Ўзбекистон йил давомида АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳарбий машғулотлар ўтказди. Асосий мавзу учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўлди. Қолаверса, Мудофаа вазирлиги миллий армиянинг шайлигини ошириш учун қуролли тўқнашувлар таҳлили олиб борилаётганини билдирди.
Янги йилда Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга 14% кўпроқ маблағ ажратилади. Қорақалпоғистон ва беш вилоятда давлат тиббий суғуртаси бўйича тажриба лойиҳалари жорий этилади. Тиббиёт ходимлари иш ҳақи ошиши кутилмоқда. Оилавий шифокорларга эса меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш йўлга қўйилади.
Президент фармони билан беш кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун 2025 йил 4 январь (шанба) кунидаги дам 2 январга (пайшанба) кўчирилди. Олти кунлик иш кунидаги ходимлар учун 2 январь қўшимча дам олиш куни бўлади. Шу тариқа биринчи гуруҳ олти, иккинчиси эса кетма-кет беш кун дам олади.
Президентга мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш режалари олиб кирилди. 2025 йилда 100 дан ортиқ мактаб қуриш, малака тоифаси беришда янги тизимга ўтиш, ҳарбий ватанпарварлик дарсликларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат раҳбари таълим сифатини, айниқса, чекка туманларда яхшилашни буюрди.
Тошкент вилоятининг Пискент туманида, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Қирққизобод қишлоғида дайдиб юрган оч бўриларни қидириш ва зарарсизлантириш ишлари бошланди. Жонзотларни ҳайвонот боғига ўтказиш режалаштирилган, деди туман ҳокимлиги.
17 декабрда Фарғонадаги АЁҚШда портлаш бўлди. Ҳодиса оқибатида расман 4 киши вафот этган. «Газета.uz» мухбирлари 20 декабрь куни Фарғонада бўлиб қайтди, аммо сафар қарийб бесамар ўтди: ҳодиса ҳақида деярли ҳеч ким гапиришни истамади, гапирганлар эса кейинроқ интервьюси чиқарилмаслигини сўради.
ЎзЛиДеП депутати Нуриддин Султонов Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига Тошкент шаҳрида электромобилларни қувватлаш станциялари фаолияти тўхтатилиши сабаблари ва уларни демонтаж қилиш талабига ойдинлик киритишни сўраб депутатлик сўрови юборди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари саккизта вазирлик ва идоранинг бўлим раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ва жазолаш ҳуқуқига эга бўлади. 15 та туманда «Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» ҳуқуқий эксперименти ўтказилади.
UZTELECOM 200 минг сўм эвазига «Hammasi Birga 3+Mobile» тарифини тақдим этмоқда.
Тошкентда «Миллий спорт мукофоти-2024» тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда йилнинг энг яхши спортчилари номига Диёра Келдиёрова ва Ҳасанбой Дўсматов лойиқ кўрилди. Энг яхши параспортчилар Нурхон Қурбонова ва Хусниддин Норбеков бўлди. «Газета.uz» тақдирлаш маросимидан репортаж тайёрлади.
Ўзбекистонда электр, газ ва сув ҳисоблагичларини текшириш бўйича давлат хизматлари проактив форматга ўтказилмоқда. Яъни улар фуқароларнинг мурожаатларисиз текширилади. Яна олтита хизмат композит форматда тақдим этилади.
«Навоий кон-металлургия комбинати» бош директори Қувондиқ Санақулов Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Ўзбекистонда ҳокимликлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Вилоятлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг янги намунавий тузилмаси тасдиқланмоқда.
Татаристонда ишчиларнинг вақтинчалик яшаш уйи ёниб кетди. У ердан 6 эркакнинг жасади топилди, уларнинг 5 нафари ўзбекистонлик. Қозондаги Бош консулхона дипломатларни воқеа жойига жўнатди ва вазиятни назоратга олди.
Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида жойлашган майдонларни ижарага бериш учун тегишли лотларни аукционга жойлаштирди. Тез кунларда пойтахт аэропортининг маҳаллий авиақатновлар терминалида китоб дўкони ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Адлия вазирлигида «Адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисида»ги низом рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари томонидан статистик маълумотлар ҳар бир ҳисобот даври учун тақдим этилади.
ФВВ ходимлари Бўстонлиқдаги тоғда адашиб қолган 5 кишини қутқарди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ўзбекистондаги илк тўлақонли онлайн мактаб — Leader Online қандай ишлайди? Унга кимлар «қатнайди»? Мактаб ўз фаолияти давомида қандай ютуқларга эришди? Мамлакатда онлайн таълимнинг ривожига нималар халал бермоқда? «Газета.uz» шу ҳақда Феруза Ваҳобова бошлиқ мактаб жамоаси билан суҳбатлашди.
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 83 ёшда вафот этди. У «Масхарабоз», «Севгинатор», «Сеҳрли қалпоқча» каби фильмлар ва кўплаб спектаклларда роль ўйнаган.
Шавкат Мирзиёев 25−26 декабрь кунлари МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Йиғилишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг