Парижда йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашган Шавкат Мирзиёев, мақсадсиз сарфланган 705 млрд сўм бюджет маблағлари, ис газидан ўлган 17 ёшли қашқадарёлик қиз, Германиядан Самарқандга чартер рейслар, Япония ордени билан тақдирланган Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
«Ўзмиллийбанк» АЖ ва Франциянинг Societe Generale банки 50 млн евролик келишувга эришди. Шартнома икки банк ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.
Франция президенти Эммануэль Макрон Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевни кутиб олди.
C гуруҳидан жой олган Аргентина — Саудия Арабистони баҳси кутилмаган 1:2 ҳисоби билан якунланди. 1-таймда Месси пенальти зарбасини муваффақиятли амалга оширган бўлса, 2-таймда Эрве Ренар шогирдлари нафақат ҳисобни тенглаштиришди, балки олдинга ҳам чиқиб олишди.
Каттақўрғон туманида Lada Granta, Cobalt, Damas, Lacetti ва Tico иштирокида авария содир бўлди. Оқибатда Damas ҳайдовчиси шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этди.
Қарши шаҳрида ижарада яшовчи қиз ҳаммомда ис газининг кўпайиб кетиши оқибатида заҳарланиб, вафот этди. Шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади. 17 ёшли қиз ноябрда ис гази сабаб вафот этганларнинг олтинчиси бўлди.
Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси биринчи пуллик автотураргоҳларни жойлаштириш бўйича режаларини эълон қилди. 10 та марказий кўчада 57 та паркомат ўрнатган ҳолда 2251 та тўхташ жойи ташкил этилади. Шунингдек, 2 та эвакуатор ва 2 та қоидаларни назорат қилувчи электрон тизим (паркон) харид қилинади.
Қўйи палатанинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистонда қарийб 705 млрд сўмлик бюджет маблағлари мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди. Молия вазири Тимур Ишметов бунга жавобан бюджет тақсимотини тўғри амалга оширишда барча вазирликлар жавобгар эканини айтиб, уларни масъулиятли фаолият олиб боришга чақирди.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Япония императоридан «Чиқаётган қуёш катта кордон» орденини қабул қилиб олди. Япониянинг энг қадимий ордени икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшилган кўп йиллик хизматлар учун берилди.
UZDIGITAL TV Setanta 1 вa Setanta 2 телеканалларини эфирга узатиш ҳуқуқига эга бўлди. Энди спорт мухлислари йирик футбол лигалари ва бошқа мусобақаларни HD сифатида томоша қилишлари мумкин.
Тошкент шаҳридаги хусусий мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчининг қўлини қайириб, қулоғидан тортди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди. ХТВ матбуот котиби болаларни ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда калтаклаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Президент Парижда «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF» каби йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашди. У франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар воситасида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Тошкент кўчаларини салкам 140 мингта чироқ ёритади, бир ойда 29,5 млн кВт соат ёки 13 млрд 279 млн сўмлик электр энергияси сарфланади. Тунги вақтларда чироқларни ўчириб қўйиш орқали 25% электр энергияси тежалмоқда, дея қайд этди «Тошшаҳарнур» ДУК. Бу 4400 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.
Ўтган 9 ой давомида 704,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди. Хусусан, халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўмга яқин қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. «Бундай ҳолатлар йилдан-йилга ошиб бормоқда», — дейилади қуйи палата хабарида.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида маст эркак шаръий никоҳида бўлган хотинини «нега мени ҳақорат қиласан», дея калтаклади. Оқибатда аёл олган тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этди.
Урганч халқаро аэропорти қуюқ туман ва кўриш масофаси 300 метрдан кам бўлганлиги сабабли 3 та авиарейсни қабул қила олмади. Москва — Урганч йўловчи рейслари Навоий ва Бухородаги муқобил аэропортларга йўналтирилди.
Наманган вилоятида Malibu ва ВАЗ 2101 машиналари тўқнашди. Оқибатда ВАЗ 2101 ҳайдовчиси шифохонада вафот этди.
Индонезиянинг Ява оролида бўлган 5,6 магнитудали зилзила сабаб Cианжур шаҳрида 162 киши ҳалок бўлди, 300 нафардан ортиқ одам жароҳатланди. Уйлари зарар кўрган 13 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Бино ва мактаблар вайрон бўлди. Қутқарувчилар ҳозир вайроналар остида қолиб кетганларни қидирмоқда.
Тармоқларда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги маҳалла раиси қиморхона очгани айтилган хабар тарқалди. Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси раис ваколати муддатидан олдин тугатилганини маълум қилди.
22 ноябрь куни банкларда доллар 11 260 сўмдан сотилмоқда, сотиб олиш курси эса 11 240 — 11 175 сўм оралиғида.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг