Ерусти метросининг янги 5 та бекати очилгани, ҳарорат +37 даражагача кўтарилиши, дарахтларга озор бермасликка чақирган экоблогер, Бухорода қуриладиган 2 та шамол электр станцияси, Ўзбекистонда Renault машиналарини яна қайта ишлаб чиқариш режаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Хитойнинг Франциядаги элчисининг Собиқ Иттифоқ давлатлари суверенитетига шубҳа билан қараган баёноти дипломатик можарога сабаб бўлди. Қатор Европа давлатлари бунга муносабат билдирди, Хитой эса СССР таркибидан чиққан барча давлатлар мустақиллигини ҳурмат қилишига ишонтиришга тўғри келди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпромнефть» билан 2023 йилда 300 минг тонна нефть импорти бўйича келишувга эришди.
Шеробод туманида эркак шаръий никоҳдаги аёлини маст ҳолида фарзандининг кўз ўнгида калтаклаб, бўғиб ўлдирган. Унга 16 йил қамоқ жазоси берилди. Эркак аввал ҳам қасддан оғир жиноятлар содир этгани сабабли хавфли рецидивист деб топилди.
«АвтоВАЗ» президенти Максим Соколов компания янги авлод Lada Vesta автомобилларини йиғишни тиклаш ва Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш режаларини кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Тошкентга йўли тушиб, Мустақиллик майдони, Амир Темур хиёбонини кўрмоқчи бўлганлар Сайилгоҳ кўчасига ҳам йўл солиши тайин. Айнан шу ерда пойтахт ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган — рассомлар фаолият юритиб келмоқда. «Газета.uz» бир умрлик хотираларни туҳфа қилувчилар ҳақида ҳикоя қилади.
Франциянинг Renault русумли автомобилларини Ўзбекистонда йиғиш Россия ва бошқа давлатлардан етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар туфайли тўхтатилди, деди Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбаев. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда «узилган таъминот занжирларини тиклаш» муҳокама қилинмоқда.
Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва бизнес субъектлари учун санкциялар бўйича ўқув семинарлари ўтказишни режалаштирмоқда. Бундан санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш мақсад қилинган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари ва собиқ бош вазир Карим Масимов давлатга хиёнат ва ҳокимиятни мажбуран тортиб олишда айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Президент қарори билан Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Марказ ишлаб чиққан ва тасдиқлаган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талаблар боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ҳамда ўқув курслари учун мажбурий бўлади.
Якшанба куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг қасамёд келтириш маросимлари бўлиб ўтди. Фото.
Ерусти ҳалқа метро йўлининг «Қўйлиқ» бекатидан «Қурувчилар» бекатигача бўлган 5 та янги станцияда йўловчи ташувлари бошланди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат кўтарилиши давом этади. Ҳаво кундузи +33 даражагача, чўл ҳудудларда ва жанубда +37 даражагача исийди.
Қозоғистон қонунчилигига тўрт кунлик иш ҳафтаси тушунчаси киритилди. Энди иш берувчи ва ходим беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасига алмаштириш ҳуқуқи билан тўрт кунлик иш ҳафтаси тўғрисида келишиб олиши мумкин.
Осиё тараққиёт банки ва Саудиянинг ACWA Power компанияси Бухоро вилоятидаги Бош ва Жонкелди шамол электр станцияларини ривожлантириш учун 174 млн долларлик кредитларни имзолади.
Экоблогер «O‘rikguli» дарахтларга озор бермасликка чорловчи плакатлар суратини тармоқларга жойлади. У «Газета.uz» билан суҳбатда бундан мақсад кўчаларга ҳадеб арча эмас, ҳудудга мос келадиган дарахтларни экиш, уларнинг остини бетонламасдан, тагида ҳам жон борлигини тушунтириш экани ҳақида гапирди.
Депутатлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Бахтиёр Саидов номзодини маъқуллади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан у ушбу лавозимга тасдиқланди. 2022 йил охирида Бахтиёр Саидов ТИВ в.б. этиб тайинланганди.
Тижорат банклари 25 апрель куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 370 — 11 410 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 425 — 11 480 сўм.
Китоб туманидаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида газ портлади. Оқибатда уйнинг дераза ва эшик ромларига зарар етди. Бир нафар фуқаро енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.
Татаристон раиси Рустам Минниханов Жиззахда кимё-саноат технопарки қурилиши стартида иштирок этди. Ўтган йили Чирчиқ шаҳрида қўшма технопарк фойдаланишга топширилганди. Татаристон раҳбарини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг