Фарғона тумани Шоҳимардон маҳалласида сел оқими қишлоқ врачлик пункти ҳамда аҳоли хонадонларини қум-шағалга тўлдирди. Вилоят ФВБга кўра, жабрланганлар йўқ. Ҳозирда махсус техникалар иш олиб бормоқда.
7 йилдан сўнг яна 14 фоиздан пастлаган асосий ставка, «Зангиота-2» ўрнида қуриладиган янги болалар шифохонаси, Олимпия шаҳарчасидаги муаммолар ҳақида гапирган Тимур Кападзе, «эстафетани янги авлодга топшириш» зарурлигини айтган Жо Байден ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
25 июль куни Олимпия ўйинлари камондан отиш баҳсларининг 1-саралаш босқичи бошланди. Унда Зиёдахон Абдусатторова 649 очко тўплаб, 34-ўринни банд қилди. Амирхон Содиқов эса 674 очко билан 13-натижани қайд этди. Улар 31 июль куни 1/32 финал босқичидан медаллар учун курашни бошлайди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу АҚШ Конгрессидаги нутқида Исроил ҲАМАС билан тўлиқ ғалабагача курашишини айтди ва Ғазодаги урушни Эрон билан курашга қиёслади. Унинг чиқиши Вашингтонда норозилик намойишларини юзага келтирди. У намойиш аъзоларини «Эроннинг фойдали аҳмоқлари» деб атади.
МБ асосий ставкасининг 13,5 фоизга туширилиши пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди — унинг «чекловчи» характери сақланиб қолади, деди МБ раиси. Унинг сўзларига кўра, регуляторнинг асосий мақсади жорий йил охиригача инфляция даражасини 9 фоизга туширишдир.
1 ноябрдан бошлаб жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумуш, 65 граммгача бўлган тилла тайёр заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан, ундан юқори оғирликдагиларини эса декларация асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат этилади.
2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга ошиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу Марказий банкнинг дастлабки прогнозларидан икки баробар кўп. АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва Польшадан тушумлар кескин ошди. Россиянинг улуши пасайишда давом этмоқда.
Июнь ойида Рақобат қўмитаси «Навоийазот»ни ўғитлар нархини ошириб юборганликда айблаб, унинг 20,5 млрд сўм асоссиз даромадини ундиришга қарор қилган эди. Компания айбловга қўшилмади ва қўмита қарори устидан шикоят қилди, бироқ суд даъвони рад этди.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Тимур Кападзе Франциядаги Олимпия шаҳарчасида муаммолар кўплиги ҳақида маълум қилди. «Олимпия шаҳарчасига келганимиздан бери ҳар куни қандайдир воқеалар содир бўлмоқда. Ҳали автобус келмайди, ҳали автобуслар йўлда адашиб қолмоқда», — дейди жамоа мураббийи.
Жо Байден Америка халқига мурожаатида унинг шахсий амбициялари демократия йўлига тўсқинлик қилмаслиги кераклигини айтди. «Мен бу лавозимни қадрлайман. Аммо ватанимни кўпроқ севаман», — деди у сайловдан чиқиш қарорини изоҳлаб. Байден «эстафетани янги авлодга топшириш» зарурлигини айтди.
Миробод туманида руль бошқарувини йўқотган Lacetti бетон устунга бориб урилди. Оқибатда ҳайдовчи ва бир йўловчи вафот этди, яна 3 киши шифохонага ётқизилди.
Коронавирус билан касалланганларни даволашга мўлжалланган «Зангиота-2» шифохонаси ўрнида 500 ўринли Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси ташкил этилади. 1 сентябрга қадар зарур ишлар амалга оширилиб, тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштирилади.
Тошкентдан Чорвоққа қатновчи мавсумий автобуслар қатнови кунига 4 мартагача кўпайтирилди. Йўлкира нархи 20 000 сўм.
Ўзбекистон фуқароси Польшада 15 ёшли украиналик ўсмирларга ҳужум қилгани йўқ, у ўзини ҳимоя қилган, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси. Йигит фирибгарлар унга босқинчилик уюштирганини айтди. Фуқарога нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди.
APEX INSURANCE дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасини Париждаги Олимпия ўйинларида қўллаб-қувватлайди ва Дзюдо федерациясига жамоани тайёрлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиради.
Telegram каналда миссиясини якунлаётган Исроил элчиси ҳақидаги постга изоҳ ёзган эркак ИИБга чақиртирилди. У идора биноси яқинида «ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган ва сўкинган». Бу учун эркак 10 суткага қамалди.
Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз этиб белгилади. Ушбу қарор инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганини инобатга олиб қабул қилинди.
Олимпиада ўйинларининг футбол бўйича гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Испанияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Футболчи Элдор Шомуродов ўйин ҳақида фикр билдириб, жамоа кичик хатолар эвазига ютқазганини айтди. «Гуруҳда ўзимизга тенг рақибларимиз бор. Ҳозирча ҳеч нарса йўқотганимиз йўқ», деди у.
Ургут тумани электр таъминоти корхонаси собиқ муҳандиси тадбиркордан 14 минг доллар сўраб, ундан 7 минг долларини олганликда гумонланмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига қуёш уришидан сақланиш бўйича тавсиялар берди. Агар бу ҳолат кузатилса беморга биринчи тез ёрдам кўрсатиш тартибини тушунтириб ўтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг