. Президент у ишдан олинган йиғилишда «хиёнат қилганга ўрин йўқ», дея таъкидлаганди.
UzAuto Motors мижозларга автомобилларни дилерлик марказидан 5 иш куни ичида олиб кетишни эслатди. Акс ҳолда компания автомобилни навбат тартиби асосида кейинги мижозга беришга мажбур бўлади.
Алишер Қодиров йўллардаги тирбандликларни камайтиришга жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш билан эришишни, бунинг учун эса хусусий транспортлардан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатишни қиммат қилиш кераклигини айтди. Спикер ўринбосари бу борада Хитой ва Сингапурни мисол қилиб келтирди.
2024 йилги ҳосил мавсумидан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартномалар товар-хомашё биржаси орқали тузилади. Фермерлар ортиқча хомашёни, шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан етиштирилган пахтани эркин сотиш имкониятига эга бўлади. Фермер ва кластерларни кредитлашнинг янги тизими жорий этилади.
Бензинга талаб ортиб бориши фонида Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ёнилғи ишлаб чиқаришни 21,2 фоизга — 4 минг тоннагача оширди. «Ўзбекнефтгаз», шунингдек, маҳаллий SDK Group And компанияси Россиядан Аи-92 К5 бензини импортини оширгани ҳақида хабар берди.
Кореянинг Ҳаншин университети тил курсида ўқиётган 22 нафар ўзбекистонлик талаба мамлакатдан алдов йўли билан чиқариб юборилгани ҳақида хабар тарқалди. Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонасига кўра, улар олийгоҳ талабларига бўйсунмаган, шунингдек, ноқонуний меҳнат билан шуғулланган. Ҳолат ўрганилмоқда.
Андижон вилояти ҳокими кўчада ишлаётган ичимлик суви таъминоти ходимларига 4 миллион сўмдан пул берди. Тарқатилган пуллар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан экани маълум қилинди.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг секинлашиб боришига қарамасдан, бу тенденциянинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида 8-синф ўқувчиси ток уриши оқибатида вафот этгани ортидан мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари қамоққа олинди.
S&P рейтинг агентлигининг таъкидлашича, Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги уруши салбий таъсирларига етарлича яхши туриб бермоқда, бироқ давлат корхоналари қарзининг давлат балансига ўтказилиши, бюджет тақчиллиги, шунингдек, сиёсий қарорларни башорат қилиш қийинлиги билан боғлиқ рисклар мавжуд.
Пайшанба куни ноқулай об-ҳаво сабабли Наманган аэропорти фаолияти вақтинча чекланди. Red Wings авиакомпаниясининг Махачқалъа — Наманган йўналиши бўйича рейси Фарғона халқаро аэропортига йўналтирилди. Йўловчилар Наманганга ерусти транспорти орқали етказилади.
Uzbekistan Airways 23−29 декабрь кунлари оралиғида талабалар учун тақдим этилган чегирмаларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча маҳаллий авиақатновларни йўлга қўяди.
Тошкент вилояти ҳокими газ ва электр энергияси бўйича муаммоларни «бугун-эрта» ҳал этиш топшириғини берди. Унинг сўзларига кўра, баъзи раҳбарлар вазиятнинг жиддийлиги ҳақида гапирганда «пашшадан фил ясамоқда». «Аҳвол Ғазо сектори ва Украинада жиддий. Қолган жойда бартараф қилса бўлади», — деди у.
Ўзбекистонда декабрь ойининг иккинчи ярмида кечалари ҳаво ҳарорати 0…-5 даража совуқдан −3…−8 даражагача, кундузи +5…+10 даража илиқдан +7…+12 даражагача ўзгариб туради. Ой охирида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.
Учтепа туманида Yutong русумли электробус йўлдаги музламада бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги симёғочга урилди. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.
IQAir индексига кўра, 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида ифлосланиш даражаси меъёрдан 55 бараварга ошиб, ҳаво сифати «хавфли» дея қайд этилди. Пойтахтда атмосфера қуйи қисми заҳарли тутун билан муаллақ ўралиб турибди.
Ўзбекистон бўйлаб 11 ой давомида дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олиш оқибатида 58 та жиноят иши қўҳғатилган. Ушбу фаолият сабаб табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган. Сенатда шу юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Эмине Караманова тахаллуси билан танилган блогер Лемара Мирзаахмедовага нисбатан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У туҳмат, ҳақорат қилиш ва товламачилик жиноятларида айбли деб топилди. Бир эпизод бўйича жабрланувчи Янгийўл тумани ҳокимлиги ходими экани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг