Булунғур туманида йўл ёқасига экилган, қарийб 50−55 йиллик 9 туп қайрағоч кесиб ташланди. Ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 744,6 млн сўм зарар етган.
Қонунчилик палатаси депутатлари давлат байроғидан фойдаланиш бўйича қўшимчалар киритилган қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Унда байроқни хонадонларга осиб қўйиш, кийим-кечакларга ёпиштириш, оилавий ва бошқа тадбирларда ишлатиш мумкинлиги белгиланган.
2023 йилнинг дастлабки 5 ойида 1,6 млн нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга чиқди. Статистика агентлиги фуқаролар асосан қариндошларини йўқлаш ва дам олиш мақсадида сафарга чиқаётганини маълум қилди.
Зангиота туманида 14 ёшли қиз 9 метрлик қудуққа тушиб кетди. У ФВВ қутқарувчилари томонидан олиб чиқилди ва шифохонага ётқизилди.
АҚШ Россияга қарши санкциялар доирасида Алишер Усмоновни «қора рўйхат»га киритди. Шунингдек, рўйхатга тадбиркор Геннадий Тимченко, Давлат думаси депутати Сулаймон Керимов ва бошқа бир қатор йирик тадбиркорлар ҳам киритилган.
Мусулмонлар идораси Қурбон ҳайити намози вақтларини эълон қилди. Ҳайит намози Тошкент шаҳрида соат 05:15 да, бошқа ҳудудларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
Пахтаобод туманида 2 кишини чақмоқ уриб, 17 ёшли йигит вафот этди. Воқеа жойида бўлган аёлнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳодиса вақтида у қизи ва марҳум билан далада чопиқ қилаётган бўлган. 15 ёшли қиз шифохонага ётқизилган ва аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.
Фарғона вилоятида С ва D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 1 200 АҚШ долларини олган шахс қўлга олинди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери 9000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, 16 000 га яқин киши жароҳатланди. БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган жойлардан маълумот йиғиш қийинлиги сабабли ҳақиқий рақамлар анча юқори бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг 11 та вилоятидаги 47 та «шароити оғир» бўлган туманда тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Солиқ имтиёзларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини депутатлар концептуал жиҳатдан қабул қилди.
Фарғона вилоятида мушукни ёқиб юборган уч эркакнинг ҳар бири БҲМнинг 3 баравари миқдорида жаримага тортилди. Ҳолатда жиноят ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқилиши учун асос бўлсада, ундай бўлмади. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳаракати прокуратурадан жазони қайта кўриб чиқишни сўради.
Давлат активлари агентлиги «Ўрта Осиё Транс» корхонасидаги 51 фоиз давлат улушини Hyper Partners МЧЖга 65 млрд сўмга сотиш бўйича келишувга эришди. Савдо доирасида Hyper Partners ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири санкциялар рўйхатига киритилмагани тўғрисида хулоса тақдим этилган.
Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш 28 июндан бошланиб 5 июлда якунланади. Муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади.
20 июндан абитуриентларни бакалавриат босқичига my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн рўйхатга олиш бошланди. Жараён 20 июлга қадар давом этади.
Ўзбекистондаги мактабларда депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш мақсадида ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари йўлга қўйилади. Шунингдек, психиатрия, тиббий психология ва наркология клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат грант асосида амалга оширилади.
20 июнь куни мактабларда болаларни биринчи синфга қабул қилиш жараёни бошланди. Янги ўқув йилида 730 мингдан ортиқ биринчи синф ўқувчилари мактабга боради.
Тижорат банклари 20 июнь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 420−11 475 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 500−11 535 сўм.
2019 йилда ташкил этилган Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Руҳий саломатлик марказига айлантирилади. Шунингдек, поликлиникаларда тиббий психолог, суицидолог каби штатлар жорий этилади.
Бекобод шаҳри экология бўлими бошлиғи, инспектор хизмат вазифасини бажараётган вақтида ўзаро келишмовчилик ортидан пичоқланди. Инспектор жонлантириш бўлимида қолмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Сешанба куни таъмирлаш ишлари сабабли пойтахтнинг 7 та туманидаги айрим ҳудудларда электр таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг